Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Қурилиш ишлари ва экспозиция билан танишиш жараёнида давлатимиз раҳбари марказ фаолиятини ташкил этиш, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.
Ўзбекистон бир неча минг йиллик улуғвор ва муҳташам тарихга эга. Унинг турли даврларида жаҳоншумул цивилизациялар, йирик империялар, шаҳарлар ва бебаҳо меъморий обидалар вужудга келган. Улуғ аждодларимизнинг тенгсиз маданий мероси инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Уларнинг илмий, тарихий ва бадиий асарлари бугун дунёнинг турли нуқталарида, хориж тўпламлари, жамғармалари, кутубхона ва музейларида ҳам сақланмоқда.


Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси давомида бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас Ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Хусусан, IX-XI асрларда Хоразмда ташкил этилган Маъмун академияси, XV асрда Самарқандда шаклланган Мирзо Улуғбек илмий мактаби, Хуросонда Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро сингари аждодларимиз шакллантирган маданий муҳитнинг етук вакиллари ўзларининг бой маънавий мероси билан дунёга донг таратганлар.
Ўрта асрларнинг илк даврида улуғ аждодларимиз томонидан математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ фанлар билан бирга, тарих, география, фалсафа, маданият ва санъат, архитектура соҳаларида яратилган буюк илмий ғоя ва кашфиётлар жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожида кескин бурилиш ясаган.


Бугунги кунда шиддат билан ривожланаётган ахборот техлогияларининг тамал тоши бевосита бобокалонимиз Абу Мусо Муҳаммад ал-Хоразмий асос солган саноқ тизимига бориб тақалиши, ҳаким Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари Германияда ихтиро қилинган матбаа ускунасида босилган илк китоблардан бири эканлиги, 1037 йилда Абу Райҳон Беруний оддий устурлоб ёрдамида Ер радиусини ўта юқори аниқликда ўлчаб чиққани, 1492 йилда Христофор Колумб айнан Аҳмад ал-Фарғоний тузган ернинг даражасини аниқлаш ҳақидаги ҳисоб-китоблари асосида Америка соҳиллари етиб боргани каби ўнлаб далиллар улуғ алломаларимизнинг чексиз ақл-заковати ва идрокидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, ўз миллий тарихи ва маданиятига, интеллектуал ва маънавий салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш, уни асраб-авайлаш ва бойитиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш жаҳондаги ҳар бир давлат ва жамиятнинг моддий ва маънавий тараққиётида ҳал қилувчи ўрин эгаллайди.


2017 йилнинг 23 июнь куни Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши эса бу масалада қўйилган энг улуғ қадамлардан бири бўлди.
Мазкур марказ минг йиллар илгари ота-боболаримиз асос солган цивилизациялар ва уларнинг мантиқий давоми бўлган Янги Ўзбекистоннинг илмий, маданий-маърифий салоҳиятини жаҳонга намоён қилиши лозим.
Марказдан бой музей ва кутубхона, анжуманлар зали, аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари, ахборот-ресурс маркази, академия, архив ва қўлёзмалар фонди ўрин олади. Кутубхона ҳамда фондларни мамлакатда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзмалар, тошбосма китоблар, тарихий ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш, 300 ўринли конференция зали барпо этиш ҳам кўзда тутилган.


Шу билдан бирга, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, Мусулмон Ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморлик ривожи тўғрисида кенг қамровли маълумотлар бериш, динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, ИРСИКА каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда ўқитувчи ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам кўрсатиш ҳам Марказнинг асосий вазифалари қаторидан жой олган.
Ўтган йили 30 июнь куни Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизга ташрифи чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Мамлакатимизда маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилишга қаратилаётган эътиборга юқори баҳо берди.
– Афсуски, сўнгги йилларда дунёда исломофобиянинг турли кўринишлари билан тўқнаш келмоқдамиз, – деган эди Антониу Гутерриш. – Бу бизни қаттиқ ташвишга солмоқда. Ана шундай бир пайтда мамлакатингиз раҳбари бошчилигида катта илмий-маърифий муассасанинг барпо этилиши, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалашга ҳаракат қилиниши жуда улуғ ишдир.

Ўтган йилнинг 3-4 июль кунлари Тошкентда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ташаббуси билан “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” мавзусида биринчи олимлар форуми ўтказилди.
500 га яқин шарқшунос, тарихчи, қуръоншунос, этнограф ва санъатшунос олимлар, тадқиқотчи ва экспертларни қамраб олган форумда Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари, келгуси режалари, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокама қилинди.
23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренесанс асоси” мавзусида халқаро анжуман, 18-26 октбярь кунлари Тошкентда “Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва цивилизациялар” мавзусида халқаро маданий мерос ҳафталиги ўтказилди. Ушбу халқаро тадбирда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан 350 дан зиёд олимлар ва мутахассислар, музейлар ва кутубхоналар, илмий-тадқоқот муассасалари вакиллари иштирок этди.
Ушбу йирик анжуманларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида марказ концепциясини бойитиш, контентни шакллантириш мақсадида 700 дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилди.
Муҳтарам Президентимиз ташрифи давомида марказ қурилиши, сўнгги босқичдаги безатиш ишлари, шунингдек, экспозицияси лойиҳалари билан танишди. Аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизни буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароит яратилишига эътибор қаратди.
Марказнинг энг асосий қисмидан Қуръони карим зали ўрин олади. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, Мусҳаф атрофига жаҳоннинг энг мўътабар Қуръон қўлёзмалари, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган Каломуллоҳ нусхалари, уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари ҳам қўйилади.
Президентимиз ушбу нодир қўлёзмалар билан танишар экан, тарихни ўрганишда катта қадамлар ташлангани, янги манбалар юзага чиқаётгани, уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, халқимиз, хусусан, ёшларга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш кераклигини таъкидлади. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур.
Шунингдек давлатимиз раҳбарига “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ҳамда улардан жой олиши кўзда тутилаётган экспонатлар ҳақида маълумот берилди.
Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирлар, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг Ислом маърифатига қўшган ҳиссаси марказ контентидан алоҳида жой олади.
Президент марказнинг асосий кириш фойесидан ўрин оладиган буюк алломаларимиз, тарихий шахслар қиёфалари акс этган маҳобатли рангтасвир асарлари билан ҳам танишди. Уларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.
Шунингдек, марказ экспозияларини бир-бирига боғлайдиган, замонавий кўринишдаги “Вақт девори”, “Тарих йўлаги” сингари интерактив лойиҳалар билан ҳам танишди. Яқин вақт ичида марказ олимлари томонидан аниқланган тарихий экспонатлар, хорижий музей ва кутубхоналардан келтирилган факсимиль нусхалар, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамкорлигида нашр қилинаётган “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” , “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳалари ҳам намойиш қилинди.
Давлат раҳбарининг “Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, Ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди”, деган фикри ҳам айни пайтда бу ерда олиб борилаётган ишлар мазмун-моҳиятини белгилайди.
Марказ улуғ аждодларимиз меросини чуқур тадқиқ қилиш, уни бугунги куннинг ўткир муаммоларига жавоб бера оладиган ҳаётбахш кучга айлантириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда фаолият юритмоқда.
Ташриф давомида ана шу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу ташкилотлар фаолиятини ҳар томонлама мувофиқлаштириш, замонавий таҳдидларга муносиб илмий жавоблар топиш, “битта даргоҳ, бир мақсад, бир натижа, бир келажак” тамойили асосида ҳамкорликда иш олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Албатта, давлат раҳбарининг буюк маданий-маърифий меросга бўлган улкан эътибори яна бир бор ўз исботини топди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси, ҳамкор ташкилотлар, илмий муассасалар вакиллари учун бу ташриф, унда кўтарилган масалалар, қимматли йўл-йўриқ ва тавсиялар катта куч ва илҳом бахш этди, дейиш мумкин. Ана шу эзгу мақсад йўлида куч ва имкониятларни бирлаштириш, олдимизга қўйилган масъулиятли вазифаларни адо этиш учун ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиш лозим.
Рустам ЖАББОРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси
маркази илмий котиби.
Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 03.02.2025
- Кўришлар: 419
- Чоп этиш