Элитар поэзиямизнинг анъанавий “саси” сезилиб турадиган бундай баландпарвоз сўзлар бугун нормал ўқувчини бездирганини яхши тушунаман. Аммо мени муаммо сўзларда эмас, уларни истифода этишда деган ишонч доимо умидлантириб туради. Ва, албатта, мақола давомида икки “ялтироқ” сўз — “инқилоб” (айниқса, бу атама бўйича чуқурроқ фикр билдирмоқчиман) ва “ғурур” истилоҳларига нисбатан даъволаримни асослашга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, айни жараённинг ўзи матнга қўйилган адабий тавсиф мақомини ҳам оқлайди.

I

Чили-франциялик машҳур драматург ва рассом Алехандро Ходоровски “Қафасда туғилган қушлар парвоз қилишни касаллик бўлса керак деб ўйлашади” деган эди.

Ўз даврида Пикассони ҳам мутаассир қилган айни афоризмни қарамлик ва озодлик, жўн айтганда, қуллик зеҳниятининг сўз орқали чизилган мукаммал тасвири дейиш мумкин. Мен жуда кўп мақолаларимда тафаккур озодлиги ҳақида гапирганман. Ва бугун шуни анг­лаб етаётирманки, бу иш билан нафақат бир-икки одам, балки олимлар, зиёлиларнинг катта армияси шуғулланиши шарт ва зарур экан. Негаки жамиятнинг ўзгариши одамлар ­дунёқараши билан бевосита боғлиқ. Айни мулоҳазани Президентимиз жуда кўп ва таъсирли тарзда ифода этгани ҳам бежиз эмас. Жумладан, давлатимиз раҳбари “Бугунги Ўзбекис­тон — кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, дер экан бевосита одамларимиз онги тезроқ ўзгаришига ишора қилади. Ҳақиқат шундаки, бир асрдан ортиқ давр мобайнида тафаккурларимизга сингдирилган қарамлик таъсиридан чиқиб кетишимиз оғир кечаётир. Нафақат иқтисодиёт ва сиёсатда, балки кундалик турмушимиз, маданияту юриш-туришимизда ҳам кечаги кун “анъана”лари сезилиб туради. Ва бу жараёнлар бизнинг “ўзимиз”дан анча нари кетиб қолганимизни англатади.

Мен яқинда юртимизда тадқиқот олиб борган хорижлик бир антрополог олимнинг мақоласи билан танишдим. У кўтарган мавзусида нега ўзбек жамиятида одамлар кўпроқ бир хил тусдаги, масалан, оқ ва қора рангдаги уст-бош кийишни урф қилишгани ҳақида мулоҳаза юритади ва ўз фикрини, бу коммунистик мафкуранинг “маиший-маданий сиёсати” билан боғлиқ бўлиши мумкин дея хулосалайди.

Дарҳақиқат, мустамлакачилик яратган “миллий менталитет” нафақат анъ­ана, балки “ким”лик коди” даражасига дўниб қолганини биз кўп ҳам пайқамаймиз. Оддий одамлар у ёқда турсин, академик доираларимизда ҳам бу мавзулар бугун жиддий муҳокама қилинаётганига шубҳа билан қарайман. Шунчаки мисол, айни дамда минтақамиз жамиятларида, дейлик, палов ўзбек ва тожикларнинг, бешбармоқ қозоқ ва қирғизларнинг миллий таоми дейилиши мутлақо ҳақиқат саналади. Ҳолбуки, социал маданиятимиздаги бундай “тартиб” аслида сунъий равишда сингдирилган бўлиши ҳам мумкинлиги ҳақида кам шубҳага борамиз ёки бу борада тушунчаларнинг умуман йўқлиги боис, конформизмга юз бурамиз.

“Совет даврида нафақат ошхона гео­графияси, миллий уст-бошимиз ҳам марказдан “лойиҳалаштирилган” дей­ди келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган АҚШлик тадқиқотчи Эрика Марат. Унингча, “...ҳар бир республикага номини берган этник гуруҳга стандартлаштирилган “анъанавий” таомлар ва кийиниш турларининг муайян тўплами тепадан белгилаб берилган. Ки­йим-кечакнинг турлича ҳаёт тарзи, иқлим шароитлари, ижтимоий мавқе ва вазифаларга мослаштирилган мураккаб кўриниш­лари ҳар бир совет ­республикаси учун битта стандарт либосгача соддалаштирилган”. Ушбу қараш нафақат ижтимоий-сиёсий, индустриал соҳалар, жумладан, қурилиш ва архитектурада ҳам ўз тажаллисини топган. Биргина ўтган асрнинг 40-70-йилларида Тошкентда амалга оширилган меъморчилик нафақат қурувчилик, балки сиёсат даражасидаги масалага айланганини зукко одамлар яхши билишади (Шу ерда айтиб кетай, бугун мен айнан бунёдкорлик ва давлат сиёсати, ҳукмрон мафкуралар ва оддий одамларнинг турмуш тарзи борасида кенгроқ гапиришни мақсад қилганман).

Тўғри, бугунгача “совет модернизми” сифатида талқин этиладиган ­“Чорсу” бозори, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, “Халқлар дўстлиги” саройи каби иншоотлар ўз даврининг беназир лойиҳалари эди. Аммо бу ансамблларни қуришда модернис­тик архитектурага маҳаллий идентлик сифатлари сингдирилиши ҳам сафарбарлик самимиятини шубҳадан холи қила олмади. Чунки ушбу бунёдкорлик “томирлари” илҳомни коммунис­тик мафкура сарчашмасидан олаётганди. Унга кўра, Тошкент советларнинг бутун Шарқдаги “витрина”си, қолаверса, социализмнинг мусулмон ўлкасидаги ғалабасини акс эттириши лозим эди (ушбу иддаолар меъморлар ҳисоботларида урғулангани архив ҳужжатларида муҳрланган).

Ўзи, умуман, тарихни кузатсангиз, бун­ёдкорлик сифатида талқин этиладиган жараёнлар аксарият ҳолларда ижтимоий-гуманитар ҳодисадан кўра, кўпроқ ҳокимиятнинг “сиё­сий тили” вазифасини ўташга сафарбар қилинганига гувоҳ бўлишингиз мумкин (бу масалада ҳалироқ жаҳон тарихи ва қолаверса, ўзимизнинг яқин ўтмишдан ҳам мисоллар келтираман).

Ўрни келганда ўша давр қурилиш­лари ҳақида яна бир мулоҳазани айтмоқчиман. Ушбу масалада эски замонни қўмсовчилар бир фикрни илгари суришни яхши кўради: яъни собиқ тузум бизда урбанизация маданиятини пайдо қилди, кўп­лаб шаҳарлар қурди...

