Соғлом турмуш тарзига эга бўлиш учун табиатни асраш, табиий ресурсларни оқилона бошқариш, улардан тежамкорлик билан фойдаланиш зарур.
Чунки, бугунги кунда Ер шаридаги кўплаб экотизимлар захираси деярли тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган даражага юз тутган, боз устига аҳоли сони ўсиб бораётган, иқтисодий тараққиётга эҳтиёж кун сайин ортаётган бир вазиятда атроф-муҳитни сақлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланди.

Экологик муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳамкорлик асосий роль ўйнайди ва бундай ўзаро ҳамкорликнинг энг муҳим механизмларидан бири (COP) Томонлар конференциясидир.
Қайд этиш лозимки, (COP) — Томонлар конференцияси халқаро конвенциянинг энг юқори бошқарув органи ҳисобланади. Бу иштирокчи давлатлар ва аккредитациядан ўтган кузатувчиларнинг шартномага асосланган йиғилиши бўлиб, унинг мақсади Конвенция ижросини кўриб чиқиш ва битимнинг самарали бажарилишига ёрдам берадиган қарорлар қабул қилишдир.

COP қайси экологик конвенцияларни қамраб олади?
COP бир нечта асосий халқаро экологик конвенциялар доирасида ишлайди. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (UNFCCC) — глобал иқлим ўзгаришига қарши курашишга қаратилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) — ер деградациясининг олдини олади ва барқарор ривожланишга ёрдам беради.

Шунингдек, Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция (CBD) — экотизимларни, турларни ва генетик хилма-хилликни ҳимоя қилади. Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMS) — кўчиб юрувчи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш жойларини муҳофаза қилишга қаратилган. Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES) — ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларнинг савдосини назорат қилади. Сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойи сифатида халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ерлар тўғрисидаги конвенция (Рамсар конвенцияси) — сувли-ботқоқли экотизимларни сақлашни таъминлайди.
Ўзбекистоннинг халқаро COP'даги иштироки
2024 йилда Ўзбекистон Ар-Риёддаги COP16 — БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясининг 16-сессияси, Бокудаги COP29 — БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясининг 29-сессияси ҳамда Калидаги CBD COP16 — Биологик хилма-хиллик бўйича конвенциянинг 16-йиғилиши каби йирик халқаро экологик тадбирларда фаол иштирок этди. Ушбу тадбирлар Ўзбекистоннинг глобал экологик муаммоларни ҳал этишдаги роли ортиб бораётгани ҳамда барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликка содиқлигини билдиради.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг 24 ноябридан 5 декабрига қадар Ўзбекистонда CITES COP20 — йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши бўлиб ўтади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 19.02.2025
- Кўришлар: 346
- Чоп этиш