(“Адолат ҳимоясида” медиалойиҳаси: 1-мақола)
Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир алоҳида шахснинг қадр-қиммати ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлайдиган қоидалар мажмуасидир. Улар ҳуқуқий давлат конституциявий ҳуқуқининг негизини ташкил этиб, шахснинг ҳуқуқий мақоми асосини ва асосий ҳуқуқларини мужассамлаштиради.
Халқимиз азалдан эрксевар бўлган, бева-бечоралар, етим-есирлар, ночор ва ногиронларга мадад қўлини чўзишни инсоний бурч ҳисоблаган. Зардуштийлик муқаддас китоби – «Авесто»даёқ инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, инсонларнинг жамоа бўлиб яшаш тарзи, улар, шунингдек давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар, жамоа ҳаёти билан боғлиқ масалаларни биргаликда ҳал этиш тартиби қайд этилган. “Авесто”даги Сўғд ҳужжатлари ўша давр учун мукаммал бўлган ҳуқуқ тизими ва оила-никоҳ нормалари амал қилганлигини қўрсатади. Унда ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари таркиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартнома шартлари, шартноманинг бажармаганлик оқибатлари, шарнома тузиш вақти ва жойи батафсил акс этган.
Ўша даврларда меҳнат фаолияти, жамоаларни бошқариш сайланадиган оқсоқоллар қўлида бўлиб, жамоа ҳаёти билан боғлиқ барча ишлар Оқсоқоллар кенгаши орқали ҳал этилган. Оқсоқоллар кенгашининг бошлиғи зиммасига қишлоқда истиқомат қиладиган жамоанинг манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.
Қадимги Шарқнинг таниқли мутафаккири Абу Жаъфар Наршахий IX асрда битилган «Бухоро тарихи» асарида шаҳарда 19 та йирик маҳалла бўлганлиги, улар ўзини ўзи идора қилиш ваколатларига эгалигини таъкидлаган.
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий олий инсоний фазилат сифатида кўнгли ўксик инсонларга мадад қўлини чўзганларни юксак қадрлайди:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Яъни, ким кўнгли ўксик бир инсонни хурсанд қилса, йиқилган Каъбани қайтадан қурган, таъмирлаган каби савобга ноил бўлади.
“Темур тузуклари”да эса “Салтанатнинг ишларини қонун-қоида ва интизомга солиб, салтанатим мартабасига зебу зийнат бердим” деб таъкилаган Соҳибқирон бобомиз. Амир Темур салтанатида сипоҳий қўл остидаги кишига зулм ўтказса, у хизмат доирасидан ташқари чиққан саналиб, сипоҳийнинг ўзи жабрланувчиларга топширилган. Бу ҳолда жабрланувчи сипоҳийни хоҳлаганча жазолаши мумкин бўлган. Башарти катта ва маҳаллий бошлиқлар ўз ваколатлари доирасидан чиқиб, ўзларидан кичик даражадаги кишиларга зулм ўтказсалар, уларга мол-мулкига қараб жарима солиш назарда тутилган. Шу билан бирга бирор кишининг айби исботланганда, унга нисбатан фақат битта жазо қўлланилган.
Умуман, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг шаклланиши ўз тарихига эга. Ҳозирги давр тушунчасидаги инсон ҳуқуқлари концепцияси Европада Уйғониш ва Реформация даврларида бошланган деб ҳисобланади. 1215 йили Англияда Буюк эркинликлар хартияси қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда солиқ солиш, суд ишлари, диний ҳуқуқлар, мулк ҳуқуқи, васийлик ва бошқа масалаларни тартибга соладиган 63 модда бўлган. Декларацияга эркинлик, мулкчилик, хавфсизлик ва камситишга қаршилик кўрсатиш каби ҳуқуқлар киритилган. Инсон ҳуқуқлари сифатида шунингдек фикр ва мулоҳазаларни, шу жумладан, диний масалалар бўйича ҳам эркин ифодалаш ҳуқуқлари ҳам тан олинган. Барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги принципи эълон қилинган.
Германияда ўз ҳуқуқлари учун курашган деҳқонларнинг талаблари баён этилган “Ўн икки модда” Реформациянинг ўзига хос манифести бўлган. У 1525 йилда қабул қилинган ва биринчи маротаба маҳаллий босмахонада чоп этилган. Шундан кейин уч ой давомида Германиянинг турли шаҳарларида унинг 23 та нашри босиб чиқарилган.