Очиғи, бу фикр билан оёқ тираб тортишмоқчи эмасман. Ҳақиқатан, ўтган асрнинг 30-80-йиллари давомида юртимизда ўнлаб янги шаҳарлар пайдо бўлди. Буни инкор қилиб бўлмайди. Аммо шу ерда, гарчи бундан мақсад “инсонларнинг бахту саодати” бўлмаса, унда муддао нима эди деган ҳақли саволга ҳам жавоб бериб кетиш керак. Масалан, Навоий, Олмалиқ, Ангрен, Учқудуқ, Зарафшон, Гулистон ва яна шундай ўнлаб мас­канларнинг бунёд этилишини бугун қандай шарҳласак тўғри бўлади?! Гапни чўзмай дарров айтаман, бу кентларнинг барчаси ўз характерига кўра моношаҳар (иқтисодий жиҳатдан бир асосий корхона ёки тармоққа таянган)лар эди. Яъни ­бунёдкорликдан мақсад ҳеч қачон инсон бўлмаган. Балки ер ости ва усти бойлик­ларини инструментлаштириш режасининг бир қисми бўлган. Албатта, бундан ҳафсала пир бўлмаслиги керак. Чунки метрополиялар қадарига ўз периферияларини обод қилиш ва ёки маҳаллий аҳолининг пешонасини “ярқиратиш” ёзилган фаришталар деб ўйласак, хато қилган бўламиз. Биз мансуб “колониализм” эса инсоният тарихидаги бошқа турдошларига нисбатан “ахлоқий норасолиги” билан ҳам ажралиб турган. У инсондан кўра ғоя­ни афзал биладиган, ўз ғалабаси ва манфаати йўлида халқлардан восита сифатида фойдаланишдан-да тортинмайдиган глобал дунёдаги сиёсий субмаданият ўлароқ таассурот қолдиради бугун.

Шундай тузум ҳамда сиёсат, жонли бир ҳаётни кўрган одам энди “Инсон ­қадри учун” деган ғоя нима сабаб кун тартибига чиққанини ҳамда унинг аҳамиятини жуда яхши тушунади.

II

Юқорида Ходоровскидан келтирилган иқтибос бежиз эмас. Зотан, боя айтганимдек, бугун бизда постколониализм-мус­тамлакавий ҳукмронлик “оқибатлари” ва деколониа­лизм-мустамлакачилик мероси, тафаккури, ҳукмронлик кўринишларини танқидий қайта кўриб чиқиш борасида амалий қадамлар сезилаётгани йўқ, десам, нотўғри гапирмаган бўламан.

Шу ўринда бир мулоҳазани баён этмоқчиман. Реал маънавий аҳволимиз “манзара”ларини бизда фандан кўра адабиёт ва санъат жабҳаси эртароқ, ўша “ошкоралик” замонларидан-да олдинроқ англаган ва уни поэтик услубда кўрсатишга ҳаракат қилган эди. Мисол учун, ўтган асрнинг 80-йилларида замонасининг машҳур режиссёри Марк Вайль “Ильхом” театрида Евгений Шварцнинг “Аждарҳо” эртагини саҳналаштирганди. Ушбу мажозга қурилган асарда шаҳар одамлари ўзлари қули бўлган кекса аждарҳони ўлдиргани ­келган баҳодирга қарши чиқади. Сабаб: улар бандиликка кўникиб қолишганида эди... Албатта, аллегориялар ўз-ўзидан туғилмайди. Ва Вайль ҳам турғунлик йилларида бу асарга бекорга мурожаат қилмаганди. Бироқ ҳозир гап адабиёт ёки санъат жанр­лари ва яна метаморфозалар драматизми ҳақида эмас, масала орадан деярли қирқ йил ўтаётган бўлса-да, биз учун мудом айни мавзунинг эскирмай қолаётганида.

Аммо қизиқ парадокс шундаки, биз шу ҳолимизча ҳам демократиянинг юксак андозаларини талаб этиб хархаша қиламиз, баъзан. Қозоғистонлик жуда машҳур сиёсатчи бир замонлар киноя билан “Америкадагидек демократияни жорий қилишни истардик, лекин Қозоғистонда шунча америкаликни қаердан топамиз?” деганида катта эҳтимол билан шуни назарда тутган бўлса, ажабмас...

Шу мулоҳазалардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугун бизнинг олдимизга қўйиладиган энг катта ва фойдали савол “биз демократия­­га тайёрмизми, йўқми?”дан кўра, кўпроқ “биз деколониализмни қандай тушунамиз?” бўлиши керакдек ­таассурот уйғотади одамда.

Айни маънода, матнда фойдаланилган икки аллегория восита ўлароқ мақсадни тўлиқ оқлайди. Таассуф шу ердаки, нафақат олим ёки мутахассис, балки қизиқувчан оддий инсон ҳам бугун жамиятимиз “томири”ни ушлаб, айни “ташхис” аломатларини сезиши мумкин. Ҳа, кўпчилигимиз мансуб анъанавий тафаккур Шварц эртагидаги шаҳар аҳолисининг аждарҳога муҳаббатини фавқулодда эслатиб юбориши билан одамдаги хавотирни кучайтиради, баъзан.

Мен бугунги кунларимизда ҳам ўтган замонларни соғинадиган, ҳозирги янгиланишлар ва ўзгаришларга кек билан қарайдиган, гугуртнинг бир тийин бўлганини мифлаштирадиган, эрк ва озодлик тўғрисида сўзловчиларга “касал”га қарагандай муносабат қиладиган жуда кўп одамларни биламан. Нафақат оддий кишилар, балки амалдор ва зиёлилар орасида ҳам тарихнинг ортга “эврилишини” пинҳона қўмсайдиган юртдошларимиз ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ топилиши мумкин. Ва бу, ҳеч шубҳасиз, ўзгариши жуда қийин кечаётган тафаккур тарзимиз билан бевосита боғлиқдир.

 III

Ёзаётган мақоламга “инқилоб” ва “ғурур” тушунчаларини асосий ғоявий таянч сифатида танлаганим бежиз эмас. Зотан, Шавкат Миромонович бугунгача амалга оширган тарихий янгиланишлар моҳияти етарлича очиб берилгани йўқ. Айниқса, бу ҳаракатлардан мақсад жамият тафаккурини ўзгартириш, янги инсон ва чин маънодаги суверен мамлакатни бунёд этишга қаратилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу янада яққолроқ кўзга ташланади.

