Тошкентдаги Ғалаба боғига бағишланган китобнинг Москвада тақдимоти бўлди

18 май куни Москвада Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан нашр этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот мамлакатимиз делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида ташкил этилди. Тадбирни ушбу делегация раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов олиб борди.

Тошкент шаҳрида бундан бир йил илгари бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган китобнинг Москвадаги тақдимоти “Россотрудничество” ташкилоти раҳбари Евгений Примаков билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тақдимотда Россия Федерацияси Давлат думаси Мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси Владимир Шаманов, фазогир – Россия Қаҳрамони Солижон Шарипов, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси, Россия Марказий сайлов комиссияси аъзоси Владимир Чуров, таниқли россиялик ёзувчи Федор Раззаков, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчиси Ботир Асадов ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, ушбу китоб Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ёзилган ва нашр этилган. Тақдимот иштирокчилари китобнинг беқиёс аҳамияти ҳақида сўз юритиш асносида, ушбу муҳташам нашр тарихий хотирани ёдда сақлаш нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.

Шунингдек, китоб юксак матбаа ютуқлари асосида чоп этилгани, муаллиф танланган мавзуни ёритиш масаласига ниҳоятда серқирра ёндашгани, хусусан, китоб саҳифаларида ҳатто турли миллат ва элатлар вакилларидан таркиб топган “Туркистон легиони” ва “Француз қаршилик ҳаракати” билан боғлиқ маълумотлар ҳам жой олгани эътироф этилди. Бундан ташқари, китобнинг кенгайтирилган шаклини Россия Федерациясида нашр этиш таклифи билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech