Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг 3 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида Кенгаш аъзолари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Франция Республикасининг Миллий мажлиси ўртасидаги «Ўзбекистон – Франция» дўстлик гуруҳини тузиш ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бельгия Федерал парламентининг Вакиллар палатаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди, деб хабар тарқатди, parliament.gov.uz сайти.
Йиғилишда Кенгаш аъзолари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Қонунчилик палатасидаги ҳар иккала дўстлик гуруҳи раҳбари этиб тасдиқланди. Гуруҳ таркибидан барча сиёсий партияларнинг вакиллари бўлган депутатлар ўрин олдилар.
Ҳар иккала мамлакат парламентлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда, шунингдек, мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалаларида зарур чора-тадбирларни амалга оширишда мазкур ҳамкорлик гуруҳлари зиммасига тегишли масъулиятлар юклатилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда бугунги кунда юз бераётган шиддатли ўзгаришлар, ташқи ва ички сиёсатдаги тамоман янгича ёндашув, ўз навбатида, Марказий Осиё минтақасида мутлақо янги сиёсий муҳитнинг қарор топишига туртки бўлди.
Ўзбекистоннинг ўзаро ишонч, тенг манфаатли шерикликка асосланган ташқи сиёсати туфайли нафақат минтақадаги давлатлар, балки узоқ-яқиндаги хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилот ва молиявий тузилмалар ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истагини билдирмоқда. Бу эса икки ва кўп томонлама масалаларнинг ҳал этилишида муҳим омил бўлмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳат: ташқи сиёсатга оид муҳим вазифаларни бажаришда парламент дипломатиясининг роли тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш борасида Олий Мажлиснинг фаолияти кучаймоқда. Қонунчилик палатасида чет эл парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари шакллантирилгани буни яққол тасдиқлайди.
* * *
Шу куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон-Франция” ҳамкорлик гуруҳи билан Франция Миллий ассамблеясининг “Франция-Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи”нинг биринчи қўшма мажлиси видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан дўстлик гуруҳи раҳбари, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Франция томонидан гуруҳ раҳбарининг ўринбосари Пьер Кабаре сўз олди. Улар ушбу дўстлик гуруҳлари ташкил этилиши билан бир-бирларини қутладилар.
Ушбу онлайн мулоқотда қатнашган Франция Миллий ассамблеяси дўстлик гуруҳининг икки аъзоси - Пьер Кабаре ва Кароль Бюро-Боннар 2019 йилда Ўзбекистонда бўлган, деб ахборот берди parliament.gov.uz сайти.
Улардан бири ўтган йил охирида Олий Мажлисга бўлиб ўтган сайловларда кузатувчи сифатида қатнашган бўлса, иккинчиси ўша йил апрель ойида Франция Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси таркибида юртимизга келган.
Видеоконференция чоғида бундай парламентлараро дўстлик гуруҳларининг тузилиши мамлакатларимизнинг икки томонлама кенг миқёсдаги самарали ҳамкорлигининг ривожланишига туртки беришига ишонч билдирилди. Томонлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича ўз мамлакатларида кўрилган чора-тадбирлар ва бу ишларда парламентларнинг тутган ўрни тўғрисида учрашув қатнашчиларини хабардор қилдилар.
Шунингдек, икки давлат парламентлараро ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.06.2020
- Кўришлар: 4114
- Чоп этиш