Сабаб? Сабаб шуки, анъанавий ташвиқот воситаларимиз — расмий газеталар, теле ва радиоканаллар эскича, одамларни бездирадиган форматлардан ҳали оёғини олгани йўқ.

Давлат раҳбари “миллий контент” яратиш кераклиги ҳақида гапирганига бир неча йил бўлди. Хўш, бу амалга ошдими? Тўғри, глобал тармоқ ўзбек сегментида бугун бир қанча ахборот манбалари кўзга ташлана бошлади. Аммо биз “жиддий” деб қарайдиган кўпгина интернет нашрлари ҳам ҳозирча фаолият кўламини Россия — Украина, АҚШ — Исроил — Эрон ёки дунёдаги бошқа геосиёсий масалалар атрофида шакллантиришга ҳаракат қилишаётир. Тўғри, бу ҳам муҳимдир. Аммо мамлакатимизда, Ватанда бўлаётган янгиланишлар ва ўзгаришларни ким ­шарҳлайди, одамларга, жамиятимизга ким тушунтириб, етказиб беради?!

Баъзан шундай бўладики, Ўзбекистонда бўлаётган фундаментал ўзгаришлар моҳиятини бизнинг матбуотдан кўра четдаги медиаплатформалар таъсирчанроқ ёритмоқдами деган гумонга ҳам борасан киши.

 

Яқинда шундай нашрлардан бирида Қирғизистоннинг биринчи президенти иттифоқ йиқилиб, минтақа давлатлари мус­тақилликни қўлга киритган илк йиллар ҳақидаги ўз фикрини бўлишди. “...Ростини айтсам, 90-йилларда, президент бўлганимда, менда бир шубҳа бор эди: қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб кета оладими, ўзбеклар билан рақобатлаша оламизми деб кўп ўйланардим. Чунки менинг назаримда, бозор иқтисодиётига ўтишимиз билан ўзбек биродарлар бутун Марказий Осиёни эгаллаб, бошқарадигандек эди. Сабаби, улар совет ­давридаёқ бунга тайёр бўлган. Аммо барчамиз ­
Ислом Каримовдан миннатдор бўлишимиз керак. У киши ўзбекларни дунёдан ажратиб қўйди. Шу билан қирғиз ва қозоқларга имконият яратиб берди. Шунинг учун Қирғизис­тонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим. У бизга йўл очиб бергани учун қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб олди. Агар рақобат бўлиб, Ислом Каримов Ўзбекистонни очиб қўйганда эди, мана, ҳозир Мирзиёев каби дунёга очилганда эди, биз улар билан рақобатлаша олмас эдик”.

 

Албатта, Акаевнинг ушбу фикрлари билан юз фоиз келишиб бўлмас, бироқ масалага холис қарасак, у ўша йиллардаги вазиятни ўзи кўрган, иштирокчиси бўлган инсон сифатида баҳолаган. Қолаверса, у ўз хотиралари билан бугун қўшни Ўзбекистонда бўлаётган инқилобий ўзгаришларнинг қийматини аниқ қилиб кўрсатиб берган.

Ҳақиқат шундай нарсаки, баъзан у одамни тўғри гапни айтишга ундайди. Ўзбекис­тонни танқид қиладиганлар кўп ҳолларда “ўтган маъмурият фаолиятига сиё­сий баҳо берилмаётир” деган айбни ёпиштиришга уринишади. Ташқаридан қараганда, бу гап­да жон бор: мамлакатимиз бугун янги йўлга кирди. Президентимиз жуда кўп бор айтганларидек, Ўзбекис­тон кечаги Ўзбекис­тон эмас. Лекин ҳар қандай сиёсий қадриятлардан-да чуқурроқ ва айни пайтда қадрлироқ бир руҳоний бойлик бор. Бу чин маънодаги ўзбек характери билан боғлиқ жиҳат, дейишимиз мумкин. Кечаги кунни сўкмай, хатолардан сабоқ чиқариш гарчи бугунги кунларимизда камёблашиб бораётган бўлса-да, миллатимизга хос хислат. Яқин тарихимизда жуда кўп “политтехнология”лардан фойдаландик. Жамиятни шиорларга буркадик, қўшнилар билан баъзан очиқ, баъзан пинҳона “сан-ман”га бордик. Лекин нима бўлди? Шу билан бахтли бўлиб кетдикми?!

Энг ёмон томони, ўша совет замонларида республикани бошқарган раҳбарларнинг бирортаси бизнинг “тарғибот машина”ларимиздан “бутун” чиқмади. Ҳаммасини “майиб” қилдик. Номларини ўчириб ташлашга ҳаракат қилдик ва охир-оқибат ўзимиз учун ноқулай манзара яратдик. Аслида, тарихни ёзишни тарих илмининг ўзига қолдирган маъқул...

Майли, ҳозир гап бу масалада эмас. Мен бировни қораламасдан, турли даражадаги сиёсий миф-душман персонажларни ижод қилмасдан ҳам ишлаш ва натижа кўрсатиш мумкин эканини ифода қилиш учун бу гап­ларни айтдим.

Гап бошлаганим матбуотимиз, унинг бугунги фаолиятига қайтадиган бўлсак, табиийки, бир жиҳатни унутмаслигимиз керак: биз XXI асрда яшаяпмиз. Дунё жуда тез ўзгармоқда. Бироқ биз ахборот сиёсати масаласидаги ишларимизни замонга ҳамон мослаб ололмаяпмиз. Бугун кўпчилик газета ва расмий телеканаллар ўз аудиториясини йўқотди, деган ҳақли эътирозларнинг асосий сабаби шу, менимча. Бунинг эса давлат сиёсатига сезиларли таъсири бор. Чунки бугун олиб борилаётган ислоҳотларни жамият ва халққа етказиб беришда асосий вазифа улар зиммасида. Матбуот ва унинг бугунги профессионал савияси ҳақида гапирганда бир жиҳатни ҳисобга олиш керак бўлади. Бу кўпроқ биз таҳлилга тортаётган ҳадик билан бевосита боғлиқ, назаримда. Тепадан “имлов” кутиш, юқоридан кимдир айтмагунча мус­тақил ҳаракатдан тийилиб туриш матбуотимиз учун мудом энг тўғри йўл ҳисоб­ланади. Қолаверса, эски давр синовидан ўтган анъ­анавий ва энг хавфсиз усул — қуруқ мақтов, мадҳиябозлигу, ура-урачилик ҳам унинг ўқувчи ва томошабинлардан узоқлаштираётган сабаблардан бири бўлиши мумкин.