Буюк Француз инқилобининг энг муҳим ҳужжати – Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси биринчи маротаба инсоннинг шахсий ҳуқуқларини белгилаб берган. Унинг асосига ҳар бир инсон ва фуқаро туғилганидан унга мансуб бўлган тенг ҳуқуқлилик ва эркинлик концепцияси қўйилган. Инсон ва фуқаронинг табиий ҳуқуқлари сифатида шахс эркинлиги, сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, зулмга қаршилик кўрсатиш ҳуқуқи эълон қилинган.
Ушбу Декларация ҳозирги пайтда ҳам Франция конституциявий ҳуқуқининг негизини ташкил этади. 1958 йил 4 октябрда у Франция Конституцияси томонидан тасдиқланган. 1971 йил 16 июлда эса Франциянинг Конституциявий кенгаши “Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси”ни ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий ҳужжат деб эътироф этди. 2003 йилда “Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси” ЮНЕСКОнинг 1992 йилда таъсис этилган Умумжаҳон ҳужжатлар меросини ҳимоя қилиш бўйича дастури - “Тинчлик хотираси”га киритилган.
1789 йил 25 сентябрда Жеймс Медисон АҚШ Конгреcсининг биринчи чақириғи мажлисида мамлакат Конституциясига биринчи ўнта тузатиш киритиш таклифини киритган. Бу Ҳуқуқлар тўғрисидаги билль номини олган. Унинг 1-4-тузатишлари инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини мустаҳкамлаб қўйган, 5-10-тузатишлар эса уларни амалга ошириш механизмларини таъминлаган. Ҳуқуқлар тўғрисидаги билль 1791 йил 15 декабрда кучга кирган. Унда биринчи маротаба АҚШ фуқаросининг ҳуқуқий мақоми ҳамда илк маротаба конституциявий қонунчиликда фуқаролик ҳуқуқлари ва эркинликларига амал этилиши устидан федерал даражада назорат қилиш вазифалари белгилаб қўйилган. Биллда шунингдек биринчи навбатда қонунчилик органлари учун тақиқлар ва чегараланишлар кўрсатилган.
АҚШ Конституциясига киритилган ана шу ўзгартиришлар қуйидагиларни қамраб олган:
- Сўз эркинлиги, дин эркинлиги, матбуот эркинлиги, йиғилишлар ўтказиш эркинлиги, шикоят билан мурожаат қилиш эркинлиги.
- Қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқи.
- Хусусий уйлар эгаларининг ижозатисиз уларга аскарларни жойлаштиришнинг ман этилиши.
- Ихтиёрий равишда тинтув ўтказиш ва ҳибсга олишининг ман этилиши.
- Тегишли тарзда суд текшириши ўтказилиши ҳуқуқи, ўзига қарши далолат бермаслик ҳуқуқи, хусусий мулк кафолати.
- Айбланувчининг ҳуқуқлари, шу жумладан суд қилиниш ҳуқуқи.
- Фуқаролик ишлари бўйича суд ҳуқуқи.
- Ниҳоятда катта жарималар солиш, шафқатсиз ва ноодатий жазоланишларнинг ман этилиши.
- Конституцияда келтирилган ҳуқуқларнинг бошқа ҳуқуқларни камситиш сифатида талқин этилмаслиги кераклиги.
- Конституцияда бевосита Америка Қўшма Штатлари ваколатига кирмайдиган ваколатларнинг штатлар ва фуқаролар учун сақланиб қолиши.
1992 йилда жаҳонда биринчи маротаба Халқаро инсон ҳуқуқлари федерацияси ташкил этилди. У инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти сифатида “Барча инсон ҳуқуқлари – барчага”, “Ҳаракат қилиш учун - билиш” шиори остида иш кўради. Германия ва Франция лигалари томонидан ташкил этилган Халқаро инсон ҳуқуқлари федерациясига ҳозирги пайтда 100 тадан кўпроқ мамлакатнинг 184 та ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти киради.
Федерация ўзининг асосий устувор вазифалари сифатида қуйидагиларни белгилаган:
-ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилиш;
-хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
-муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
-жабрдийдаларнинг одил судлов учун ҳуқуқи;
-глобаллашув ва инсон ҳуқуқлари;
-халқаро ва минтақавий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш;
-можаролар, фавқулодда ҳолатлар ва ўтиш даврларида инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликка амал этилиши учун курашиш.
Федерация 1927 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилиш ташаббускори бўлган, кейинроқ Халқаро жиноят ишлари судини ташкил этиш таклифини илгари сурган.
