Мамлакатимизда ўтган йили Германия Федератив Республикаси эълон қилингани ва ГФР Асосий қонуни қабул қилинганлигининг 70 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар ўказилганди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон – Германия юридик форуми айниқса катта аҳамият касб этди.
Яқинда пойтахтимиздаги «Niso Poligraf» нашриёти томонидан ана шу анжуман материаллари алоҳида тўплам шаклида ўзбек, немис ва рус тилларида чоп этилди. «Германия ва Ўзбекистоннинг конституциявий ривожланиши тенденциялари» тўплами кириш сўзи, маърузалар, қўшимча материаллар ва фотолавҳалардан иборат.
Энг муҳими, ушбу китоб 2019 йил 23 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Германия юридик форумининг асосий мазмунини ўзида мужассамлаштирган. Форум материалларининг кенг қамрови ва маърузаларнинг салмоқли мазмуни ҳамда мазкур тадбирнинг муҳим хусусиятларидан келиб чиқиб, янги нашрни сиёсий, ҳуқуқий, илмий, маданий йўналишдаги аҳамиятли тўплам сифатида тавсифлаш мумкин.
Тўпламнинг сиёсий-ҳуқуқий тавсифи, бир томондан, унда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ҳар уч бўғини олий органларининг юқори мартабали мансабдор шахслари кириш сўзлари ва маърузалари ўрин олганлиги билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т.Норбоева, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Б. Мирбобоев кириш сўзи ва маърузалари шулар жумласидандир.
Иккинчи томондан, Германия Федератив Республикаси Асосий қонуни асосчиларидан бири, федерал канцлер Конрад Аденауэрнинг қизи Бетина Аденауэрнинг маърузаси ҳамда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Г. Оверфельд, Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Т. Кунце ва германиялик бошқа нуфузли меҳмонларнинг маърузлари ушбу тўпламдан ўрин олган ҳам унинг сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатади.
Тўпламдан жой олган кириш сўзлари ва маърузаларнинг аксариятида Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги кенг қамровли ва дўстона муносабатларнинг ўтмиши, бугунги куни ва истиқболлари муҳокама этилган.
Қолаверса, мазкур тўплам илмий-ҳуқуқий хусусиятга эгалиги билан алоҳида ажралиб туради. Унда Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси илмий-ҳуқуқий доиралари нуфузли вакилларининг маърузалари ҳам ўз мужассамини топган.
Жумладан, китобда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, профессор А. Саидов, Германиянинг Хемниц техника университети профессори Франк Лотар Кролл, профессор М. Рустамбоев маърузалари чоп этилган. Бу чиқишларда Ўзбекистон ва ГФР конституциявий ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари, ўхшашлиги ва фарқлари, Германиянинг конституциявий ривожланиши тарихи, унда инсон ҳуқуқлари ўрни каби масалалар илмий-назарий таҳлил қилинган.
Тўпламнинг маданий-ҳуқуқий хусусияти ҳақида ҳам тўхталиш жоиз. Чунки ундаги материаллар икки маданият вакилларининг умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳидаги мулоқотини акс эттириши билан тавсифланади.
Муаллифлар конституциявий ривожланиш мавзуси доирасида ўзбек ва немис халқлари маданиятига хос ҳуқуқий қадриятларнинг шаклланиши ва ривожланиши масалаларига эътибор қаратганлар. Бундан ташқари, Конституция, конституциявий тузум, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти каби умуминсоний ҳуқуқий қадриятлар маданий ўзига хослик билан уйғунликда чуқур талқин қилинган.
Шу ўринда кириш сўзлари ва маърузаларнинг муаллифлари турли йўналишларда Ўзбекистон ва Германия алоқаларининг ривожланишига ҳисса қўшиб келаётган амалиётчи сиёсатчи ва ҳуқуқшунослар эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунинг учун улар томонидан тақдим этилган ҳар бир фикр-мулоҳаза бевосита ҳаётдан олинган ва катта амалий аҳамиятга эга.
Янги тўплам икки мамлакатнинг сиёсий, ҳуқуқий, илмий, маданий ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлиги ривожланишини рамзий ифодалайди. Шунингдек, унда ушбу кенг кўламли ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишларини муҳокама қилишга хизмат қилиши мумкин бўлган илғор ғоя ва хулосалар тақдим этилган.
Шу маънода, мазкур китобни ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабалар, ҳуқуқшунос профессор-ўқитувчилар ва юридик соҳа мутахассислари, умуман, кенг жамоатчиликка тавсия этамиз. Қўлланма Ўзбекистон ва Германия конституциявий ривожланиши ҳамда икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги истиқболлари бўйича билим ва маълумотларни кенгайтиришда қўл келади.
Ўткир Очилов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази маъсул ходими,
юридик фанлар номзоди, доцент
- Қўшилди: 18.05.2020
- Кўришлар: 4301
- Чоп этиш