Япониянинг Олий юридик мактаби профессори ва Нагоя Университети ҳузуридаги Осиё ҳуқуқий алоқалар маркази (Center for Asian Legal Exchange) директори Фужимото Акира Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига мактуб йўллади. Хатда, жумладан, шундай дейилган:
"2020 йилнинг январида, дунё коронавирус инфекцияси билан тўқнаш келмасдан олдин, Ўзбекистонга сафар қилгандим. Сафарим давомида мамлакатингиз энергия, яъни қувватга нақадар бойлигига ва бу туганмас куч-шижоатнинг хазинаси навқирон ёшларингиз эканига амин бўлдим.
Яқинда эса «БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар» мавзусидаги туркум Глобал мунозаралар доирасидаги халқаро онлайн-анжуманга таклифнома олдим. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий Мажлис палаталари ва БМТнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
Авваламбор, Ўзбекистонда 2016 йилдан бошлаб инсон ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қилиш борасидаги хабардорлик даражаси шиддатли суръатларда ўсиб бораётганини таъкидламоқчиман. Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларини диққат билан кузатиш асносида Осиё ҳуқуқий алоқалар марказимиз шунга гувоҳ бўлдики, мамлакатингиз кейинги тўрт йилда инсоннинг энг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларига чуқур ҳурмат ва янада онгли масъулият билан ёндашиш борасида ўзининг мисли кўрилмаган даражада шиддатли интилишини намоён этди.
Шу муносабат билан яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинганини алоҳида қутлайман. Мазкур дастуриламал ҳужжат гендер тенглик, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари, озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шахсларнинг ҳуқуқлари, одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқи каби кўплаб ўта муҳим йўналишларни қамраб олган.
Камина шундан ҳам хабардорманки, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори – академик Акмал Саидов ёшлар ҳуқуқларига алоҳида эътибор билан ёндашади. Университет профессори сифатида ёшлар билан бевосита иш олиб бораман ва шу боис академик Саидовнинг бу борадаги эзгу интилишларини чин қалбдан ҳис этаман ва қўллаб-қувватлайман.
Шу билан бирга, бизнинг Осиё ҳуқуқий алоқалар маркази таълим ва тадқиқотлар билан шуғулланадиган муассаса сифатида яна бир ютуғингизни қувонч билан эътироф этади. Бу ҳам бўлса, Ўзбекистоннинг турли даражалардаги таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимларни ўқитиш кўлами янада изчиллик билан кенгайиб бораётганидир.
Ушбу соҳада ниҳоятда улкан ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, жойлардаги ўқитувчилар ва амалиётчилардан беқиёс фидойилик ва астойдил саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг янги тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича стратегияси фақат инсон ҳуқуқларини тартибга солишга доир янги қонунларни ишлаб чиқиш билангина чегараланиб қолмаслигини исташимни ҳам изҳор этаман. Сизу биз ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари маданиятини рағбатлантириш ва ривожлантиришда давом этишимиз зарур".
- Қўшилди: 02.07.2020
- Кўришлар: 4307
- Чоп этиш