Иккинчи жаҳон урушининг фожиали оқибатлари инсон ва фуқаро ҳуқуқлари институтини ривожлантиришни ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига қўйди. Натижада халқаро миқёсда инсон ҳуқуқлари кафолатланиши соҳасида сифат жиҳатдан янги босқич бошланди. 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси ўзининг 217 А (III) – резолюцияси билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилди. Декларациянинг Муқаддимасида “Бош Ассамблея мазкур Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилар экан, бундан муддао шуки, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо ушбу Декларацияни назарда тутган ҳолда маърифат ва таълим йўли билан бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши, миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар орқали ҳам унинг бажарилиши таъминланишига, Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар халқлари ўртасида ва ушбу давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида ялписига ва самарали тан олинишига интилишлари зарур” деб эълон қилинган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида:
-яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик;
-қийноқ ҳамда бошқа шафқатсиз муомала ва жазо турларидан озод бўлиш;
-суд орқали ҳимояланиш;
-эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш эркинлиги;
-турар жой дахлсизлиги;
-сўз эркинлиги;
-виждон ва дин эркинлиги;
-тинч йиғилишлар ўтказиш эркинлиги;
-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи;
-билим олиш, меҳнат қилиш, дам олиш ҳуқуқи;
-ижтимоий таъминот ва бошқа шу каби ҳуқуқлар кафолатланиши кўрсатилган.
Айни пайтда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 29-моддасида қайд этилганидек:
-ҳар бир инсон жамият олдида бурчлидир, фақат шу ҳолатдагина унинг шахси эркин ва тўлиқ камол топиши мумкин;
-ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари демократик жамиятда етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умум фаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадидагина қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак;
-инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва принципларига асло зид бўлмаслиги керак.
1950 йилдан бошлаб ҳар йили Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган 10 декабрда Халқаро инсон ҳуқуқлари куни нишонланади.
1966 йилда БМТ шафелигида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт қабул қилинди. Декларация ва ушбу халқаро пактлар Инсон ҳуқуқлари халқаро билли номини олган. Халқаро билль ва шундан кейинги халқаро битимлар инсон ва фуқаро ҳуқуқларининг халқаро стандартлари ҳамда ушбу ҳуқуқлар таъминланиши кафолатларини тасдиқлаган.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча принципиал қоидаларини ўзида мужассамлантирган. Асосий қомусимиз 128 моддадан иборат бўлгани ҳолда унинг 30 дан ортиқ моддаси бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган.
Асосий Қонунимизда инсоннинг қуйидаги шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамлаб қўйилган:
-яшаш ҳуқуқи (24-модда);
-шахсий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш (27-модда);
-шахсий эркинлик ва дахлсизлик ҳуқуқи (25-модда);
-шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оилавий ҳаётига арашишдан, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқи (27-модда);
-ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилмаслик ҳуқуқи (27-модда);
-турар жой дахлсизлиги ҳуқуқи (27-модда);
-ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи (29-модда);
-мулоқот, тарбия, таълим ва ижод қилишда ўз она тилидан фойдаланиш, тилни эркин танлаш ҳуқуқи (4-, 42-моддалар);
-эркин равишда бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, келиш жойини ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи (28-модда);
-фикрлаш ва сўз эркинлиги ҳуқуқи (29-модда);
-виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи (31-модда);
-мулкка бўлган ҳуқуқ (36-модда);
-меҳнат қилиш ҳуқуқи (37-модда);
-дам олиш ҳуқуқи (38-модда)
-ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи (39-модда);
-малакали тиббий хизмат олиш ҳуқуқи (40-модда).
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларга эга:
-давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи (32-модда);
-йиғилиш, митинг ва намойишлар ўтказиш ҳуқуқи (33-модда);
-бирлашишга бўлган ҳуқуқ (34-модда);
-мурожаат қилиш ҳуқуқи (35-модда);
-сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи (117-модда).
Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлигидан келиб чиққан ҳолда давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор мажбуриятлари ҳам қайд этилган, хусусан:
-давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши, халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши керак;
-давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдир;
-давлат ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди;
-мамлакат ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинади, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилади.
Фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш воситаларига эга. Ушбу воситалар қаторида қуйидагиларни келтириш мумкин:
1.Тегишли давлат органларига шикоят билан мурожаат қилиш. Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатлар тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.
2.Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан судга ариза билан мурожаат қилиш. Фуқаролар давлат органлари ва бошқа органларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан (қарорларидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож алоҳида тоифалари – болалар ва ёшлар, аёллар, ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлаш алоҳида муҳим аҳамиятга эга.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида болалар алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам ҳуқуқига эга эканликлари мустаҳкамлаб қўйилган. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида боланинг шахси соғлом ва ҳар томонлама уйғунлашган ҳолда камол топиши, у оила ғамхўрлигида, бахт, меҳр-муҳаббат ва онгли тушуниш вазиятида ўсиши зарурлиги кўрсатилган.
Ўзбеклар - болажон халқ. Инсонпарварликнинг олий кўриниши бўлган ушбу анъана асрлар давомида халқимизга мерос бўлиб келаётган қадриятдир. Ҳозирги даврда халқаро миқёсда эътироф этилаётган ушбу олий қадрият юртимизда қадим-қадимдан шаклланган. Шунинг учун Ўзбекистон давлат мустақиллиигига эришганидан сўнг ратификация қилинган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бўлган эди. 1992 йил 9 декабрда давлатимиз томонидан ратификация қилинган ушбу Конвенциянинг қоидалари асосида Ўзбекистон бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олди.
Умуман, Ўзбекистон ёшлар давлат ҳисобланиб, аҳолисининг 40 фоизини 18 ёшгача бўлган бола ва ўсмирлар ташкил этади. Шунинг учун бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар ва кафолатлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқ ўз зиммасига бола ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича муайян халқаро мажбуриятларни олган.
Ўзбекистонда халқаро шартномаларда кўзда тутилган бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга йўналтирилган 100 дан зиёд қонун, фармон, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг ташаббуси ва бевосита иштирокида 2007 йилда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинди. Ушбу Қонунда болаларнинг қуйидаги ҳуқуқлари кафолатланган:
-яшаш ҳуқуқи, у ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқидир;
-туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исми олиш, миллати ва фуқаролигига эга бўлиш, шунингдек уларни сақлаб қолиш;
-эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш;
-оилада яшаш ва тарбияланиш;
-ўз фикрини ифода этиш;
-ўзининг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий камол топишига зиён етказмайдиган ахборотни олиш;
-фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги;
-қонунда белгиланган тартибда хусусий мулкка эга бўлиш;
-турар жойли бўлиш;
-ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш;
-соғлиғини сақлаш;
-билим олиш ва бошқалар.
Мамлакатда болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилиши бевосита шу мақсадга йўналтирилган. Ўзбекистонда Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилди ва амалга оширила бошланди. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан “Меҳрибонлик уйи” ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосида қабул квоталари ажратиладиган бўлди.
Айни пайтда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга ҳам эътибор кучайтирилди. Яқин пайтгача ушбу тоифадаги болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш турли хил қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинган эди. Лекин уларнинг таълим олиш, иш билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланиш каби турли хил ҳаётий вазиятлардаги ижтимоий ҳимоясини тўлиқ таъминлаш имконини бермасди.
Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида, жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга Адлия вазирлиги билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланганди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Халқ таълими вазирлиги билан “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Учта боб ва 24 та моддадан иборат қонун лойиҳасидан умумий қоидалар, қонунда қўлланилган асосий тушунчалар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, етим, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ёмон муомала, бепарволик, эксплуатация ҳамда зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш қоидалари ўрин олган.
Қонун лойиҳасида, жумладан:
-етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоий-ҳуқуқий мақоми ҳамда бундай болаларни тарбиялаш учун жойлаштириш шакллари;
-фарзандликка олувчи оилаларни тайёрлаш ва уларга кўмаклашиш тартиби;
-ижтимоий ҳимоя, мулкий ва номулкий ҳуқуқларнинг кафолатлари;
-ҳуқуқий ёрдам олиш ва суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш;
-“Меҳрибонлик уйлари” ва интернатларни ўқиб тугатганидан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашишнинг қонуний асослари ўрин олган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат” деб кўрсатган.
Мамлакатимизда навқирон авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни таъминлайдиган зарур шарт-шароитларни яратиш, жамият ҳаётида у ўрни ва фаоллигини ошириш, соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш ёшларга доир давлат сиёсатининг асосий йўналиши ҳисболанади.
Бу давлат сиёсатини тизимли равишда амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия иш олиб бормоқда.
Ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 5 та муҳим ижобий ташаббус жорий этилмоқда. Ушбу ташаббуслар қуйидагиларни қамраб олади:
Биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.
Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.
Тўртинчи ташаббус – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.
Яна бир дастур - “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида ҳозирнинг ўзида мамлакатимизда ёшлар томонидан 719 миллиард сўмлик 4633 та бизнес-лойиҳа амалга оширилди. Ҳудудларда 125 та “Ёшлар меҳнат гузари”, 19 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ишга туширилди. Ижтимоий ҳаётда фаол қатнашиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга мўлжалланган 1731 та “Ёшлар уйи” қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, хотин-қизларнинг ҳозирги давр жамиятидаги ҳолати ва роли давримиз глобал экологик-иқтисодий муаммоларидан кейин иккинчи ўринда туради. Хотин-қизлар жаҳон аҳолисининг ярмини ташкил этади, бу инсоният салоҳиятининг ярми деганидир. 2018 йилги Жаҳон иқтисодий анжуманида эълон қилинганидек, аёлларни ижтимоий-иқтисодий фаолиятга тўлиқ жалб этиш иқтисодий ўсиш суръатлари ошиши ва дунё мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти ҳажмини кескин ортишини таъминлайди.
Бироқ аёллар эркакларга нисбатан ўртача икки баробар кам иш ҳақи олади. Хусусан, 2018 йилда эркаклар ва аёллар ўртасидаги тафовут 51 фоизни ташкил этган. Экспертлар иш ҳақи бўйича гендер тафовутни камайтириш бугунги кундаги суръатларда давом этса, эркаклар ва аёллар ўртасида ушбу масаладаги тенглик таъминланиши учун 108 йил талаб қилинади деган хулосага келган.
Шу билан бирга жаҳон мамлакатлари парламентлари депутатларининг атиги 24 фоизи аёллардир. Ҳатто АҚШда ҳам 82 конгрессменнинг атиги 14 нафари (14 фоизи), Вакиллар палатаси барча аъзоларининг 68 нафари (15,6 фоизи) аёллардир.
Хотин-қизлар одам савдосининг ҳам асосий жабрдийдалари ҳисобланади. Яъни, ҳар 10 нафар одам савдоси жабрдийдасининг 7 таси хотин-қизлардир.
Шу сабабли Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутериш “Гендер тенглигига эришиш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ҳозирги давримизнинг ҳал этилмаган вазифаси ва бугунги дунёда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг олий муаммодир” деб таъкидлаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилган пайтдан бошлаб у хотин-қизлар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. БМТнинг Бош Ассамблеяси 1975 йилни Халқаро хотин-қизлар йили деб эълон қилди ва Мехикода хотин-қизларнинг аҳволига бағишланган биринчи Умумжаҳон конференцияни ўтказди. Ушбу конференция тавсияларига мувофиқ, 1976-1985 йиллар БМТнинг “Хотин-қизлар ўн йиллиги” деб эълон қилинди.
1985 йилда Найробида БМТнинг “Хотин-қизлар ўн йиллиги” давомида эришилган натижаларни баҳолаш мақсадида Умумжаҳон конференция ўтказилди. Ушбу анжуманда Мехико конференциясида белгиланган мақсадларда тўлиқ эришилмаганлиги учун 157 та мамлакат вакиллари 2000 йилгача бўлган даврда хотин-қизларнинг аҳволини яхшилаш соҳасида Найроби истиқбол стратегиясини қабул қилди. Ушбу ҳужжат халқаро ва миллий даражада барча масалаларни кўриб чиқишда хотин-қизлар масаласи эътиборга олиниши кераклигини эълон қилиб, гендер муаммосини янги даражага кўтарди.
1995 йилда Пекинда ўтказилган хотин-қизлар аҳволи бўйича навбатдаги Умумжаҳон конференцияси ушбу йўналишда яна бир янги қадам бўлди. Унда қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси хотин-қизлар ҳуқуқларига амал қилишни таъминлаш бўйича аниқ вазифаларни кўрсатиб берди.
2010 йил 2 июлда эса БМТ Бош Ассамблеясининг делегатлари гендер тенглигининг ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва имкониятларини кенгайтириш мақсадларига хизмат қиладиган янги “БМТ – Аёллар” тузилмасини ташкил этди. Тузилма хотин-қизлар манфаатларини таъминлашга хизмат қилиш вазифаси юкланган, БМТнинг тўрт муассасаси - БМТнинг Хотин-қизлар манфаатларини ривожлантириш жамғармаси (ЮНИФЕМ), Хотин-қизлар аҳволини яхшилаш бўйича бўлим, Гендер масалалари ва хотин-қизлар аҳволини яхшилаш бўйича Махсус малаҳатчиси идораси ҳамда БМТнинг хотин-қизлар аҳволини яхшилаш бўйича Халқаро илмий-тадқиқот ва ўқув институтини бирлаштирди.
“БМТ-Аёллар” ташкилоти Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ва бошқа миллий ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатда хотин-қизларнинг жамият сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида янада фаол иштирок этишлари, айниқса уларнинг бошқарув лавозимларидаги сонини кўпайтиришга ёрдам кўрсатмоқда.
Шу билан бирга халқаро ташкилот мамлакат Савдо-саноат палатасига “Ўзбекистонда аёллар орасида тадбиркорликни ривожлантириш” миллий дастурини амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур дастур аввалги “Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида эришилган натижалар ва орттирилган тажрибага асосланган бўлиб, асосий эътибор ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган аёллар, айниқса қишлоқ жойларида яшовчи аёлларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ чора-тадбирларга йўналтирилган.
Ҳозирги пайтда БМТ бутун эътиборини Барқарор ривожланиш мақсадларининг 17 та моддасида белгилаб қўйилган, хотин-қизларнинг тенглигини тан олиш ҳамда ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган вазифаларни бажаришга қаратган.
Хотин-қизларнинг тенглигини таъминлаш учун ҳали кўпгина мамлакатларда миллий қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши талаб қилинади. Амалга оширилган таҳлиллар жаҳоннинг 143 мамлакатида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги Конституция томонидан кафолатланганлигини кўрсатди. Бошқа мамлакатларда ҳозирги кунгача бундай кафолатлар мавжуд эмас.
Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб хотин-қизларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳимоя қилиниши, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олинган эди. Ушбу сиёсатнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
биринчидан, аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини, оналик ва болаликни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш;
иккинчидан, аёлларнинг оилада, жамиятда ҳамда жамоат ва давлат ишларини бошқаришдаги ролини ошириш;
учинчидан, аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш;
тўртинчидан, аёлларнинг мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишига эришиш.
Ўзбекистон 1979 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясига Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб аъзо бўлган.
Кейинги йилларда аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди.
2019 йил 2 сентябрда мамлакатимиз Президентининг ташаббуси асосида Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Хотин-қизлар ва Эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Хотин-қизлар қўмитаси ва Адлия вазирлиги мутахассисларининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган ва авваламбор жамият ҳаётининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имконият яратиш, турмушда, иш жойида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қонунда, шунингдек гендер тенглиги, аёлларни камситиш тушунчаси ва турлари, мутасадди органларнинг ваколатлари, давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллашда, кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, бундай тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ҳам қабул қилинган. Мазкур Концепцияни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази қайта ташкил этилди. Натижада оила муаммоларини комплекс ўрганиш, мавжуд ҳолатни таҳлил этиш, мониторинг қилиш ва баҳо бериш, илмий тадқиқотлар орқали оила фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган янги тизим яратилди.
Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тубдан янги асосда ташкил этилди. Уларга қўшимча ваколат ва имкониятлар берилиб, самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилди. Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлимлари қошида “Ҳуқуқшунос аёллар”, “Илм-фан ва аёл”, “Ижодкор аёллар”, “Ташаббускор аёллар”, “Аёл ва саломатлик”, “Фахрий аёллар” жамоатчилик уюшмалари ташкил этилди. Ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизими яратилмоқда.
Мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Шу жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1400 га яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Улардан 17 нафари сенатор, 16 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, 1075 нафари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари таркибида фаолият юритмоқда. 500 нафардан зиёд аёл фан докторлари ва академиклар, минглаб фан номзодлари ўз билими ва истеъдоди билан мамлакат равнақига муносиб ҳисасини қўшиб келмоқда. Мустақиллик йилларида 2180 нафардан ортиқ хотин-қизлар юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди. Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар учун “Мўътабар аёл” нишони ҳам таъсис этилган.
Аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касбларга тайёрлаш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилмоқда. Агар 2014-2016 йилларда тижорат банклари томонидан хотин-қизларга тадбиркорлик учун жами 3 триллион 800 миллиард сўм кредит ажратилган бўлса, биргина 2018 йилнинг ўзида эса бу кўрсаткич 3 триллион 361 миллиард сўмни ташкил этди.
Ўзбекистонда Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тузилган. Фонд маблағларидан кам таъминланган, шахсий уй-жойга муҳтож оилаларга уй-жой олиш учун ажратиладиган кредитларнинг бошланғич бадалларини тўлаб беришда фойдаланилади.
Кейинги икки йил давомида 2211 та янги болалар боғчаси ташкил этилиб, уларга қўшимча 243 минг кичкинтой қабул қилинди. Умуман яқин 4-5 йил давомида боғча ёшидаги барча болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш вазифаси қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида меморандум имзоланиб, ажрашиш учун ариза берган шахсларни дастлаб Хотин-қизлар қўмитасида суҳбатдан ўтказиш ва ажрим юзасидан хулосасини олиш йўлга қўйилди. Судларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари жамоатчилик асосида ҳимоячи бўлиб иштирок этмоқда. Бундай янги амалиёт натижасида 2018 йилнинг ўзида жиноят содир этган ва ҳуқуқбузарликка қўл урган 893 нафар хотин-қиз кафилликка олиниб, жазодан озод этилди.
Жаҳонда умумий аҳолининг 15 фоизи - 1 миллиарддан ортиқ турли ногиронлиги бор одамлар яшайди. Курраи заминимиздаги энг қашшоқ одамларнинг 20 фоиздан кўпроғи ҳам ногиронлардир.
