Бугун – 2019 йил 20 ноябрда халқаро ҳамжамият БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 30 йиллигини нишонламоқда. Конвенцияда болаларнинг шахсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари, уларни таъминлаш ва ҳимоялаш принциплари белгиланган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеясининг 1989 йил 20 ноябрда бўлиб ўтган 44-сессиясида қабул қилинган ва 1990 йили кучга кирган. Дунёдаги 196 та давлат, шу жумладан, БМТ аъзоси бўлмаган Ватикан каби давлатлар ҳам мазкур Конвенция иштирокчилари ҳисобланади.
Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз учун 1994 йил 29 июлдан кучга кирган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги қарорига асосан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланди. Тадбирлар дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини бажариш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Дастур ижроси доирасида, давлат ва нодавлат тузилмаларда мавжуд салоҳият ва ресурслардан фойдаланган ҳолда, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция нормалари аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда.
Айниқса, бола ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ҳақида жойлардаги болалар манфаатлари йўлида ишлаётган тегишли давлат ва жамоат тузилмаларини мақсадли, ялпи ва тизимли хабардор қилишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.11.2019
- Кўришлар: 5383
- Чоп этиш