Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)да вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари орасидан танлов асосида сараланган ўқувчилар учун Кореядаги ўрта мактаб (Gimcheon High School) га тайёргарлик курслари бошланди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида юртимиз ёшларини талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш орқали камбағаллик даражасини 2 баробар камайтириш белгиланган. Бу мақсадга эришиш учун мамлакатимиздаги мактабларнинг иқтидорли ўқувчиларини дунёдаги нуфузли мактабларда ўқитиш белгиланган.
Самарқанд халқаро технология университети мазкур ижтимоий лойиҳани амалга ошириш учун Кореянинг Гимчеон ўрта мактаби билан ўзаро англашув меморандуми имзолаган. Унга кўра, SIUT томонидан Самарқанд вилоятидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари орасидан танлов асосида сараланган ўқувчилар Гимчеон ўрта мактабида ўқийди.
Яқинда SIUT таркибидаги Корея технология ва маданияти институти (KITC), Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Темир дафтар”да рўйхатда турган оилаларнинг 31 нафар фарзанди ўртасида зеҳн тест синови ўтказилди. Ушбу босқичдан ўтган 7 нафар истеъдодли ўқувчи иккинчи босқичда интервю асосида яна бир бор синовдан ўтди ва уларнинг 5 нафари Кореяга ўқишга тавсия этилди.
– Вилоятнинг Иштихон, Оқдарё, Каттақўрғон ва Ургут туманларида яшовчи бу беш нафар ўқувчи энди SIUT Васийлик кенгаши раиси Бахтиёр Фазиловнинг махсус гранти асосида 6 ой мобайнида, яъни шу йилнинг декабрига қадар университетимиз профессор-ўқитувчилари томонидан бошланғич корейс тили, математика ва инглиз тили фанларидан махсус курсларда ўқийди – дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаев. – Ўқув курси давомида ўқувчилар турар жой ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Сўнгра улар Гимчеон ўрта мактабига ўқишга юборилади. Ўқувчиларга уч йил давомида Гимчеон ўрта мактабида стипендия берилади, ўқиши, турар жойи, Кореяга бориш чиптаси, дарсликлар билан таъминланиши кафолатланади. Мактабни битирганларидан сўнг ўқувчилар нуфузли университетларда ўқиш ҳуқуқига эга бўлишади. Жумладан, бизнинг университетга имтиҳонсиз қабул қилинади. Яқинда Корея Республикасига сафаримиз давомида ушбу мактабда ҳам бўлиб, у ердаги ўқиш жараёнлари билан танишдик, раҳбарлар билан учрашиб, ўзаро фикр алмашдик.
Самарқанд халқаро технология университетида Гимчеон ўрта мактабига тайёргарлик ўқув курси бошланиши муносабати билан танловлардан муваффақиятли ўтган ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилди.
– Набирам Шоҳимардон Корея мактабида ўқиш имкониятига эга бўлганидан бутун оиламиз хурсандмиз, – дейди Ургут тумани Бешкапа маҳалласида яшовчи Шароф Қурбонов. – Бу имкониятни яратиб берган Самарқанд халқаро технология университети раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Бугун университетга келиб, набираларимизга яратилган шароит билан танишдик, профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлашдик. Ҳаммаси жуда яхши ташкил этилган. Насиб этса, бу йигитлар Кореяда яхши ўқиб, юртимиз равнақига хизмат қиладиган мутахассис бўлишади.
– Бизга қўнғироқ қилиб танловдан муваффақиятли ўтганимни айтишгани ҳаётимдаги тарихий кун бўлди, – дейди Оқдарё тумани Темирак маҳалласида яшовчи Озодбек Йўлдошев. – Ҳозир бешовлон Кореяга кетиш олдидан университетда бошланғич курсларда ўқияпмиз. Таълим олишимиз учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Дарсларимиз ҳам аъло даражада ташкил этилмоқда. Биздан ягона талаб – фақат яхши ўқиб Гимчеонда ҳам ёруғ юз билан ўқишни давом эттиришдир.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 05.07.2024
- Кўришлар: 1432
- Чоп этиш