Тошкентда ташкил этилган “XXI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуидаги нуфузли халқаро форумда ушбу долзарб масала ҳам муҳокама марказида бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда БМТ, ЕХҲТ ДИИҲБ, Халқаро миграция ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форумнинг гендер тенглик ва янгича мазмундаги оила сиёсати масалаларига бағишланган иккинчи шўъба мажлисини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Марказий Осиё мамлакатлари учун “БМТ-аёллар” офиси вакили Ульзисурен Жамсран бошқарди.
Халқаро анжуманда гендер тенгликни таъминлаш бўйича Ўзбекистонда сезиларли қадамлар қўйилгани таъкидланди. Шу мақсадга қаратилган қонунлар қабул қилиниб, давлат бошқарувида хотин-қизларнинг ўрнини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда.
Бироқ мамлакатда хотин-қизлар аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этишига қарамай, муҳим қарорлар қабул қилинишида уларнинг ўрни ҳали етарли эмас. Давлат бошқарувида хотин-қизлар салмоғи ҳамон камлигича қолмоқда.
Жамият ва давлатни бошқаришда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг манфаатларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Иккинчи шўъба иши доирасида бир қатор миллий ва хорижий экспертларнинг гендер ва оила сиёсатига доир маърузалари тингланди.
Жумладан, Озарбайжон Республикаси Оила, аёллар ва болалар муаммолари бўйича давлат қўмитаси раҳбари Ҳижран Гусейнова “Гендер, аёллар, болалар: Озарбайжон тажрибаси ва амалиёти”, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқотлар институти директори Дилором Тошмуҳамедова “Оила институтини мустаҳкамлаш сиёсати – Ўзбекистон ижтимоий сиёсатининг қисми сифатида”, Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати депутати, Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Аёллар ишлари ва оила-демография сиёсати бўйича миллий комиссияси раиси Лаззат Сулейман “Қозоғистон оила ва гендер сиёсати соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари” мавзуларида маъруза қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
(ЎзА фотосуратларидан фойдаланилди)
- Қўшилди: 29.11.2019
- Кўришлар: 5173
- Чоп этиш