Бу ҳисобга олинган ҳолда 1982 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси Ногиронларга нисбатан умумжаҳон ҳаракатлар дастурини қабул қилган. БМТ Бош Ассамблеяси шу билан бирга 1983-1992 йилларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ногиронлар ўн йиллиги” деб эълон қилган.
2006 йил 13 декабрда эса БМТ Бош Ассамблеяси Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унга Факультатив протокол қабул қилди. Шунингдек, БМТ 18 мустақил экспертдан иборат Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмита ташкил қилган, Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича Махсус маърузачи институтини таъсис ҳам этган.
Ногиронларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2006 йил 13 декабрдаги 61/106-резолюцияси билан қабул қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳамда унга Факультатив протоколда мустаҳкамлаб қўйилган.
Ушбу Конвенциянинг 3-моддасида ногиронларнинг қуйидаги ҳуқуқлари қайд этилган:
-инсонга хос бўлган қадр-қимматини, шахсий мустақиллиги, шу жумладан мустақил танлови эркинлигини ҳамда мустақиллигини ҳурмат қилиш;
-камситмаслик;
-жамиятга тўла ва самарали жалб этиш ва қўшиш;
-ўзига хос хусусиятларини ҳурмат қилиш ва буни инсоний турфа хилликнинг таркиби ва инсониятнинг бир қисми сифатида қабул қилиш;
-имкониятларининг тенглиги;
-ҳамма нарсадан тўсиқсиз фойдаланиш;
-эркаклар ва аёлларнинг тенглиги;
-ногирон болаларнинг ривожланаётган қобилиятларини ва ўз шахсий хусусиятларини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш.
Конвенцияда қайд этилган қоидаларга риоя этилиши ва иштирок этувчи давлатларнинг мазкур масала бўйича мажбуриятларининг ижросини таъминлашни мувофиқлаштириш ва бунинг мониторингини амалга ошириш мақсадида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ташкил этилган.
Ўзбекистон 2009 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини имзолаган. 2008 йилда “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳам қабул қилинган.
Шу билан бирга амалиёт ногиронларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ногиронликни белгилашда қатор қийинчиликлар ва сунъий тўсиқлар юзага келаётганидан далолат берарди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг анатомик ва физиологик нуқсонлари аниқ кўриниб турган бўлишига қарамай, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги тафовутлар ҳамда ташкилий ишлардаги хатоликлар туфайли улар қатор тиббий кўриклардан қайта-қайта ўтишга мажбур бўлаётган эди. Улардан тегишли қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатлар – меҳнат дафтарчасидан кўчирма, фуқаролар йиғинидан маълумотнома, никоҳ гувоҳномаси асоссиз талаб этиларди.
Шунинг учун давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя моделини реал талаблар асосида умум эътироф этилган халқаро стандартлар даражасига кўтариш зарур. Бу борада ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахсларни, эҳтиёжманд ва ночор оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни арзон уйлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келаётганимиз барчангизга маълум”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатда мавжуд 700 мингдан кўпроқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имкониятларини яратди.
Фармон билан Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутади:
-ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш;
-ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш самарадорлигини ошириш;
-ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни таъминлаш;
-ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг таҳлили қонун ижодкорлиги фаолиятида икки йўналиш – ногиронликнинг “ижтимоий модели” ва “тиббий модели” тамойиллари мавжуд эканлигини кўрсатди.
“Ижтимоий модель” ногиронликка нисбатан ижтимоий ёндашувни мустаҳкамлаб қўйган. Бу моделга кўра, инсон соғлиғининг бузилиши сабабли эмас, балки у тўқнаш келадиган бахтсиз ҳодисалар туфайли ногиронликни орттириб олади. “Тиббий модель” эса ногиронликни касаллик ва меҳнатга лаёқатсизлик сифатида баҳолайди. Мамлакатимиз қонун ҳужжатларида ногиронликнинг айнан тиббий тушунчаси устунлик қилиб келган. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ҳаётида фаол иштирок этишга тўлиқ имкон бермаган.
1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, “ногирон” тушунчаси ногиронлиги бўлган шахсларни аҳолининг ижтимоий ёрдам ва ҳимояга махсус ҳуқуқлари бўлган алоҳида тоифаси қаторига киритилган.
“Тиббий модел”га асосланган ушбу Қонунда ноиронлиги бўлганларга нисбатан камситувчи муносабат шаклланган. Мазкур ҳолат уларнинг салоҳиятини намоён қилишга ва инсоннинг асосий ҳуқуқларига риоя этилишини, имкониятларнинг тенглигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида тўлиқ иштирок этишини кафолатламаган. Қонун асосан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳуқуқларини тартибга солган, аммо улар ҳуқуқ ва эркинликларини тўла қамраб олмаган.
