Ўзбекистон фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини камайтириш ва тугатишга астойдил интилмоқда

19 сентябр куни Тошкент шаҳрида Фуқароликка эга эмаслик масалалари бўйича таҳлилий маъруза ва Парламентлараро Иттифоқ ҳамда БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг парламент аъзоларига мўлжалланган фуқаролик ва фуқаросизлик масалаларига оид йўриқномаси ўзбек тилидаги нашрининг тақдимоти бўлди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили девони, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари ва бошқа ҳамкорлар иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Консуело Видал Брюс, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича вакили Ханс Фридрих Шоддер кириш сўзи билан очди.

Академик А.Саидов таъкидлаганидек, “Ўзбекистон ҳукумати мамлакатимиз ҳудудида фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини камайтириш ва тугатиш йўлида қатъий қадамлар қўймоқда. Мамлакатда 2014 йилдан эътиборан юз минг нафардан зиёд шахснинг фуқароликка эга эмаслиги аниқланган бўлиб, ўтган даврда шундан 83 минг 793 нафарининг бу муаммолари ижобий ҳал этилган”.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Учинчи қўшма йиллик режаси доирасида Ўзбекистоннинг фуқаролик ва фуқароликка эга эмаслик тўғрисидаги миллий қонунчилиги ҳар томонлама ҳуқуқий таҳлил қилинди. Шунингдек, қонунчилик билан амалиётни уйғунлаштиришга оид келгусидаги чора-тадбирлар тавсия этилди.

Фуқаролик ва фуқароликка эга эмаслик бўйича парламент аъзоларига мўлжалланган йўриқнома – глобал нашр бўлиб, унда фуқароликка эга эмаслик кўламини қисқартиришга тааллуқли амалий қадамлар баён этилган. Нашрда узоқ муддатга чўзилган фуқаросизлик вазиятига мақбул ечим топишда ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ва халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ҳал қилувчи аҳамият касб этганига оид ҳаётий мисоллар ҳам келтирилган.

К.Видал Брюс хонимнинг қайд этишича, “Фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини тугатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар Барқарор тараққиёт мақсадлари ва унинг “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” деган асосий принципига мос келади. Бинобарин, буларнинг барчаси инсонларнинг интегратсияси ва ҳимоясини таъминлашга қаратилган”.

Фуқароликка эга эмаслик ёки муайян шахснинг қайсидир мамлакат фуқароси сифатида тан олинмаслиги вазиятини бутун дунёда миллионлаб инсонлар ўз бошидан кечирмоқда. Фуқароликка эга эмас ва зарур ҳужжатларсиз шахслар асосий ҳуқуқлари, жумладан, таълим олиш, расман ишга жойлашиш, тиббий хизмат ёки никоҳини расмийлаштириш ҳуқуқларидан кўпинча фойдалана олмайдилар.

БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси 2014 йили фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини тугатишга қаратилган “#IBelong” глобал кампаниясини бошлаган. Ҳозирга қадар Ўзбекистон фуқароликка эга эмас шахслар ҳуқуқларини таъминлашда яққол натижаларга эришди. Ўзбекистоннинг бу борадаги улкан ютуғи шундаки, мамлакатда 2020 йили фуқаролик тўғрисидаги қонун такомиллаштирилди ва туғилиш ҳолатларини рўйхатга олиш амалиётига ўзгартиришлар киритилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий ҳисоботининг 2018 йили бўлиб ўтган 30-сессиясида Ўзбекистон Ҳукумати 1954 йилги Апатридлар мақоми тўғрисидаги конвенсияга ва 1961 йилги Фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини камайтириш тўғрисидаги конвенсияга қўшилиш юзасидан билдирилган тавсияларни маъқуллади. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда жорий ҳафтада шахснинг фуқароликка эга эмаслик мақомини аниқлаш тартиб-таомиллари ҳамда 1954 йилги Конвенсиянинг стандартлари бўйича техник семинар ўтказади.

Шу ҳақда фикр юритар экан, “Биз 2024 йилгача фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини тугатишга қаратилган #IBelong” кампанияси мақсадларига эришиш, жумладан, 1954 ва 1961 йилги Фуқароликка эга эмаслик ҳолатлари тўғрисидаги конвенсияларга қўшилиш юзасидан билдирилган тавсияларни маъқуллаши борасида Ўзбекистон Республикасини қўллаб-қувватлаш аҳдимизда аввалгидек содиқмиз”, деди жаноб Х.Фридрих Шоддер.

Маълумки, 2023 йил биринчи ярмиидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда 25 минг 413 нафар фуқароликка эга эмас шахс яшайди. Бу – Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар орасида энг катта кўрсаткич бўлиб, айни шахсларнинг аксарияти собиқ Совет иттифоқининг собиқ фуқаролари ва уларнинг авлодлари ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 2020 йилдан буён БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бунда Универсал даврий ҳисоботнинг фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини камайтириш ва тугатиш ҳамда қочоқларни ҳимоя қилишга тааллуқли тавсияларини бажаришда Ўзбекистоннинг мавжуд салоҳиятини рағбатлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. 

20230919 - Presentation of analytical report on statelessness - 4

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech