Ҳар йили 26 апрель куни жаҳон миқёсида Халқаро интеллектуал мулк куни нишонланади ва бу кун муайян бир мавзуга бағишланади. Бундан мақсад интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек уни ҳимоя қилиш тараққиётга қанчалик даражада ёрдам бераётганлиги тўғрисида ахборот алмашинувини ташкил қилишдан иборат.
Халқаро интеллектуал мулк куни интеллектуал мулк ҳуқуқи маданиятини оширишга қаратилган халқаро сана ҳисобланади. Бу ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг бизни ўраб турган оламга, товар ва хизматлардан тортиб инновациявий технологияларгача турмушимизга, уни янада яхшилашга, жамиятнинг иқтисодий ва маданий ривожланишига хизмат қилишини одамларга етказишда мазкур сананинг аҳамияти жуда муҳимдир.
Халқаро интеллектуал мулк куни турли йилларда қуйидаги шиорлар остида ўтган. Бу сана:
2001 йилда – “Бугун келажак яратилаяпти”;
2006 йилда – “Ҳаммаси ғоядан бошланади”;
2013 йилда – “Ижод – кейинги авлод”;
2017 йилда – “Инновациялар: турмуш сифатини ошириш”;
2018 йилда – “Ўзгаришларни ҳаракатга келтирувчи куч – аёллар инновациялар ва ижод соҳасида”;
2019 йилда – “Олтин учун курашиш: интеллектуал мулк ва спорт” шиорлари остида нишонланган.
2020 йилда Халқаро интеллектуал мулк куни “Инновациялар “яшил” келажак учун” шиори остида ўтмоқда.
Мамлакатимиз раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида интеллектуал мулк ҳуқуқини таъминлаш механизмларини кучайтириш, уни ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиётни жадаллаштириш пойдеворига айлантириш борасида қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида интеллектуал мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ҳар бир йил дастурида илм-фан, маърифат, инновациялар, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни таъминловчи омилига алоҳида урғу берилаётир.
Президентимиз 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилди. Ушбу йилнинг Давлат дастурида илм-фан, интеллектуал ижод ва инновацияларни равнақ топтириш, ёшларни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тизимида интеллектуал мулкни қўллаб-қувватлашга алоҳида ўрин ажратилган.
Жумладан, илм-фан, санъат, адабиёт ва инновациялар соҳасини ривожлантириш, унинг иқтисодиёт тармоқлари билан узвий интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш, интеллектуал мулк мухофазасини таъминлаш, ижодкорлик муҳитини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни ижодкорликка жалб қилиш, янги кашфиётлар ва ихтиролар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда муҳим қадамлар қўйилди.
Ўзбекистонда жамият тараққиётининг барча соҳаларидаги ислоҳотлар, ёндашувлардаги ўзгаришлар, яратилаётган янги механизмлар, сиёсат ва иқтисодиётда инқилобий қарорлар, халқаро майдондаги муваффақиятлар Ўзбекистон интеллектуал инновацияларга асосланган иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётни барпо этиш йўлидан бориши учун барча имкониятларни яратмоқда.
Халқаро миқёсда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган 30 га яқин халқаро ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Уларнинг кўпчилигига Ўзбекистон Республикаси қўшилган.
Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқи Конституция, Фуқаролик кодекси, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат белгилари ва товарларнинг келиб чиқиш жойлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган. Шаклланган қонунчилик асослари мамлакатда ижодкорлик муҳитини ҳар томонлама рағбатлантиришга хизмат қилади.
Ижодкорларнинг ўз қобилиятини намоён қилиши, ижтимоий тараққиётга муносиб ҳиссасини қўшиши учун барча шароитлар яратилган. Интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизми такомиллашиб бормоқда.
Буларнинг барчаси келажакда Ўзбекистонда интеллектуал мулкий фаолият натижаси сифатида инновациявий иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт барпо этилиши учун тўлақонли имкониятлар қарор топганини кўрсатади.
Шунингдек, бугунги кунда “яшил” келажакни таъминлаш замонамиз муаммоларидан бирини ташкил қилади. Бинобарин, фақат мустаҳкам ва мутаносиб ҳуқуқий ҳимояланган интеллектуал мулк тизими инсониятнинг келажагига таҳдид солаётган муаммоларга муносиб жавоб тайёрлай олади.
Бутун жаҳонда инқирозга сабаб бўлаётган коронавирус пандемияси, глобал иқлим ўзгариши, экологик мувозанатнинг бузилиши, табиатга антропоген таъсирнинг ҳалокатли тус олиши, сув ресурсларининг етишмовчилиги, Орол фожиаси ва бошқа глобал муаммолар шундан далолат бермоқдаки, инсоният табиатга нисбатан ўзининг муносабатини ўзгартириши керак. Бунинг учун эса “яшил” иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётни барпо этишда интеллектуал ижод, ихтиро ва инновациялар муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода, мамлакатимизда экологик хавфсиз ва тоза технологияларни яратиш ва жорий қилиш соҳасидаги инновациявий фаолиятни ривожлантиришга, захиралардан оқилона фойдаланишга, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқаришга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга лойиқдир.
Ўткир Очилов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 26.04.2020
- Кўришлар: 4324
- Чоп этиш