Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Спикер ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов сўз олиб, Концепция лойиҳасининг аҳамияти, уни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан журналистларга батафсил маълумот бериб ўтди.
Таъкидланганидек, бир гуруҳ депутатлар томонидан ташаббус қилинган мазкур Концепция ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жорий йилнинг 31 январь куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиниб, 10 февралга қадар палата расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.
— Муҳокамаларда барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда, — деди Спикер ўринбосари. — Хусусан, Концепция лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилганидан сўнг бугунга қадар 200 дан ортиқ изоҳлар, таклиф ва тавсиялар келиб тушди.
Концепцияда диний қадриятларимиз жамиятимиз учун жуда муҳим экани алоҳида қайд этилиб, улар Ўзбекистон халқининг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, одоб-ахлоқининг шаклланиши ҳамда авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтишига хизмат қилиб келмоқда. Диний эътиқодлар ва диний бағрикенглик Ўзбекистон халқини бирлаштириш ва жипслаштиришга хизмат қилувчи, оилаларда ўзаро ҳурмат-иззат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи асрий қадриятлар манбаидир, — деди.
Ушбу ҳужжатда виждон эркинлиги ҳуқуқини янада кафолатлаш, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари очиб бериляпти.
Концепцияда диний соҳадаги ҳуқуқларни чекловчи бирор-бир янги қоидалар киритилмаяпти, аксинча, ҳуқуқлар аниқ баён этилиб, давлатнинг бу борадаги масъулияти ва мажбурияти белгиланмоқда. Ҳужжатда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қарори билан парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Анжуман давомида журналистлар Концепция лойиҳасини тайёрлаш жараёнида халқаро стандартлар, хорижий давлатларнинг тажрибалари ўрганилгани билан қизиқди. Маълум қилинганидек, ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда депутатлар томонидан виждон эркинлиги борасидаги халқаро стандартлар, жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ҳужжатлари тўлиқ ўрганилган ва Концепция лойиҳасини тайёрлашда инобатга олинган.
Концепция дин соҳасидаги сиёсатнинг мазмун-мақсадини, йўналишлари ва механизмларини белгилаб беради. Яна бир муҳимлиги, барчанинг диний муносабатлардаги ҳуқуқлари, бошқалар билан муносабатлари ва албатта, чегараларини аниқ белгилайди. Буни давлат хизматчилари ҳам, олимлар ҳам, номутахассислар ва оддий инсонлар бир хил тушуниб, бир хил қабул қилиб, ушбу концепция қоидалари бўйича ўз муносабатларини шакллантиришади.
Матбуот анжуманида ушбу Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Жумладан, бу борада фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилади. Жамиятда қонун устуворлиги, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланади, давлат ва конфессиялар ўртасида диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш каби натижаларга эришилади.
Анжуманда айни пайтда Концепция лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани, барча юртдошларимиз уни такомиллаштириш бўйича ўз таклифлари билан фаол иштирок этаётгани, ушбу таклиф-мулоҳазалар депутатлар томонидан ўрганилиб, Концепцияни маромига етказишда инобатга олиниши таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 04.02.2025
- Кўришлар: 464
- Чоп этиш