13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги парламенти Жамоатчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Бюджет бўйича қўмита раиси Элеонора Лэнг билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги парламентлараро алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этдилар. Парламентлараро ҳамкорлик доирасида доимий алоқалар ва ўзаро яқин мулоқотни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон парламенти делегацияларининг Буюк Британияга ва Буюк Британия парламенти аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифларини фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди. Элеонора Лэнг хоним Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф этилди.
Маълумки, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига илк бор сайланиш учун номзодини кўрсатган. Шу муносабат билан жорий йил кузида бўладиган сайловда мамлакатимиз номзодининг Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланиши масаласи хусусида фикр юритилди.
*
Ўзбекистон делегацияси аъзолари билан Буюк Британия парламенти Инсон ҳуқуқлари бўйича бирлашган қўмитаси вакиллари ўртасида амалий мулоқот бўлди. Катта клерк Люсинда Маер ва эксперт Кэтрин Хиллнинг қайд этишича, Инсон ҳуқуқлари бўйича бирлашган қўмита таркиби сайловдан кейин энди шакллантирилмоқда.
Қўмита 12 нафар аъзодан иборат таркибда Жамоатчилик палатаси ва Лордлар палатаси томонидан тайинланади. Қўмита асосан Бирлашган Қиролликдаги инсон ҳуқуқларига тааллуқли масалаларни кўриб чиқади. Ҳукуматнинг ҳар битта қонун ҳужжати лойиҳаси инсон ҳуқуқларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганилади.
Қўмита, шунингдек, ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларига тааллуқли суд қарорларига муносабатини кузатиб боради. Буюк Британиянинг тегишли халқаро шартномаларда қайд этилган инсон ҳуқуқларига доир мажбуриятларига амал қилиниши ҳолатини ўрганади.
Парламентлараро Иттифоқ Буюк Британия парламенти Инсон ҳуқуқлари бўйича бирлашган қўмитаси фаолиятига юқори баҳо берган. Кейинги вақтда барча миллий парламентлар таркибида инсон ҳуқуқлари билан бевосита шуғулланадиган шундай қўмиталар тузиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, ўзбекистонлик ва британиялик мутахассислар иштирокида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни имплементация қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди. Парламент аъзолари учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмларга доир тренинглар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
*
Маълумки, Буюк Британия парламентининг иккала палатаси ҳам муҳташам тарихий иншоот - Вестминстер саройида фаолият олиб боради. Ўзбекистон делегацияси аъзолари учун Лордлар палатаси аъзоси баронесса Алисон Сатти ҳамроҳлигида парламент биноси бўйлаб саёҳат уюштирилди.
Лордлар палатасида Ўзбекистон делегацияси шарафига тушлик ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.02.2020
- Кўришлар: 4773
- Чоп этиш