Шунинг учун Президентимизнинг Фармони асосида янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ мамлакатимиз фуқаролик институтларини кенг жалб этган ҳолда фаол иштирок этди.
Янги таҳрирдаги Қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг барча соҳаларини тўла қамраб олган. Қонунга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талаблари имплементация қилинган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартлар жорий этилган. Қонунда “ногирон” ва “ногирон болалар” тушунчаларига аниқлик киритилган. Яъни:
“ногирон – жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахс;
ногирон болалар – жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар”дир.
Янги таҳрирдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бир қатор вазифаларни ҳал этишга хизмат қилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай жисмоний муҳит – бинолар, транспорт, ахборот ва алоқалардан фойдаланиш, шунингдек, улар учун ижтимоий, иқтисодий, маданий муҳит, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларининг исталган туридан баҳраманд бўлиш имкониятининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Янги таҳрирдаги Қонун ногиронлиги бўлган шахсларни камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам беради. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятини таъминлаш, ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этиши, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятини ошириш кафолатлари яратилди. Бундан ташқари, ногиронликни белгилаш тартиби янада такомиллаштирилди.
Кейинги йилларда мамлакатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилди. 2018/2019 - ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда 2 фоизли квоталар жорий қилинди. Бу уларнинг олий маълумотга эга бўлишини таъминлаб, жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтирди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишни кенг рағбатлантириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзи томонидан тадбиркорлик билан шуғулланишга шароит яратиш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ходим сифатида ёллаган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг имтиёзли ставкаси белгиланди.
2018 йил 1 мартдан эса Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланди. Бу ногиронлиги бўлган шахсларга автобус ва бошқа шаҳар йўловчи транспорти турларидан фойдаланишни жиддий тарзда енгиллаштирадиган бўлди.
Миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда махсус ускуналар билан қайта жиҳозлана бошланди.
Биргина 2018 йилнинг ўзида 21 минг 500 дан зиёд ногиронлиги бўлган оила арзон уй-жойлар билан таъминланди. Бундан ташқари, 30 минг 500 га яқин ногиронлиги бўлган шахсга умумий қиймати 3,6 миллиард сўмлик протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари ажратилди. Уларнинг 16 минг нафари реабилитация марказларида даволанди ва бу мақсадлар учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”.
Аммо аввалги йилларда таълим муассасалари ўқитувчи ва талабаларини, давлат муассасалари ходимларини қишлоқ хўжалик, қурилиш, ободончилик ишларига, турли тадбирларга жалб қилиш амалиёти учраб келган. Жумладан, 2018 йилда мажбурий меҳнатга жалб этиш масалалари бўйича 2135 та мурожаат келиб тушган. Тегишли ҳуқуқни ҳимоя қилиш давлат органлари, хусусан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан 185 та мурожаат ўрганилиб, тегишли ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахслар қонун асосида маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 250 та ташкилотга мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан талабнома, 50 дан зиёд ташкилот раҳбарларига эса худди шу муносабат билан тақдимномалар киритилган.
Инсон ҳуқуқлари миллий марказининг Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа тегишли давлат органларининг Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлиги натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан давлат органлари ишидаги тизимли камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, мамлакатда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига тўлиқ барҳам бериш чоралари белгиланди. Ушбу Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари зиммасига:
-фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш;
-фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўриш;
-мажбурий меҳнатдан фойдаланиш бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан тегишли ахборотни жавобгарлик чораларини қўллаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига зудлик билан етказиш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 28 августда “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Ушбу қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришларда қуйидагилар белгиланган:
-маъмурий тартибда меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик оширилиб, энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди (авваллари бир баравардан уч бараваригача бўлган). Агар ушбу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса энг кам иш ҳақининг 30 бараваридан 100 бараваригача жарима солинадиган бўлди;
-вояга етмаган шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача (авваллари беш бараваридан ўн беш бараваригача бўлган), агар бу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинадиган бўлди.
Шунингдек, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди. Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
-давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
-миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;
-одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;
-одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш.
Ушбу муаммо бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чоралар халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Хусусан, АҚШ Давлат департаментининг одам савдоси бўйича 2019 йил учун эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатни тугатишда кўрсатаётган сиёсий иродаси алоҳида эътиборга молик эканлиги алоҳида таъкидланган.
Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 27.12.2019
- Кўришлар: 14980
- Чоп этиш