Қийноққа қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба

Бухорода “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилди.

Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Бухоро вилояти прокуратураси ва ички ишлар тизими ходимлари қатнашди.  

Ўқув курси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилгани алоҳида аҳамият касб этди.  

Шунингдек, тадбирда Конституциянинг янги таҳририни референдумга чиқариш ҳақидаги қарорнинг мақсади, янги таҳрирга асосан, Ўзбекистон Конституциясидаги моддалар сони ҳозирги 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага оширилаётгани, 128 та модданинг 91 тасига концептуал ўзгаришлар киритилаётгани ҳақида маълумотлар берилди. Машғулотлар аввалида инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқ ости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборат эканига эътибор қаратилди. 

 – Ҳар битта ходим қийноқ билан боғлиқ бўлган халқаро стандартларни яхши билиши керак, – дейди Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори Олимжон Матчонов. –Мана шу стандартларни улар яхши ўзлаштириб, келгусида ўзини хизмат фаолиятида камчиликларга йўл қўймаслиги билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилади. Булар тренинг сифатида ўзини ходимларини ичида мана шунга ўхшаган семинар-тренингларни ташкил этиб, олинган билим ва кўникмаларни, маълумотларни етказишлари мумкин бўлади.

Аслида, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этилишининг ўзи ҳам мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш тамойилининг кенг кулоч ёяётганидан далолатдир.

– Тергов ва суриштирув жараёнларида инсонга бўлган эътибор яъни унга яхши муомалада бўлиб, қонундан чиқмаган ҳолатда ҳақ-ҳуқуқларини бузмаган ҳолатда уни тергов ва суриштирув ҳаракатларини олиб бориш керак, – дейди Департаментнинг Шофиркон тумани бўлими суриштирувчиси Рустам Очилов. – Инсон қадрини қадрлашга қаратиш керак. Ўқув курси ҳам бизни келажакдаги иш фаолиятимизга жуда ҳам катта фойдаси тегади.  

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда. Машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширилишига кўмаклашади.

– Мазкур ташкил этилган ўқув курси давомида биз ходимларга қийноқ ва муомала, жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз ва инсонийликка зид бўлган турларига қарши Конвециянинг мазмун моҳияти, қамоққа олишга оид халқаро тажрибалар ва стандартлар кенг муҳокама қилинди,  –дейди Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ТБ терговчиси Бехруз Ҳайитов. – Амалиётда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар бирма бир тушунтирилди. Ушбу ташкил этилган ўқув курси давомида биз ходимлар ўзимизга керак бўладиган ва амалиётда айни дамда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, эгаллаган билимларимизни келгуси амалиётда татбиқ этиш бўйича билимларимизни эгаллаб олдик.  

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида эгалланган назарий билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовлари ўтказилди. Шундан сўнг тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Зариф Комилов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech