Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси расмий ташриф билан Бельгия пойтахти Брюсселда бўлиб турибди. Бу ҳақда mfa.uz сайти хабар берди.
Ташриф доирасида 11 ноябрь куни Финляндия Ташқи ишлар вазири П.Хаависто билан учрашув ўтказилди.
Шу куни «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Ялпи мажлисда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқиб, мамлакатнинг адлия ва ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида гапирди.
Мажлис якунида қўшма матбуот анжумани ташкил этилди.
Маълумот учун: Флоренция шаҳрида 1996 йили имзоланган Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи»нинг 6 та қўшма органи тузилган. Булар – Ҳамкорлик кенгаши, Ҳамкорлик қўмитаси, Парламентлар ҳамкорлиги қўмитаси, Савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмита, Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва шу соҳадаги масалалар бўйича кичик қўмита, Тараққиёт мақсадларида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитадир.
Бугунги кунга қадар «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик кенгашининг 14 та мажлиси ўтказилган. Кенгашнинг охирги мажлиси 2018 йил 22 ноябрда Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган.
Шунингдек, «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва шу соҳадаги масалалар бўйича кичик қўмитасининг 15-мажлиси 2019 йил 24 июнь куни Брюссель шаҳрида бўлган. Маълумки, инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотлар ушбу орган доирасида олиб борилади. Шу вақтга қадар бундай мулоқотларнинг 12 та раунди (босқичи) ўтказилган.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик қўмитасининг 16-мажлиси – 2019 йил 24 октябрда, Парламентлар ҳамкорлиги қўмитасининг 14-мажлиси – 2018 йил 1 ноябрда, Савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмитанинг 14-мажлиси – 2019 йил 25 сентябрда ҳамда Тараққиёт мақсадларида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитанинг 2-мажлиси – 2019 йил 23 октябрда ташкил этилган. Ушбу қўшма мажлислар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.11.2019
- Кўришлар: 5192
- Чоп этиш