Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Covid-19 пандемияси ҳақидаги уюм-уюм уйдирма мақолалар ва кенг жамоатчиликни чалғитувчи муносабатлар орасидан аниқ далилларни ажратиб ва саралаб тақдим қилаётган журналистларнинг хизматини алоҳида қайд этаётгани бежиз эмас. Шунга қарамай, интернетда тождорвирус билан боғлиқ ёлғон маълумотлар тарқалиши давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда шу баҳонада ҳар хил нотўғри, адоватли ва зарарли баёнотлар эълон қилинмоқда. Айниқса, алоҳида инсонлар, бутун бошли гуруҳлар, ҳатто суверен давлатларни ҳам ноҳақ айблаш ва қоралаш ҳолатлари авж олмоқда.
Очиқдан-очиқ фитна ва нафратга тўла бундай бўҳтонларнинг баъзиларида Ўзбекистон ҳукумати гўёки коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг жиддий оқибатларини олдиндан кўра билмаган, дея иддао қилинган. Юртимизда жорий этилган ўзини ўзи яккалаш каби мажбурий ҳимоя, яъни карантин чоралари эса фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига хилоф тартиблар сифатида талқин этилмоқда.
Қуруқ сафсатадан иборат айрим чиқишларда кейинги 3-4 йилда Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қандай демократик янгиланишларни амалга оширмагани даъво қилинади. Аксинча, мамлакатда ҳали ҳам эскича диктатура тутуми давом этаётган эмиш.
"Санамай саккиз дема, ўйламай – ўттиз", дейдилар. Халқимизнинг неча асрлар илгари сайқал топган ушбу мақоли ҳар бир инсонни ўз фикрини эркин ифода этишда холис, адолатли ва ҳушёр бўлишга ундайди.
Кейинги даврда ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни халқимиз нафақат кўриб-билиб ва қўллаб-қувватлаб турибди, балки ушбу қамровли ва самарадор ўзгаришларда фаол иштирок этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янгиланаётган Ўзбекистоннинг ютуқлари жаҳон ҳамжамиятининг эътирофларига сазовор бўлмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистондаги янгиланишларга доир шубҳаларнинг савобу гуноҳини ўша "фолчи"ларга бағишлаймиз. Ўзимиз эса, мамлакатимизда коронавирусга қарши олиб борилаётган изчил ва самарали курашнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритиш билан кифояланамиз.
Ўзбекистон коронавирусга қарши курашишга доир барча қарорларини БМТ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсиялари асосида қабул қилмоқда. Бу тавсиялар дунёдаги энг сара эпидемиологлар ва мутахассислар, шунингдек айни йўналишда ибратли тажриба орттирган мамлакатлар таклифлари негизида ишлаб чиқилгани учун ишончли ҳамда самаралидир.
Биринчидан, ЖССТ талабига кўра, аввало вазиятни назоратда ушлаш, касалликнинг тарқалиш манбаларини аниқлаш ва жиловлаш шарт. Бу ҳар қандай пандемияга қарши курашишнинг устувор принципидир.
Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун аввалбошданоқ зарур чоралар кўрилди. Диагностика, даволаш, карантин ишлари – буларнинг барчаси ЖССТ тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларга таяниб амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз ушбу иллатга қарши курашишда халқаро ҳамжамият билан самарали ҳамкорлик қиляпти. Хусусан, коронавирусга чалинган беморларни даволашда Жанубий Корея, Хитой, Россия, Исроил ва Германиянинг юқори малакали шифокорлари билан мунтазам тажриба алмашиниб, уларнинг илғор амалиёти теле-медицина орқали кенг қўлланилмоқда.
Энг асосийси, коронавируснинг тез тарқалиши билан боғлиқ таҳликали вазият дунёнинг кўплаб давлатларини нақадар шошириб қўйганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Ўзбекистонда эса карантин ва аҳолини бесабаб кўчага чиқмаслик режими ўз вақтида жорий этилгани туфайли ҳеч қандай саросима кузатилмади.
Иккинчидан, ЖССТ Бош директори Т.Гебрейесус таъбири билан айтганда, жамият ва иқтисодиёт суръатини бир муддат тўхтатиб туриш эвазига биз вируснинг кенг тарқалиш имкониятини камайтирдик. Бу чоралар касалликни ўрганиш, унга қарши курашиш стратегиясини ишлаб чиқиш борасида вақтдан ютишимиз учун қулай шароит яратди. Соғлиқни сақлаш соҳасининг салоҳиятини мустаҳкамлаб олганимиз эса, шубҳасиз, имкони борича кундалик ҳаёт тарзига қайтишимизда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда худди шу тавсияларга амал қилингани туфайли инфекция тарқалишини деярли бир ой давомида секинлаштириб туриш имконияти туғилди. Бу вақтдан даволаш ўринларини кўпайтириш, чет давлатларнинг даволаш тажрибасини ўрганиш ва жорий қилишда унумли фойдаланилди.
Айни пайтда ҳам пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятлар, барча ресурслар сафарбар этилмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва изчил татбиқ этилаётган коронавирусга қарши курашишга доир миллий стратегиянинг энг муҳим ютуғи шуки, пандемия ва карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, аҳоли тушкунликка тушгани йўқ.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмади. Ҳукумат вазиятдан келиб чиқиб, халқимизнинг соғлиғини ўйлаб, ишни тўғри ташкил этгани туфайли ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, “онлайн” режимда олиб борилмоқда.
