Ўзбекистонда туғилган учта эгизак болаларнинг ҳар бирига нафақа пули берилиши лозим. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов журналистлар билан мулоқотда айтиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳақида»ги низомда бола парвариши учун тўланадиган нафақа болалар эгиз туғилса ҳам битта бола учун ажратилиши белгиланган.
Шу асосда «daryo.uz» сайти мухбири учта эгизакнинг фақат бир нафарига нафақа ажратилиши қай даражада ўринли эканлигига изоҳ беришни сўраб, савол билан мурожаат қилди. Акмал Саидовнинг фикрича, эгизакларнинг учаласига ҳам нафақа пули берилиши мақсадга мувофиқ.
Оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзу кенг ёритилаётгани бежиз эмас. Чунки яқинда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Тўрткўл маҳалласида дунёга келган уч эгизак – Шавкатбек, Зироатхон ва Саидахон ҳақида мақола чоп этилган эди. Материалда тахминан уч ой муқаддам туғилган болаларга масъул ташкилотлар тарафидан эътибор қаратилмагани, айни пайтда оила моддий қийинчиликларга дуч келаётгани айтилган эди. Шундан сўнг ургутлик эгизакларга кир машинаси совға қилинди, болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлда қабул қилинган “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий (www.nhrc.uz) сайтида “Бола ҳуқуқлари дунёси” махсус бўлими ташкил этилди. Бундан буён ушбу рукнда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишга доир ахборот ва маълумотлар мунтазам жойлаштириб борилади.
- Қўшилди: 12.08.2019
- Кўришлар: 7071
- Чоп этиш