COVID-19 пандемияси пайтида мигрантлар ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш бўйича давра суҳбати ўтказилди

2021 йил 7 май куни Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан “COVID-19 пандемияси пайтида мигрантларга ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир гибрид форматда – онлайн ва офлайн тарзда бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзолари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Халқаро миграция ташкилоти ҳомийлигида амалга оширилаётган “COVID-19 пандемияси даврида мигрантлар ва уларнинг оилаларига ёрдам” лойиҳаси ҳақида, шунингдек, пандемия пайтида қайтиб келган эҳтиёжманд ва зарар кўрган мигрантларни ва уларнинг оилаларини қайта интеграция қилишда кўрсатилган ёрдам тўғрисида ахборот берилди.

Лойиҳани амалга ошириш учун 5 та вилоят – Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари танлаб олинди. Ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган “Барқарор ҳаёт”, “Меҳримиз сизга”, “Меҳржон”, “Юксалиш” ва “Ойдин Нур” нодавлат ташкилотларига 7000 АҚШ доллари миқдорида субгрантлар ажратилди. Улар ўз оиласига қайтиб келган 580 нафар муҳтож мигрантларга руҳий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатдилар. Улардан 60 нафари ХМТнинг 2500 долларлик грантларини олди ва ўз бизнесини очиш учун ускуналар сотиб олди, 25 та соҳада ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаб янги иш ўринлари яратдилар.

Тадбир доирасида меҳнат мигрантлари ҳақида видеороликлар тақдим этилди ва қайта интеграция бўйича кўмак олган мигрантлар ҳақида ҳикоялар тингланди ҳамда қайтиб келган мигрантларнинг салоҳияти ва қайта интеграциясини янада ривожлантириш учун ижтимоий сўров ўтказилди.

Манба: senat.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech