Жорий йилнинг 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” ХV Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтди.
Самарқанддаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ушбу кинофестивалнинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилди. ЎзА мухбирлари кинофестиваль иштирокчиларидан ушбу тадбирнинг ташкил этилиши ва унинг аҳамияти ҳақида интервью олди.
Пьетро Марчелло, кинорежиссёр (Италия):
– Кинофестиваль жуда яхши ўтди. Мен илк бор Ўзбекистонга келдим. Очиғини айтсам, кўп йиллардан буён юртингизга келишни орзу қилган эдим. Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бўлганман.
Бундай кинофестиваль дунёнинг барча бурчакларидан ижодкорларни бир жойга жамлаш ва уларга илҳом беришда жуда муҳим ҳисобланади. Ўз навбатида, бу жараён тажриба алмашиш ва халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.Айниқса, ўзида гўзалликни ифодалайдиган Самарқанд шаҳрида бир мақсадда бирлашиш янада қувонарлидир.
Очиғи, мен ушбу кинофестивалда қатнашганимдан жуда мамнунман.
Наталья ВАРЛЕЙ, актриса (Россия):
– Биласизми, менга кинофестивални ташкиллаштириш жараёни ва Самарқандда ўтказилган ёпилиш маросими жуда ёқди. Лекин бу ерга мослашиш ва томоша қилиш учун вақт камлик қилди. Шунга қарамай, иштирокчилар орасида кимлардир шу қисқа муддатда бу шаҳарни томоша қилишга улгурди. Мен аввал Самарқандда бўлганман. Аммо бу ерга яна сайёҳ сифатида алоҳида келиш ниятим бор.
Кинофестивалнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, мен Тошкент шаҳридаги Бутунроссия давлат кинематография университети филиали талабаларига маҳорат дарси ўтдим. Талабаларнинг тиришқоқлиги мени хурсанд қилди. Уларни кино санъатининг келажакдаги ишончи ва умиди дейиш мумкин.
Сами НАСЕРИ, актёр (Франция):
– Кинофестивални ташкил этиш, танланган жой, дастур ва ўзбекона меҳмондўстлик жуда ажойиб бўлди. Мен Ўзбекистонга илк бор келдим. Лекин келгусида ҳам бу ерга қандайдир лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш мақсадида келиш ниятимиз бор.
Бугун биз Самарқанддаги тарихий Регистонни томоша қилдик ва у катта таассурот қолдиради. Тошкент ҳам бетакрор шаҳар. Ҳар икки шаҳар менга манзур бўлди.
Шокир ХОЛИҚОВ, режиссёр (Ўзбекистон):
– Яқинда Шанхай халқаро кинофестивали бўлиб ўтган эди. Унда мен "Энг яхши фильм" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритдим. Ушбу кинофестивалда эса “Якшанба” номли фильмим билан қатнашдим ва бу гал ҳам "Энг яхши фильм" номинациясида ғолиб бўлдим. Очиғи, жуда хурсандман.
Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 04.10.2023
- Кўришлар: 3354
- Чоп этиш