27 ноябрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Россия Федерациясидаги офисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим борасидаги амалий тажрибасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақасидаги офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Учрашувдан мақсад – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Россия Федерациясидаги офисининг Россия юридик таълимга ихтисослашган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари соҳасида магистрлик дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этишда борасидаги амалий тажрибасини ўрганишдан иборат. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасалари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида магистрлик дастурини ишлаб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент Давлат юридик университети, Халқаро Вестминстер университети, Судьялар олий мактаби, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги Академиялари вакиллари, шунингдек, турли вазирлик ва ташкилотлар мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев сўзга чиқди.
Учрашув иштирокчиларига “2030 йилгача бўлган давр учун барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби” ва Барқарор тараққиёт мақсадлари бўйича Ўзбекистон зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш орқали бу борада самарадорликни ошириш истиқболларига эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.11.2019
- Кўришлар: 5219
- Чоп этиш