Учинчидан, ЖССТ тавсияларига кўра, касаллик билан боғлиқ жамики ҳолатларни қанчалик тезроқ аниқлаш, текшириш ва жиловлашга эришилса, ушбу вирусга бас келиш шунчалик осон кечади. Мазкур принцип, бир томондан, инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади, иккинчи томондан, пандемиянинг иқтисодий оқибатларини камайтиришга олиб келади.
Ўзбекистон миллий иқтисодииёт ривожига эътиборни сусайтирмаган ҳолда, коронавирус пандемиясига қарши курашишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалаларига ҳам жиддий аҳамият бермоқда. Халқаро ташкилотлар бу борада мамлакатимизга кўмаклашиш ва маблағ ажратишга тайёр эканини билдирмоқда.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 19 мартдаги фармонига кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Мазкур фонддан инфратузилма ва коммунал хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча равишда 3,6 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган.
Тўртинчидан, бу ўринда халқаро тузилмаларнинг чекловларни ҳаддан ташқари вақтли бекор қилмаслик борасидаги огоҳлантиришини ҳам эътибор марказида тутиш лозим. Акс ҳолда, вирус қайтадан авж олиши ва янада ёмон асоратларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Ўзбекистонда ушбу тавсияга ҳам амал қилинмоқда. Президентимиз 20 апрель кунги видеоселектор йиғилишида Республика комиссиясига коронавирус умуман аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди.
Бу жараёнда фаолияти тикланадиган объектларда ишлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилади. Ўзбекистонда коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар ушбу хавфдан сақлаб қолингани учун шундай қарорга келинди.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, кўплаб мамлакатлар пандемияни дастлабки босқичдаёқ жиловлаш имкониятини бой бериб қўйди. ЖССТ тавсияларини тан олмаган айрим давлатларнинг етакчилари вазият ўта жиддий эканига панжа орасидан қаради. Оқибатда улар касалликнинг хавфлилик даражасини хаспўшлаб, ўз фуқароларини чалғитишдан нарига ўтмади.
Ҳақиқат, кечроқ бўлса ҳам, қарор топгани маъқул. Ўша давлатбошилар, барибир, мамлакатларида карантин эълон қилишларига тўғри келди. Аммо, уларнинг лоқайдлиги ва беписандлиги қандай аянчли оқибатларни келтириб чиқарганини бугун дунё аҳли кўриб турибди. Бинобарин, эндиликда шундай мамлакатларнинг аксариятида ҳар куни юзлаб-минглаб фуқароларнинг коронавирусдан вафот этиши одатий тус олди ва бу ниҳоятда қайғулидир.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Covid-19 пандемиясига қарши курашиш борасида эришган натижалари жаҳон миқёсида тан олинмоқда. Яқинда ЖССТ томонидан тиббиёт ходимлари ўртасида ташкил этилган телекўприк доирасида ҳам бундай эътирофлар кўп бор янгради.
Хусусан, хитойлик шифокорлар Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳоладилар. Уларнинг фикрича, мамлакатимизда карантин чоралари ўз вақтида ва мутаносиб равишда жорий этилган. Шу боис ушбу қатъий чоралар аҳоли ўртасида ялпи касалланишнинг олдини олишда ишончли тўсиқ вазифасини ўтамоқда.
Бундан ташқари, Covid-19 пандемияси даврида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақавий дипломатиясининг лидерига айланаётгани алоҳида диққатга лойиқдир. Катта нуфузга эга «The Diplomat» журнали саҳифаларида қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатига хос бўлган минтақавий ҳамжиҳатликка содиқлик хусусияти ҳатто инқироз даврида ҳам ўз кучида қолмоқда.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2020 йил 10 апрель куни видеоанжуман тарзида ўтказилган навбатдан ташқари саммитида ҳам Ўзбекистон Президентининг бирдамлик ва ҳамжиҳатлик сиёсати яққол кўзга ташланди. Коронавирусга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинган ушбу анжуманда давлатимиз раҳбари қуйидаги бешта аниқ таклиф билан чиқди:
- Туркий Кенгаш доирасида доимий фаолият кўрсатадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш;
- туркий тилли давлатларнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, диагностика, даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва илмий изланишлар бўйича маълумот ва тажриба алмашувни кенг йўлга қўйиш;
- Туркий Кенгаш котибиятида пандемияга қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш;
- ҳозирги ғоят мураккаб шароитда қардош халқларимизни зарур озиқ-овқат ва мева-сабзавот, дори-дармон, тиббиёт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида юк ташиш ва транспорт коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, чегара пунктларида транспорт воситаларининг ўзаро ҳаракатланишига амалий ёрдам кўрсатиш;
- коронавирус талафотларини юмшатишда халқаро ташкилотлар кўмаги жуда муҳимлигини ҳисобга олиб, ЖССТ мақоми ва ваколатларини янада ошириш, ушбу нуфузли ташкилот ва Туркий Кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш зарур.
Ушбу таклифларнинг барчаси маъқулланди ва саммитнинг якуний ҳужжати – Боку декларациясига киритилди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Ҳаммамизга аёнки, бирор давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди. Биз бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутишимиз лозим. Биз биргаликда кўп нарсага қодирмиз».
Дарвоқе, куни кеча интернетда тарқалган маълумотга қараганда, дунё аҳолисининг аксарият қисми, яъни 81 фоизи коронавирус пандемиясини енгишга ёрдам берса чекловларга сабр қилишга тайёрлигини билдирган. Айни мавзуда «Ромир» ва Gallup International ҳолдинги ўтказган сўровнома натижалари шундан далолат бераётир.
Абди Раҳим
- Қўшилди: 22.04.2020
- Кўришлар: 4814
- Чоп этиш