12 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги делегация аъзолари Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Адлия ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари Фарух Хан, Алис Бат ва Элспел Рэйнбау билан учрашди.
Буюк Британия БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 7 та асосий конвенциясини ратификация қилган. Мамлакатнинг ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларини бажариши борасида Адлия ва Ташқи ишлар вазирликлари муҳим роль ўйнайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакилларининг ушбу амалий ташрифи ҳам бевосита Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва БМТТДнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ташаббуси билан ташкил этилгани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 10 та асосий халқаро шартномани ратификация қилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мамлакатнинг ана шу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ишларга ягона мувофиқлаштирувчи ва масъул орган ҳисобланади.
Мулоқот давомида Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги бой тажрибаси эътироф этилди. Британиялик ҳамкасбларимизнинг бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишдаги ўзига хос ёндашуви муҳим экани таъкидланди.
Яқин истиқболда бу борада Ўзбекистон томони ўз дастурий ҳужжатларини тайёрлашга киришади. Шуни назарда тутган ҳолда, айни йўналишда, умуман, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг турли соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш хусусида амалий фикр алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.02.2020
- Кўришлар: 4771
- Чоп этиш