Шу кунларда Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Фульвио Мартушелло раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюришди.
Қуйи палатада бўлиб ўтган Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлик қўмитасининг навбатдаги мажлисида сўнгги йилларда ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланди. Шу билан бирга ижтимоий-иқтисодий, инвестиция, молия ва ҳуқуқ соҳаларига доир, шунингдек, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Спикернинг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, қўмиталар, комиссиялар ва депутатларнинг асосий вазифаси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) ишлаб чиқиш бўйича музокара муваффақиятли якунланган. 2019 йил февралда бошланган фаол мулоқот натижасида КШҲБ лойиҳаси 2022 йил 6 июлда парафирланиши ўзаро муносабат тарихида муҳим воқеадир. Ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олган ушбу муҳим ҳужжатнинг имзоланиши ва кучга кириши Ўзбекистон — ЕИ алоқаларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Учрашув давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот, жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгариш ва қўшимча киритиш бўйича умумхалқ референдумига тайёргарлик ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
Дарҳақиқат, янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятни жипслаштиради. Барча қатлам манфаати инобатга олинган лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлар, илмий доира вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этди. Янги Конституцияда Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига кирадиган масалалар 5 тадан 12 тага, Сенатнинг мутлақ ваколатидаги масалалар эса 14 тадан 18 тага ошиши кутиляпти.
Европа парламенти вакиллари юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни, жумладан, Асосий қонунда инсон ҳуқуқи ва эркинлигига оид нормалар сони 3.5 баробар ошаётганини юқори баҳолади. Айниқса, инсоннинг шахсий ҳуқуқи ва эркинлиги кафолати энг илғор халқаро стандартга мувофиқ кучайтирилаётгани эътироф этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи парламентлараро ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболи борасида ҳам фикр алмашилди.
Ташриф доирасида меҳмонлар қатор вазирлик, идораларда, таълим муассасаларида ҳам учрашув, музокара ўтказишади.
Г.Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 04.04.2023
- Кўришлар: 3903
- Чоп этиш