 Нега буни гапиряпман, чунки матбуо­тимиз, айниқса, расмий ОАВ мана шу ўзгариш­лар жараёнини чуқур ҳис қилмаётир, назаримда. Эътибор бериб кузатсангиз, бош экранларимизда, катта газеталаримиз саҳифаларида фақат бир хил одамлар гапиради, ёзади... Бунинг устига риторика ҳам, “романтизм” ҳам ўзгармаган, 20 йил олдин қандай бўлса, шундай... Табиийки, бундай шароитда ўқувчи-ю томошабинни айблаб бўлмайди. Ва шу сабаб бизнинг “тарғибот сиёсатимиз” жамиятда маълум маънода ўз аксилтаъсирини кўрсатиб келмоқда.

Аслида, Президент амалга ошираётган ишлар малакали мутахассислар, аналитиклар томонидан муфассал шарҳланса, давлат раҳбари маърузалари, жойлардаги чиқишлари, оддий одамлар даврасидаги фикрлари юқори интеллектуал доиралар томонидан таҳлил қилиб берилса, шунинг ўзи етарли.

Ҳозир ўрни бўлмаса-да, бир гапни айтаман. Бир неча йил олдин “учар фаоллар”дан бир гуруҳи йиғилиб, шахсан Президентга мактуб йўллашади. Хатнинг мазмуни шундайки, сиз давлатимизнинг юксак мукофотларидан бирига муносибсиз, рухсат берсангиз, номзодингизни комиссияга киритсак... Ўша воқеадан кейин Шавкат Миромонович “Атрофимда юрган одамларки менинг қалбимда нима борлигини тушунмаса, яна кимдан хафа бўлишим керак”, деган эдилар...

Ҳақиқатан, Президентимиз кўп бор айт­ганидек, раҳбар учун одамларни рози қилишдан юксак мукофотнинг ўзи йўқ. У кишидан “Мен оддий одамлар, ўғил-қизларимиз юз-кўзларида қувонч­­ни кўрсам, уларнинг бу ҳаётдан розилигини илғасам, шунинг ўзи менинг бахтим. Менга бундан ортиқ мукофот ҳам, мақтов ҳам керак эмас” деган гапларни жуда кўп бор эшитганман ва ушбу сўзларнинг қатъий ҳамда самимийлигига ҳеч қачон шубҳа қилмаганман.

Ҳолбуки, Шавкат Миромонович ҳам совет замонларини, кўкраклари мамлакатнинг энг юксак орден-медаллари билан тўлиб кетган ўша давр раҳбарларининг кўпини кўрган. Аммо бундай тарздаги эътирофдан ўз халқининг розилигини, чинакам бахту саодатини доим афзал билди. У кишининг бошқалардан фарқи ҳам аслида шунда. Бу инсоний характер, одамларга меҳр ҳамда чексиз самимият менинг қалбимда доимо ғурур туйғусини уйғотиб келган.

Ўз Президентидан ҒУРУРЛАНИШ туйғуси менинг қалбимда шундай алангаланган.

IV

Хабарингиз бор, бу йил мустақиллик байрами “Янги Тошкент”да ўтказилди. Баъзи бировлар бу ҳаракатни давлат популизми билан боғлашди. Менимча эса, ундай эмас. Президентнинг бундан кўзлаган мақсади ушбу тахминлардан юз чандон юксак ва самимийроқ. Масалан, мамлакатнинг сиёсий байрамини янги қурилаётган шаҳар бағрида ўтказиш фақат бир неча маъмурий ва таълим иншоотлари ҳамда “Гиннесс рекордлар китоби”га кирган фавворани фойдаланишга топшириш ё кўз-кўз қилишдан иборат эди деб хаёл қилиш жуда кулгили бўлар эди.

 

Давлат раҳбари қурилаётган ушбу шаҳарни нафақат одамлар истиқомат қиладиган замонавий бир мегаполис, балки янги дунё, янгича тафаккур ва озод одамни ифодаловчи тарихий бир ғоя тимсоли сифатида кўришини мен жуда кўп бор сезганман. Мана, яқинда у киши бу ерга яна ташриф буюрди ҳамда фаоллар, тижоратчи ва инвес­торлар билан учрашувда “Янги Тошкент —
ўзимизники!” деган чақириқни ўртага ташлади ҳамда шаҳар ҳудудидан пойтахт туманлари ва вилоятлар учун ҳозирча 100 гектардан ер ажратиб берилишини маълум қилди. Сизнингча, бу нимани англатади?

 

Агар биз 100-120 йиллик тарихимизни ўрганадиган бўлсак, миллат сифатида жуда кам ҳолларда жипслашганимизни кўришимиз мумкин. Уруғ-аймоқчилик, майда этник айирмачилик, маҳаллийчилик... Миллий традиционализмнинг бундай хавфли ва зарарли кўринишлари биз билан бугунгача “яшаб” келаётганини ким инкор этади. Ҳозиргача “шаҳарлик”, “қишлоқлик” деган сифатлов тури ердан оёғини узмаганини унча зукко бўлмаган одам ҳам сезади. Пойтахт марказчилиги ҳақида-ку, мутлақо гапирмаса ҳам бўлади. У бу борада, умуман, барча масалада доминант мақомга эга эди. Тошкентда яшаш, тошкентлик бўлиш мамлакат фуқароси учун энг юқори ижтимоий рутба — оқсуяклик мақомини берарди гўё. Мамлакат бошкентидан бошланган айни вертикал маъмурий ҳудудлар — вилоятлар бўйлаб ҳам кенг ёйилганди. Хуллас, марказ алоҳида ҳам маданий, ҳам иқтисодий жиҳатдан кенг устуворликларга эга эди. Ҳолбуки, шундай бир шароитда мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи қишлоқларда истиқомат қилишарди...

Хўш, нима деб ўйлайсиз, аҳволнинг бундайлигини, мамлакат аҳолиси, яъни халқ бир неча ижтимоий табақаларга бўлиниб қолганини ҳеч ким билмасмиди?

Менимча, буни ҳаммамиз тушунардик, яхши билардик. Фақат узоқ вақт кўрмаганга олдик. Бунинг эса кўплаб сабаблари бор эди...

V

Сўнгги ўн йилликда амалга оширилган ва тез ёдимиздан кўтарилган дадил ислоҳотлардан бири “прописка” тизимининг бекор қилиниши бўлди.

Аслида, “прописка” лойиҳасининг раҳнамоси Иосиф Сталин эди. Гражданларни шахсий назорат қилишни ­кучайтириш ва ҳокимият хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий қилинган айни тартиб деярли 100 йил (иттифоқ таназзулидан кейин ҳам) давом этди.

