Кувайт нашрлари Ўзбекистон ҳақида

Шу кунларда Кувайт Давлатининг етакчи нашрлари юртимиз билан боғлиқ мавзуларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, “Ал-Жарида” нашри эълон қилган “Кувайт ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янги босқичга дадил қадам ташламоқда” номли мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентининг бевосита ташаббуси туфайли жаҳон ҳамжамияти билан турли жабҳаларда, жумладан маданият, иқтисодиёт, туризм соҳаларида яқин ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани таъкидланган. Мамлакатимиздаги эркин иқтисодий ва саноат зоналари фаолияти, хорижий инвесторларга берилаётган имтиёзлар, чет эллик сайёҳларга тақдим этилаётган қулайликлар, айниқса замонавий меҳмонхона ва инфратузилма масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган.

– “Жазира” авиакомпанияси Кувайтдан Тошкент ва Наманганга тўғридан-тўғри ҳаво қатновини амалга ошираётгани яқин алоқалардан дарак беради, – дейилган мақолада. – Икки ўлка ўртасида виза тартиби соддалаштирилиши натижасида Кувайт фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириш жорий қилиниши дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадам бўлди. Кувайтдаги эҳтимолий иш берувчилар ва ишга қабул қилувчи компаниялар билан фаол музокара олиб борилмоқда. Ўзбекистондан малакали ишчи кучи жалб қилиш бўйича келишувга эришилмоқда.

Қайд этиш керак, Кувайт оммавий ахборот воситалари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат тобора мустаҳкамланиб, ўзаро жозибадорлик ошаётганини алоҳида таъкидламоқда. Масалан, “Kuwait Times” нашри кеча ишбилармонлар иштирокида ўтказилган бизнес-форум ҳақида ёзди.

Мақолада айтилишича, юртимизнда амалга оширилаётган ислоҳотлар араб сармоядорлари учун турли соҳаларда кенг имконият яратмоқда.

– Айни пайт Ўзбекистоннинг бой маданий ва исломий мероси дунёнинг турли бурчакларидан келувчиларни ўзига жалб этаркан, ўлкада туризм соҳаси жадал тараққий этмоқда, – деб ёзади муаллиф.

Шунингдек, энергетика тизими, жумладан қайта тикланадиган энергия тармоғи, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби истиқболли йўналишлар улкан салоҳиятга эгалиги таъкидланган.

Кувайт ахборот агентлиги – KUNA саҳифасида “Кувайт ва Ўзбекистон: Турли соҳалардаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб, гуллаб-яшнамоқда” номли мақола чоп этилди.

Муаллиф ёзишича, 1991 йил декабрь ойи охирида Кувайт Ўзбекистон мустақиллигини тан олгандан бери икки дўст мамлакатни қалин ришталар боғлаб туради. Давлатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабат 2001 йил Кувайтнинг Ўзбекистондаги элчихонаси очилиши билан бошланган. 2004 йил ноябрь ойида ушбу араб диёрида республикамиз элчихонаси очилган. Ўтган йиллар давомида мамлакатларимиз барча соҳаларда алоқаларни чуқурлаштириш, минтақавий ва глобал масалаларга ёндашувни мувофиқлаштиришга қаратилган қатор юқори лавозимли амалдорлар ўзаро ташрифлари уюштирилди.

Масалан, биргина 2024 йил ташқи ишлар вазирлари беш марта учрашув ва музокара ўтказди. Айниқса, Анталия Дипломатик форуми ва БМТ Бош Ассамблеяси 79-сессияси доирасидаги мулоқотлар самарали кечди.

Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла Ал-Яҳё бошчилигидаги делегация 2024 йил 15 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 2-йиғилишида қатнашди.

Август ойида мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари Кувайтга ташриф буюриб, қатор самарали музокаралар олиб борди. Мунтазам хусусият касб этган сиёсий маслаҳатлашув тизими ҳам ҳамкорликнинг муҳим механизмига айланган.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, мустаҳкам заминга эга Ўзбекистон – Кувайт муносабатлари барча йўналишларда янги босқичга кўтарилмоқда. Кўпгина соҳаларда салмоқли ютуқларга эришилган ва шу билан бирга ҳар икки томон ўзаро манфаатли шерикликни жадаллаштириш учун мавжуд улкан салоҳиятдан унумли фойдаланишга тайёр.

Ўткир Алимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech