Шу йилнинг 3-7 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” маданий мерос ҳафталиги ҳамда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги ўтказилади.
Ушбу тадбирларга дунёнинг 60 га яқин мамлакатларидан юзлаб меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда.
Ҳафта давомида пойтахтимиздаги музейларда Темурийлар даври маданий мероси, халқ амалий санъати дурдоналари, Ўзбекистонда сақланаётган Авангард санъати дурдоналари кўргазмалари ўтказилади. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон – барқарор ривожланиш сари”, “Қулай бизнес муҳити”, “Соғлом ва билимли жамият”, “Сифатли таълим ва инновациялар – барқарор келажак асоси”, “Минатақаларни боғловчи кўприк”, “Инсон қадри эъзозланадиган диёр” сингари мавзуларда конференция ва давра суҳбатлари, учрашув ва тақдимотлар ўтказилади.
Пойтахтимизда мазкур ҳафталикларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, журналист ва блогерлар ташриф буюрди.
Маросим аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнлари ҳақидаги видеоролик намойиш қилинди. Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор хусусида тўхталиб ўтди.
– Бугун дунё миқёсида мамлакатлар асосан иқтисодий имкониятлари билан эмас, қадриятлари, маданияти билан ўзаро беллашяпти, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. – Ўзбекистон ҳам ўзининг ташқи сиёсатида биринчи навбатда маданий салоҳиятига таянади. Шу орқали юртимиз бугун халқаро миқёсда ўз имижини яратмоқда. Бугун бошланаётган маданий тадбирлар ҳам Ўзбекистон маданияти ва қадриятларини тарғиб этишга қаратилган.
–Инсоният учун энг муҳими бу мулоқотдир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов. – Юртимизда халқаро даражадаги мулоқотларни таъминлаш мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан кенг қамровли ишлар қилинмоқда. Хусусан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бажараётган улкан ишлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Бугун ишга туширилган мазкур маданият маскани ҳам, бугундан бошланадиган маданий тадбирлар ҳам айнан турли давлатлар, халқлар ўртасидаги маданий мулоқотни таъминлайди, деб умид қиламан.
–Бугунги анжуман аввало ижод аҳлини, маданият ва санъат вакилларини жамламоқда, – деди маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков. – Айни пайтда халқаро даражадаги ҳамкорлик алоқаларимиз ривожланиб бормоқда. Бунда санъатимиз вакилларининг ҳам муносиб ўрни бор. Бугун очилаётган ҳафталик ана шу ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, ўзбек маданияти ва санъати шуҳратини янада кенг ёйишга хизмат қилади.
–Биз Янги Ўзбекистонда миллий кино санъати ривожига қаратилаётган эътибордан миннатдормиз, – деди Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов. – Айниқса, халқаро андозаларга мос равишда, янги ижодий лойиҳалар тақдимотини ўтказишга мўлжалланган янги бино – Тадбирлар мажмуаси қурилиб фойдаланишга топширилиши ана шу юксак эътиборнинг ёрқин далили бўла олади.
–Ҳамма нарсани вақт ҳал қилади, дейишади, – деди Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев. – Бир пайтлар бундай йирик санъат кошоналарини орзу қилишимиз мумкин эди, холос. Бугун ана шу орзулар амалга ошмоқда. Юртимизда барча соҳалар қатори, маданий-маърифий йўналишда ҳам кенг қамровли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ватанимиз кундан-кунга чирой очиб, янгидан-янги иморатлар, маданий-маърифий муассасалар бунёд этилмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон бир қатор халқаро маданий тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Хусусан, мақом, бахшичилик, ҳунармандчилик анжуманлари, Тошкент Халқаро кинофестивали шулар жумласидан.
Тантанали маросим давомида байрам сайли, кўргазмали чиқишлар, дилрабо куй-қўшиқлар, кўнгилочар томошалар иштирокчиларни мамнун этди.
ЎзА
- Қўшилди: 03.07.2023
- Кўришлар: 3795
- Чоп этиш