Инсонларни давлат инвентарига айлантириб қўйган бу механизмнинг 2017 йилга келиб бекор қилиниши, албатта, тарихий жасорат, ҳақиқий ИНҚИЛОБ эди. Бироқ ҳозир гап бу ҳақда эмас. Сўзимиз посткоммунистик давр — мустақилликдан кейин ҳам ушбу тартибнинг узоқ муддат амалда қолганида.

Хўш, нега шундай бўлди? Кўпчилик буни бугун ҳам яхлит маънода хавфсизлик ҳамда сиёсий қудратни асраб қолиш амбиция­­си билан боғлайди. Бўлса, бордир. Аммо шу ўринда кўздан панада қолаётган яна бир омил ҳам мавжуд. Бунинг манбаи катта шаҳарлар, айниқса, пойтахт инфратузилмасига тушадиган “босим”дан қочиш, демографик “сакраш” (эътибор беринг, 1990 йилда Ўзбекистон аҳолиси 20,2 миллион, 2000 йилда 24,5 миллион, 2010 йилда 28 миллион, 2020 йилда 33,9 миллион бўлган. Бугун ушбу нуфус 40 миллионга яқинлашди) ҳамда аҳолининг шаҳарлашувга бўлган тийиқсиз иштиёқини жиловлаб туришдек ўта нозик тектоник масала билан боғлиқ эди дейишга етарлича асос топиш мумкин.

Мазкур принципларга кўра, “пропис­ка” масаласи совет даврида марказ — ­Москвадан назоратга олинган бўлса, мус­тақилликдан сўнг Президент фармонлари билан бажонидил бошқарилди...

Тўғри, айтганимиздай мавзу бу эмас. Аммо унинг “оқибати” биз айтмоқчи бўлаётган ҳикоянинг мазмунига жуда алоқадор. Шу маънода, гапирадиган бўлсак, ушбу масалада Шавкат Мирзиёев зиммасига олган масъулият фақатгина баргранг паспортларимизнинг “яшаш манзили” деган саҳифасига уриладиган муҳрни маҳв этишдангина иборат эмасди. Бу ёпиқ қозон ичидан чиқиб, Ватанингнинг исталган манзилида иш ва қўним топиш, кенгроқ маънода айтганда, озод инсондек яшаш эркинлиги дегани эди. Аммо деярли бир аср таъқиб қилинган ва чекланган бу эркинликни таъминлаш осон ишмиди?!

Навбатдаги мулоҳазаларимиз айни саволдан келиб чиқадиган сабоқ, оқибат ва унинг натижалари атрофида бўлади.

VI

Бундан атиги ўн йил илгариям матбуот­­да ёки элитар мунозараларда мамлакатдаги демографик вазият ҳақида жуда кам гапириларди. “Урбанизация”, “агломерация” деган атамалар фақат илмий давралардагина ишлатилар, аҳолининг уй-жой масаласи борасидаги дискуссияларига қўшилишидан иложи борича эҳтиёт бўлинарди.

Бундай “саранжом”лик ортида ҳали айтганимиздек, албатта, бир хавотир бор эди: аҳолининг шаҳарларга оқиб келиши ва агломерацияга йўл очиш ўз-ўзидан улкан ижтимоий-иқтисодий муаммоларни туғдирарди.

Келинг, шу ўринда ушбу масаланинг оқибатини ифодаловчи бир кичик иқтибосдан фойдаланамиз. Президентимиз 2026 йил 25 февралда урбанизация­­га бағиш­лаб ўтказган йиғилишда пойтахт мисолида гапириб шундай деган эди: “Сўнгги йилларда пойтахт иқтисодиёти ва агломерацияси жадал ўсиб, Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси 3,1 миллион нафардан ошди. Шу билан бирга, 2045 йилга бориб, шаҳар аҳолиси икки баробардан зиёдга ортиши прог­ноз қилинмоқда. Бу эса урбанизация жараёнларини уй-жой, транспорт-логистика, муҳандислик тармоқлари ҳамда ижтимоий инфратузилмага тушаётган юкламага мутаносиб ҳолда ривож­лантиришни талаб этади”.

Ушбу фикрлар, ўйлаймизки, ўша давр учун ўта хавотирли бўлган мураккаб вазият манзарасини анча ойдинроқ намоён этиши мумкин.

Тўғри, холисона ва инсоф билан айт­ганда, шаҳарни замонавийлаштириш, янги марказлар ва даҳалар қуриш ҳақида ­орзу-истаклар ўтган давр­­да бўлмаган дейиш адолатдан эмас. Бироқ режани тор сиёсий ҳужралардан ҳаётга кўчириш учун одамда катта сиёсий ирода бўлиши кераклиги ҳам  ҳақ гап.

Мен мустақилликнинг илк йилларида пойтахтнинг икки туманида раҳбар бўлиб ишлаганман. Ўша йиллари нафақат қурилиш қилиш, ҳатто ёрилган ичимлик сув қувурини алмаштиришга ҳам битта экскаватор тополмай, бир неча кунлаб сарсон бўлганимни яхши эслайман. Шу боис, Президентимиз бугун нафақат шаҳар, балки бутун мамлакатимиз бўйлаб олиб бораётган ишлар кўламини кўриб, очиғи, у кишининг ғайрат-шижоатига тан бераман. Эътибор қилинг, жорий йилда пойтахтнинг 12 та тумани бўйича 9 миллиард доллар инвес­тиция жалб қилиш режалаштирилган. Бу ўз-ўзидан бўлади, деб ўйлайсизми?! Ёки мана бу рақамларга бир аҳамият қаратинг: статистикага кўра, ўтган ўн йилда аҳолимиз 8 миллионга кўпайди. Айни шу давр ичида 650 минг оила янги уй-жойли бўлди...

Мен юқорироқда бугун мамлакатдаги бунёдкорлик ва бу ўзгаришларнинг одамлар онгу тафаккурига таъсири, қолаверса, ижтимоий сиёсат ва мафкуралар ҳақида кенгроқ тўхталаман деган эдим. Ҳақиқатан, инсоннинг яшаш тарзи унинг дунёқарашига ҳам таъсир кўрсатади. Бунга яқин тарихимиздан кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Ўтган кунларимизга қарайдиган бўлсак, бизда қурилиш, хусусан, аҳоли учун турар жойлар қурилиши нисбатан тизимли равишда “қайта қуриш” йилларининг охирига қадар давом этди ва тўхтади. Сўнгра “Банковский дом” деган ном остида пойтахтнинг баъзи даҳаларида уйлар қурилди. Аммо уларни олишга оддий одамларнинг қурби етмасди...

Очиғи, айтиб ўтганимиздек, асл муддаодан қатъи назар қуриш, обод қилиш, атроф­­ни “гулзорга айлантириш” барча замонларда ҳам актуал бўлган. Совет даврида ҳам бу борада бир нечта йирик давлат дас­турлари ва қурилиш сиёсати йўналиш­лари бўлган. Масалан, “коммунал квартиралар” (улар бир рўзғор сифатида эмас, балки бир нечта оила ёки шахс томонидан умумий фойдаланиладиган хонадонлардир. Бундай уйларда ҳар бир оила алоҳида хонада яшаган, ошхона, ҳожатхона, ҳаммом ва йўлак каби жойлардан эса биргаликда фойдаланган) деган бугун кўпчиликнинг эсидан чиқиб кетган тушунча ўша сиё­сатнинг бир қисми ҳисоб­ланади.

Идеология, реал турмуш ва бу омилларнинг одамлар тафаккур тарзига таъсири, уни шакллантиришдаги ўрни ҳақида гапирар эканмиз, айни нуқта совет даври маиший ҳаётининг ижтимоий экспликация­­си (моҳиятини очиб бериш)га яхши мисол бўла олади, дейишимиз мумкин. Негаки коммунал квартира — фақат уй-жой етишмовчилигининг оқибати эмас, балки давлат сиёсати, шаҳарсозлик ва халқнинг кундалик турмушини бир нуқтада бирлаштирган тарихий ҳодиса ҳам эди. Ва яна бунга турли маданиятлару урф-­одатларни ягона бир “қайнатувчи қозон”га солиб, ягона халқ — совет кишиси феноменини яратишга бўлган уриниш ҳосиласи деб қарасак ҳам кўп хато бўлмайди. Чунки бундай яшаш тарзи фуқароларда “шахсий эркинлик”, “озод фикр” каби ҳукмрон мафкурага ёт тушунчалар шаклланишини чеклар, барчани бир ғоя йўлида бирлаштиришга яхшигина кўмак­лашарди.

“Коммуналка”лардан кейин айни жаб­ҳадаги катта сиёсатга 1957 йилларда старт берилади. Айнан ўша йили бутун мамлакат бўйлаб уй-жойга бўлган талабни қисқа муддатда камайтириш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида оммавий тарзда кўп қаватли, нисбатан арзон уйлар қуриш бўйича КПСС Марказий Қўмитаси ва СССР Министрлар Советининг “СССРда уй-жой қурилишини ривожлантириш тўғрисида”ги қарори чиқарилади.

Тарихда кўпроқ “Хрушёвка уйлари” деган ном билан машҳур бўлган ушбу таж­риба ҳақида ҳам ажабтовур ҳангомалар бор. Энг муҳими, уларнинг бирортаси тўқима эмас. Мана, шулардан бири: совет замонида одамлар нима учун уй деворига ҳашамдор гилам осишганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?! Ташқаридан қараганда, бу шунчаки бир мода ёки эстетик қолоқликдай туюлиши мумкин. Аммо ундай эмас. Совет одамларининг бойлик рамзи ҳисоб­ланган гиламларнинг деворларга қоқилиши муайян мақсадни кўзлаб урфга айлангани тўғрисида турли гаплар тарқалган.

Ўтган асрнинг 50-60-йилларида катта шаҳарларда аҳолини турар жой билан тезроқ таъминлаш мақсадида арзон ва оддий лойиҳа бўйича ёппасига қурилган сифатсиз “хрушёвка”ларда бу буюм одамларни кўзга кўринмас “душман”лардан ҳимоя қиларди. Сабаби, хонадон деворлари шу даражада юпқа эдики, ҳатто уйдаги шивир-шивир ҳам қўшнига бемалол эшитилар ва бу шахсий ҳаёт деган тушунчага тўғридан тўғри дахл қиларди.

Гилам эса бунда товуш ютгич вазифасини ўтаган. Қолаверса, момиқ жундан тўқилган нодир матоҳ нам ва юпқа бетон девор оша ташқаридан сизиб кирадиган совуқдан ҳимояловчи восита ҳам бўлган. Хуллас, кўпчилигимизнинг кўзимиз ўрганиб кетган девордаги гилам оддий декор эмас, балки “қулоқ” ва аёздан уй эгасини ҳимояловчи омил ҳам бўлган...

Албатта, сиз ушбу контекст орқали нимага ишора қилинаётганини яхши тушуниб турибсиз. Ҳа, масалага чуқурроқ ёндашсангиз, бу сафарбарликлардан мақсад инсон бахту саодатидан кўра кўпроқ ҳукмрон ғояга садоқат кўрсатиш бўлганини англайсиз. Қолаверса, икки қутбли ­дунёда социализм ва капитализм ўртасидаги тизимлараро рақобат ҳам кўп кўзбўямачиликларга “доя” бўлган. Бироқ тарихни қарасангиз, катта сиёсатда бу тажриба анчадан буён машҳур амалиёт эканини кўришингиз мумкин.

VII

Сиёсатчилар тилида “Потёмкин қиш­лоқлари” деган учқур ибора бор. Унинг келиб чиқиши Чор Россияси тарихи билан боғлиқ. 1783 йили Қрим расмий равишда империя таркибига қўшиб олингач, императрица Екатерина II янги перифериялар билан танишиш мақсадида мамлакат жанубига йўл олади. Йўл-йўлакай фойтун туйнугидан боқаркан, у ўтлаб юрган зотдор моллар подаси, отлар уюри, пичан ғарамлари ёнига тахланган мўл ҳосил — дон тўла қопларни, далаларда эса кўзларида бахт учқуни чақнаб турган, билаклари куч-ғайратга тўла эркагу аёллар, балалайка садоси остида шодон қийқиришиб рақсга тушаётган ёшларни кўриб қувонади. ­Табиийки, тўкинлик ва фароғатчиликни ифодаловчи бу манзара уни завқлантирган...

Бироқ буларнинг барчаси иллюзия — ҳазрати олияларининг кайфиятини чоғ қилиш, қолаверса, хорижлик “дўст”ларнинг ҳайратини ошириш учун ўйлаб топилган найранг эди: қош қорайиб карвон тунаш учун тўхтаган маҳал “шодумонлик картинаси” — уюрдаги отлар, мол-ҳолу дон ўрнига қум билан тўлдирилган қоплар ва меҳнат қилаётган башанг кийимли “қиш­лоқ одамлари” усталик билан янги манзиллар бўйлаб “жойлаштириларди”...

