Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги байрами арафасида мамлакатимизда биринчи марта Асосий қонунимиз Брайл алифбосида китоб ҳолида нашрдан чиқди.
Ушбу расмий нашр Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан чоп этилди. Бу эзгу ишда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси яқиндан ёрдам берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, кейинги йилларда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Конституциянинг 14-моддасига мувофиқ, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги давлат фаолиятининг асосий мезонларидан бири саналади. Асосий Қонуннинг IX боби фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлайди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири имконияти чекланган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш ҳисобланади.
Шу маънода, Брайл алифбосида чоп этилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” расмий нашри юртимиздаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга ошириш мақсадларига хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.12.2020
- Кўришлар: 5358
- Чоп этиш