Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат ва жамият коррупцияга қарши курашда биргаликда ҳаракат қилмас экан, унинг олдини олиш қийин бўлишини қайд этди. Бу жараёнда жамоатчилик қандай ўрин тутиши керак?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Фозилжон Отахонов шу ҳақдаги фикрларини билдирди:
– Коррупция – жамият тараққиётига жиддий таҳдид солаётган иллатлардан бири. У фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини сўндириб, қонун устуворлигига путур етказади. Шу сабабли, мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш устувор вазифалардан бирига айланди.
Коррупцияга қарши курашишда нафақат жазо чоралари, балки унинг олдини олиш механизмларини ишлаб чиқиш ва самарали жорий этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг аҳамияти эса беқиёс. Чунки жамоатчилик назорати бор жойда, очиқлик, қонун устуворлиги таъминланади.
Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари орқали коррупцияга қарши курашишда самарали жамоатчилик назорати механизмларини жорий этиш талаб этилади. Шу билан бирга, суд ва ҳуқуқ-тартибот органларида адолат ва шаффофликни таъминлаш орқали жиноятчиликка қарши муросасиз муносабатни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳам коррупцияга қарши самарали кураш олиб боришда муҳим ўрин тутади. Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш, давлат хизматларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, бюрократик тўсиқларни йўқотиш орқали коррупциянинг олдини олиш мумкин.
Давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари давлат ва жамият ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради. Президентимиз таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этиши, жамоатчилик назорати механизмлари янада кучайтирилиши зарур. Жамоатчилик кенгаши ва комплаенс хизматлари ҳамкорликда иш юритиш орқали давлат органлари ва хусусий секторда коррупция хавфларини аниқлаши, уларни бартараф этиш бўйича тизимли ёндашувни амалга оширишлари зарур.
Бунинг учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга:
Биринчидан, жамоатчилик назоратини кучайтириш – давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат ташкилотлари ва мансабдор шахслар устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, коррупция ва бюрократияга қарши фуқаролар иштирокини ошириш зарур.
Иккинчидан, таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқиш – коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик фикрини ўрганиш, тегишли қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш керак.
Учинчидан, ахборот-таҳлилий ишларни олиб бориш – фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мониторинг ўтказиш, ижтимоий тадқиқотлар ва сўровномалар ташкил қилиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш лозим.
Тўртинчидан, ҳуқуқий маданиятни ошириш – аҳоли орасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқий саводхонликни ошириш, давлат хизматлари ва ислоҳотлар ҳақида маълумот беришни йўлга қўйиш керак.
Бешинчидан, фуқаролик жамияти институтлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, жамоатчилик фикрини шакллантириш учун давра суҳбатлари, форумлар ва конференциялар ташкил этиш зарур.
Олтинчидан, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш – фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш, давлат органлари ва аҳоли ўртасида воситачилик қилиш, фуқароларнинг шикоятларини тегишли ташкилотларга етказиш лозим.
Еттинчидан, ислоҳотлар мониторинги ва баҳолаш – қабул қилинган қарорларнинг ижросини мониторинг қилиш, давлат ва жамият ривожи учун амалга оширилган ишлар самарадорлигини таҳлил қилиш, фуқароларнинг давлат сиёсатидан розилигини ошириш учун самарали механизмлар яратиш бу борадаги ишлар самарали бўлишини таъминлайди.
Шунингдек, жамоатчилик кенгашларининг комплаенс хизматлари билан ҳамкорлиги коррупция хавфларини камайтиришга, корпоратив бошқарув ва давлат бошқарувида шаффофликни оширишга катта ҳисса қўшади. Комплаенс тизимини ривожлантириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали давлат ва хусусий секторда коррупцияга қарши курашиш имкониятлари янада ортади.
Коррупцияга қарши курашиш – фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вазифаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Президентимиз таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашишда жиддий ислоҳотлар ва қатъий чоралар зарур. Шу боисдан, қабул қилинган чора-тадбирларни қатъий назорат қилиш, тизимли ислоҳотларни давом эттириш мақсадга мувофиқ.
Давлат ва жамият биргаликда ҳаракат қилганда, коррупцияга қарши самарали курашиш мумкин бўлади. Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашишда фаол бўлишимиз ва мамлакатимизнинг ривожига ҳисса қўшишимиз зарур.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 11.03.2025
- Кўришлар: 576
- Чоп этиш