Бу ажабтовур ҳангоманинг муаллифи эса князь Г.Потёмкин эди... Шубҳасиз, буни сафарда подшога ҳамроҳлик қилган зийрак элчилар сезишган. Ва айни ҳодиса “Потёмкин қишлоқлари” атамасининг пайдо бўлишига, унинг сохта фароғатчилик, кўзбўямачиликни устамонлик билан ифодаловчи бадиий восита — метафорик образга айланишига туртки берган. Албатта, гап ҳозир бу воқеа бўлган ё бўлмаганида эмас, балки ушбу қочирим орадан уч юз йилга яқин вақт ўтиб ҳам ўз константа — асл қиймати ва бадиий ифода кўламини йўқотмай қолаётганида.

Характерига кўра, ўта элитар бўлган ушбу киноя бугун ҳам халқаро сиёсий доираларда жуда кенг ва фаол қўлланилаётган экан, демак, бу тажриба мудом “истеъмол”дан чиқмаган. Бунга бир мисолни собиқ иттифоқ йиллари кечган ҳаётимиздан келтирдим. Бироқ сиёсий қадриятлар анча яшовчан бўлади деганларидек, эски замондаги “иллюзияга ишқибозлик” истиқлолдан кейинги даврга ҳам кўчиб ўтди. Катта йўллар, айниқса, меҳмонларнинг кўзи тушиши мумкин бўлган кенгликлар бир хил тусдаги “типовой лойиҳа”ларга тўлдирилди ва бу “изчил ислоҳот” янги ҳаёт тарзи сифатида жамиятга тақдим этилди. Бундан ташқари, биз кенг ва яйдоқ далалар бағрида икки-уч қаватли ўқув бинолари, врачлик пунктлари, маданият мас­канлари қад кўтаришига ҳам ҳайрон бўлмай қолдик. Чунки 10-20 чақирим атрофда одам яшамайдиган бундай масканлар меҳмонлар ўтадиган катта трассалардан жуда равшан кўзга ташланиб туришини яхши англардик...

Майли, қочириқ ўз йўлига. Бироқ реал факт шу эдики, бу ишлар худди яранинг устини дока билан бекитишдек бир гап, яъни нари борса, захм кўзни чалғитиб турарди...

Бу борадаги мутлақо шахсий бўлган фик­римни очиқ айтаман, айни концепция ўтган давр ижтимоий сиёсатининг ютуғи бўлиши мумкин эди. Чунки ният, йўналиш бор эди. Аммо бизга аён ва ноаён турли сабаблар ушбу дастурни ўтган маъмуриятнинг “ижтимоий-сиёсий витрина”сига айлантириб қўйди.

Ҳозир эса сарлавҳа, аниқроғи, асосий п­ланга чиқарилган сўз — “Инқилоб” ҳақида қисқача гапирмоқчимиз. Зотан, бугун бунга зарурат бор. Бизнинг колониал, постколониал ва деколониал учбурчак ичидаги тафаккур тарзимизни таҳлил қилишда айни терминга “муносабатимиз” ижтимоий ҳодиса сифатида муҳим ўрин тутади.

VIII

Очиқ айтганда, “инқилоб” сўзига бизда узоқ йиллар мухолиф атамадек қаралган. Гарчи расмий тўсиқ бўлмаса-да, айниқса, сиёсий дискурсда бу калима (бир-иккита истисноларни ҳисобга олмаганда) элитар нарратив ва ирод қилинадиган нутқларда деярли учрамасди. Шунинг­дек, жамоатчилик орасида ҳам уни қўллаш ва ишлатишда ҳадик бор эди. Ва эҳтимолки, айни сабаблар уни ўзининг полисемантик хусусиятини йўқотиб, якка маъноли “от”га айланиб қолишига олиб келди. Масалан, советлар замонида ушбу истилоҳга фақат бир ўринда — “Қизил октябр”га нисбатан мурожаат қилиш кенг истиқболли саналарди: кўк­ракни тўлдириб, “Буюк Октябрь инқилоби” дейиш совет гражданида нафақат маънавий-мафкуравий етукликни, балки тузумга бўлган садоқатни ҳам анг­латарди.

Албатта, бу тушунарли. Бироқ орадан вақтлар ўтди, эътиқод ва қарашлар ўзгарди ҳамки “Инқилоб” хоҳ ёзма, хоҳ оғзаки нутқларда бўлсин, фавқулодда “оммалашиб” кетмади, балки истеъмол доираси янада торайиб, ўзининг “тектоник” хусусиятини сақлаб қолди. Бир сўз билан айтганда, мустамлакачилик маданияти ва сиёсий муҳитида “тобланган” бу сўз эркинлик ва мустақиллик замонларига ҳам ўз ­мероси билан “кўчиб” ўтди. Айниқса, ит эгасини танимай қолган ўтган асрнинг 80-йилларидаги “қайта қуриш ва ошкоралик” ҳамда 90-йиллардаги “миллий турғунлик” замонларида у бадниятли ва ҳукмрон сиёсатга ёт кайфиятли одамлар ишлатадиган бузмакор сўз(тушунча)дек малакаланди...

Бироқ хатолик сўзда эдими ёки бизнинг сиёсий маданиятимиз ва тафаккуримизда?!

Моҳиятан ўта риторик бўлган ушбу савол, юқорида айтганимиздек, жамиятимиз, турмушимиз ва онгимизда бугун кечаётган ўзгаришларга жавоб қидиришга чорлаши билан ҳам ниҳоятда қийматли деб ўйлайман. Ёпиқ жамият ва биқиқ муҳит нафақат инсонни, балки сўзлар ва туйғуларни ҳам жиловлаган даврларни кўрдик. Мисол учун бугун англаяпмизки, ҳозир муҳокама қилаётганимиз терминнинг ёндоши фақат “Октябрь” ёки “бузғунчилик” эмас экан.

Ўзи умуман, изоҳли луғатларда инқилоб (арабча — ўзгариш) сўзига шундай таъриф берилган: 1. ...жамият ҳаёти ва унинг соҳаларида бўладиган ўзгариш, тубдан ўзгариш. 2. Бир ижтимоий тузумни бошқаси билан алмаштириш орқали бўладиган ўзгариш; тўнтариш...

Биз узоқ вақт мобайнида ушбу таснифнинг фақат иккинчисини қабул қилдик. Биринчи тушунчага таяниб яшаш, ҳаётимизни шу маслак атрофида барпо қилишга сиё­сий иродамиз ҳам, куч-қуд­ратимиз ҳам етмади, менимча. Масалан, “янги уй қурмай эскисини бузма” деганга ўхшаш шиорлар, (шиорлар бизда алоҳида тадқиқ этишга арзийдиган мавзу) сизнингча, нимага ишора қилар эди?! Ҳа, у тизимни ўзгартирмай, эскилигича сақлаб қолишни назарда тутарди. Бундай шароитда, албатта, ҳар қандай инқилоб ҳақида гапириш нафақат ёқимсиз, балки фавқулодда хавфли эди. Чунки қалбимиздаги “қурмай туриб бузмаслик” истаги ўта скепсис — шубҳали эканини ўзимиз ҳам сезиб турардик.

Фавқулодда бу англов эса унинг ортидан яна бошқа гажакдор шиорлар тўқишга бизни мажбурлади. Чунки ичимиздаги шубҳа кенг ёйилиб кетмаслиги, ошкор бўлмаслиги керак эди. Ушбу мулоҳазани оддий мисол билан шарҳлаб берадиган бўлсам, масалан, ­­“...келажаги буюк давлат” деган хитоб билан “Халқимиз бугун бахтли яшаши керак” орасида жуда катта ва ўта нозик тафовут борлигини кўришимиз мумкин.

Хуллас, инқилоб истилоҳининг “озод” этилиши ва кенг истеъмолга киришига эндиликда тарихий зарурат бор. Агар сиз бугун Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган буюк ўзгаришларни бундан-да чуқурроқ ифодалаб бера оладиган бошқа бир атама топсангиз, мен бунга розиман. Зотан, мен илгари мумкин бўлмаган, иложи йўқ деб қаралган имкониятларнинг бирпасда оддий ҳодисага айланиб қолишининг ўзи ҳам қайсидир маънода инқилоб белгиси деб ўйлайман. Ва яна сўзлар, тушунчалар ва туйғуларга янгича мазмун бахш этиш ҳам бир ИНҚИЛОБДИР! Кечагина ёппасига оғзи тикилган жамиятнинг “тилга кириши” ҳам айни ҳодисанинг ўзгинасидир...

IX

Катта ишларнинг шовқини ҳам, довруғи ҳам ўзига яраша бўлади. Шу маънода гапирадиган бўлсак, бугун ушбу сиё­сатни тушунаётганлар ҳам, тушунмасдан ёки жўрттага оёқ тираб талашаётганлар ҳам топилади. Баъзан Шавкат Мирзиёев нима учун пойтахтда бунча кўп уйлар, бу ҳам етмагандай, бутун бир янги шаҳар қуряпти, нега вилоятлар марказларида “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этаётир — бу ён-атрофга ўзини кўрсатиш — сиёсий популизм эмасми дейдиганлар ҳам йўқ эмас орамизда.

Бундай кишиларни яхши тушунаман ва бундан хафа бўлишнинг кераги ҳам йўқ. Мен, гарчи Президентимиз ҳеч қаерда очиқ-ошкора айтмаган бўлсалар-да, қалбларидаги орзу-истакни жуда яхши биламан. Менинг халқим бу ёруғ дунёда ҳеч кимдан кам эмас, биз жаҳонга маърифат, давлатчилик анъаналарини ўргатган халқмиз ва бундан кейин ҳам сафларнинг бошида бўлишимиз керак деган улуғ ғоя у кишининг қалбини мудом чўғлантириб туради.

Замонавий уйлар, кўчаю хиёбонлар бугун нафақат шаҳару қишлоқларимиз кўркини, балки одамларимиз тафаккурини ҳам ўзгартираётганини барчамиз жуда яхши англаб турибмиз. Биргина “Янги Тошкент”нинг қурилиши қанчадан-­қанча муаммога ечимлигини, давлатчиликни янги ўзанга солиш, эркин ва озод миллат яратиш йўлидаги инқилобий ҳаракат экани ҳақида ҳали тарих ўз сўзини айтишига ишонаман.

Ўтмишга қарасангиз, улусни бир муштдек жамлаган, давлатини ўз азму шижоати билан қудратли қилган султонлар унча кўп эмас. Улардан ушбу таърифга энг муносибларидан бири Соҳибқирон Темур эди. Умрининг катта қисми от устида ўтган Темур эл маъмурчилиги, яратувчилик борасида нафақат миллий тарихимиз, балки кишилик жамиятида ўчмас из қолдирган жаҳонгирлардан биридир. Бугун инсоният тан оладиган “Темурийлар даври ренессанси” айнан Соҳибқирон порлоқ шахсиятининг меваси эди. Самарқандни “ер юзининг сайқали” қилиш иштиёқи ҳам айнан у кишининг юрагини чўғдек қиздирган ва бу иш учун у ўз пойтахтига жаҳоннинг энг моҳир меъморлари, усталарини жамлаган эди.

Халқимизда “Оққан дарё оқмай қолмас” деган ҳикмат бор. Унинг маъносини барчамиз яхши тушунамиз. Ҳозир Амир Темур шахсияти ҳақида сўзлай туриб, хаёлимда ушбу нақлга маънодош яна бир фикр бош кўтарди: миллатнинг толеидаги чўғ кўмилиши, қўри қайтиши мумкин, аммо ҳеч қачон батамом сўнмайди. Вақт келиб, бу оловни юраги Ватан ва Халқ ишқида ёнадиган ёвқур бир фарзанд келиб, яна алангалатади.

Бугун нафақат пойтахт, балки мамлакатимизнинг барча гўшаларида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, одам тарихнинг улуғ мураббий эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади. Масалан, биргина “Янги Тошкент” орзуси глобал дунёда тан олинган Дубай, Сеул, Цюрих, Копенгаген, Шанхай каби фақатгина постиндустриал ёки “янги урбанистик цивилизация маркази” эмас, балки юзлаб йиллар мустамлакачилик азобларини кўрган, ўзини, ўзлигини деярли йўқотиб қўяёзган Ватанимиз ва Миллатимиз шаъни, ор-номусини оёққа қўйиш, ўтмишда буюк бўлган халқимизнинг шону шуҳратини қайта тиклашга қаратилган жасоратли қадам экани билан ғоятда аҳамиятлидир. Ва Президентимиз муҳтарам Шавкат Мирзиёев қалбидаги айни мардонаворлик, миллатпарварлик ҳамда ватанпарварлик юрагимни чексиз ғурур ва ифтихорга тўлдиради.

Биз мудом Сиз биланмиз, Менинг Президентим, дея фахрланамиз!

Қудратилла РАФИҚОВ,

сиёсатшунос

“Yangi Oʻzbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari tahririyati