21 октябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик: Ўмон ислом рисоласи» деб номланган кўргазма очилди.
Кўргазмадан ўрин олган китоблар, фото суратлар Ўмон Султонлиги маданиятидан сўзлайди.
Тадбир меҳмонлари Ўмон амалий санъати, хусусан, саҳҳофлик, хаттотлик намуналари, шунингдек, ўлка халқи ҳаётидан ҳикоя қилувчи экспонатлар билан танишмоқда.
– Диний бағрикенглик ва тотувлик кўп асрлик тарихга эга қадриятларимиздан ҳисобланади, – деди кўргазмада иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев. – Мамлакатимиз халқаро майдонда ҳам диний бағрикенглик ғоясини кенг тарғиб этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифи билан 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Бу бежиз эмас. Бугун миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ғояларини тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. «Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик» кўргазмаси ҳам айни шу эзгу мақсадга қаратилган.
Кўргазма доирасида Ўмон султонлиги тараққиётида исломий қадриятларнинг ўрнига доир экспонатлар, хусусан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ушбу ўлка ҳукмдорига йўллаган мактубнинг фотонусхаси намойиш этилмоқда, деб маълум қилди «Xabar.uz».
Ўмон Султонлигининг диний бағрикенглик, бирдамлик ва тотувлик ғояларини тарғиб қилувчи ўзига хос кўргазмаси фотосуратлар, араб хаттотлиги ва соя санъати, қум анимацияси каби қатор бўлимлардан иборат бўлиб, у анъанавий тарзда дунё шаҳарлари бўйлаб намойиш этиб келинади. Ҳозирга қадар ушбу кўргазма дунёнинг қирққа яқин мамлакатида ўтказилган.
Кўргазма 25 октябргача давом этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
(ЎзА ва «Xabar.uz» фотолавҳалари)
- Қўшилди: 22.10.2019
- Кўришлар: 5315
- Чоп этиш