Атроф-муҳитни асраш, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарур

Экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли учун қулай муҳит яратиш долзарб масалалардан ҳисобланади. Чунки, глобал иқлим ўзгариши, чўлланиш даражасининг ортиб бораётгани шуни тақозо қилмоқда.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди: 

– Айтиб ўтиш керакки, кейинги пайтда экологик масалаларга бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда. Халқимизда янгича тафаккур, дунёқараш шаклланиб, экологик маданияти юксалмоқда. Ҳар бир инсонда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳисси ортмоқда.

Экологик барқарорликнинг муҳим омили сифатида  ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахтларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш, уларни сақлаб қолиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. 

Президентимизнинг тегишли фармони билан ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига қарши муддатсиз даврга мораторий эълон қилинди. Шу билан бирга, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион кўчат экиш йўлга қўйилди.  

Умуман, экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида мукаммал тизим шаклланди. Ўтган давр мобайнида ушбу соҳада 30 дан ортиқ қонун, 300 га яқин бошқа меъёрий - ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Ижро ҳокимияти тизимидаги фаолиятни Экология, атроф -муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда унинг ҳудудлардаги тизимлари амалга оширмоқда. Бундан ташқари, бу борада давлат назоратини амалга оширувчи бир неча вазирлик, қўмита ва ташкилот фаолият юритмоқда.

Йирик корхоналарда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат фаолиятининг атроф - муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсири учун масъул бўлган экология бўлимлари ва мутахассислар хизмат қилмоқда. 

Республикадаги 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида экология, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар тузилган. Мамлакатимиз ҳудудларида 100 дан ортиқ экологик нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.

Экологик хавфсизликни таъминлашнинг ўсиб бораётган талабларига жавоб берадиган, атроф - муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишни бошқариш тизими қайта ташкил этилди. Олий таълим муассасалари, вазирлик ва идораларнинг ўқув марказларида эколог кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими такомиллаштирилди.

Атроф - муҳитни муҳофаза қилишда жамоатчилик иштироки фаоллашди. Ўзбекистон Экологик партияси, парламент қўйи палатасида унинг фракция ва маҳаллий вакиллик органларида депутатлик гуруҳлари, маҳаллий кенгашларда доимий комиссиялари фаолият юритмоқда.  

Ўзбекистон экологик ҳаракати самарали фаолият олиб бормоқда. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизими йўлга қўйилган.

Жаҳон ҳамжамияти томонидан энг ўткир глобал экологик муаммолардан бири сифатида тан олинган Орол фалокати оқибатларини юмшатиш бўйича инновацион ёндашувлар амалга оширилмоқда.

Орол денгизининг қуриган тубини ўрмонлаштириш, Оролбўйи аҳолиси учун қулай яшаш шароити яратишни қамраб олган ишларда минглаб давлат органлари ходимлари самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, айни пайтда атроф - муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 15 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилади. Бу борада  жамоатчилик экологик назоратини ташкил этишни 500 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари вакиллари ва ёшлардан иборат кўнгиллилар амалга оширмоқда. Умуман олганда, бу соҳага 300 мингга яқин мутахассис, олим ва жамоатчилик вакиллари жалб этилган.

Айнан шундай кишиларнинг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. 2025 йил 19 мартда кучга кирган мазкур қонун билан “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида”ги қонунларга  ўзгартиришлар киритилди. 

Қонун билан таъсис этилган унвон мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, табиатни асраб - авайлаш, биохилма - хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасида салмоқли натижаларга эришган фуқароларга берилади. 

Шунингдек, экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган, шу билан бирга, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлодни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда тизимда юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида фидокорона меҳнат қилаётган ходимлар, соҳа вакиллари, шунингдек, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини олиб бораётган экофаоллар ҳам бу  унвон билан тақдирланиши мумкин. 

Қонун экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантиришга ҳуқуқий асос бўлди. Бундан ташқари, қонун атроф - муҳитни муҳофаза қилиш борасида турли соҳа вакилларининг фаоллигини оширишга, жамоатчилик экологик назоратини кучайтириш ва унинг таъсирчанлиги ортишига хизмат қилади.

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech