ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯСИ:
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ ВА БАҒРИКЕНГЛИК МУҲИТИ
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги устувор вазифалар
Бу йил халқаро ҳамжамият Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонламоқда. Янги Ўзбекистонда сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон ҳуқуқлари асосий ўринни эгаллайди. Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатга чақирувини қўллаб-қувватлайди. “Ўзбекистон-2030” стратегияси БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келади ва “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини таъминлашга қаратилган.
2023 йил апрель ойида илк бор конституциявий референдум ўтказилди, унинг тамал тоши инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишдан иборат бўлди. Конституциямизда инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларига содиқлик ўз тасдиғини топган.
Жорий йил июль ойида миллий қонунчилик ва халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ташкил этилган навбатдан ташқари Президент сайлови бўлиб ўтди. Бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан ЕХҲТ, ИҲТ, МДҲ, ТДТ, Европа парламенти ва бошқа ташкилотларнинг узоқ муддатли миссиялари бутун сайлов жараёнини кузатдилар.
Биз БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга оширмоқдамиз. Охирги 3 йил ичида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий ва маъмурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
- 2023 йил октябрь ойида ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро форум бўлиб ўтди ва Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси қабул қилинди.
- Ўзбекистонда болалар меҳнатидан бутунлай воз кечилди ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасида сезиларли натижаларга эришилди. Халқаро ташкилотлар (ХМТ, Жаҳон банки, «Коттон кампейн») пахта кампанияси даврида болалар меҳнатига барҳам берилганини ижобий қайд этди. Янгиланган Конституцияда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш кафолатланган ва бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
- Мамлакатимизда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси фаол амалга оширилмоқда. 2023 йил март ойида аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи муҳим қонун қабул қилинди. Оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Ушбу қонун кенг халқаро, жумладан, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди.
- Ўзбекистон қийноқ қўлланилишини очиқчасига қоралайди. Мамлакат Президенти ўз нутқларида қийноқларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги, шунингдек, қийноқлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъкидлади. Қийноқлар ва зўравонликнинг бошқа турлари Конституция ва қонунлар даражасида тақиқланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг устав органлари ва шартнома қўмиталари тавсияларига кўра, “Омбудсман плюс” модели асосида қийноқларни олдини олиш бўйича Миллий превентив механизми яратилди. Болалар Омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Бизнес-омбудсманга жазони ижро этиш муассасаларини мониторинг қилиш ваколати ҳам берилган. Фуқаролик кодексига қийноқлардан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди, бу эса қийноқлардан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.
- Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий таълим дастури амалга оширилмоқда. Касб-ҳунар ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Aёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий этилмоқда. Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари очилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича қатор қўлланма ва рисолалар доимий равишда чоп этилмоқда, Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим электрон платформаси ишга туширилди.
- Охирги қисқа давр мобайнида биз БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда сезиларли ютуқларга эришдик. Шу йилнинг март ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ф.Тюркнинг ташрифи бўлиб ўтди. Биз Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг барча мандат эгаларига мамлакатимизга ташриф буюриш учун доимий таклифнома юбордик. БМТ махсус маърузачиларининг дин ва эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатларнинг мустақиллиги, шунингдек терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалалар бўйича тавсияларини инобатга олганмиз.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига содиқдир. Шу билан бирга, биз бу йўлнинг бошида турганимизни тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг кўмагига ишонамиз.
Динлараро бағрикенглик
Дин инсониятнинг умумий тарихида ва замонавий жамиятларда муҳим ўрин тутади. Дин одамларни бирлаштира олади, лекин кўпинча бунинг аксини қилди, уларни қарама-қарши томонларга ажратди, уларнинг ҳар бири ўз томонини муқаддас деб ҳисоблади. Диний эркинликнинг етакчи асосчилари Виржиния штатининг икки фуқароси, AҚШ президентлари Томас Жефферсон ҳамда Жеймс Медисон эканини биламиз. Бугунги кунда “Виржиния диний эркинлик тўғрисидаги статути” диний эркинликни ривожлантиришда асосий роль ўйнайди.
Дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқидир. Умумжаҳон инсон ҳуқуқи сифатида дин ёки эътиқод эркинлиги хилма-хилликка ҳурматни таъминлайди. Унинг эркин фаолият юритиши бевосита демократия, тараққиёт, қонун устуворлиги, тинчлик ва барқарорликка хизмат қилади. Дин ёки эътиқод эркинлигини бузиш муросасизликни кучайтириши мумкин ва кўпинча потенциал зўравонлик ва можаронинг дастлабки белгиларидир.
Диннинг жамоат кун тартибини шакллантиришдаги роли ва давлатларнинг барча одамларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятлари халқаро муносабатлар ва миллий сиёсатнинг тобора муҳим жиҳатларига айланиб бормоқда. Кўп маданиятли демократик жамиятлар ёки давлатлар Конституциясида “дунёвийлик” тамойили мустаҳкамлаб қўйилган мамлакатларда ижтимоий соҳада бетарафлик масаласи сиёсий мунозараларда, суд-ҳуқуқ сиёсати ва инсонларнинг кундалик ҳаётида марказий ўринга кўтарилган.
Бу албатта бир вақтнинг ўзида турли институционал доираларда диний плюрализмга жавоб бериш ва дин билан давлат ўртасидаги муносабатлар моделларини инсон ҳуқуқларига зид бўлмаган тарзда мослаштириш зарурати билан чамбарчас боғлиқ.
Дунёвийлик бугунги Ўзбекистоннинг таянчидир. Маънавият ҳар бир инсоннинг шахсий иши бўлса, дунёвийлик барчамизга тегишли. Ўзбекистонда дунёвийлик деганда динга эътиқод қилувчи ёки эътиқодсиз бўлиш эркинлиги, жамоат тартиби таъминланган тақдирда ўз диний маросимларини бажариш имконияти тушунилади. Дунёвийлик давлатнинг бетараф позициясида ётади ва ҳеч қандай тарзда жамият ва жамоат майдонида динларни йўқ қилишни англатмайди.
Глобаллашув ва минтақавийлашувнинг турли жараёнлари қамраб олган бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда дунёвий давлат модага ҳурмат эмас, балки кўп конфессияли жамиятнинг қулай яшаши ҳамда давлат ва диний бирлашмалар ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг асосий шартидир. Бундан кўзланган умумий мақсад –фуқаролар учун яхши яшаш шароитларини яратиш, шунингдек, муносиб, юқори турмуш даражасини сақлаб қолишдан иборат.
Дин жамият, давлат ва ҳар бир шахснинг индивидуал ривожланишига таъсир этувчи муҳим омиллардан биридир.Диний эркинлик соҳасидаги ислоҳотлар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг узвий қисмидир.
2019 йилдан буён биз халқаро ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, диний конфессиялар ва диний ташкилотлар билан виждон эркинлиги масалалари бўйича 30 та онлайн ва офлайн учрашув ўтказдик. Жаҳонинг диний етакчиларининг Ўзбекистонга ташрифлари яхши анъанага айланган. 2022 йил май ойида Бухоро шаҳрида “Декларациялар мулоқоти” мавзусида ҳалқаро форум ташкил қилинди.
Сўнгги 3 йилда янги қонунга мувофиқ 48 та диний ташкилот адлия органларида рўйхатга олиниб, уларнинг умумий сони 2,3 мингдан ортиқ диний ташкилотга етди.
Мамлакатимизда диний эркинликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатда турли конфессиялар ва турли этник гуруҳлар биргаликда яшашининг кўп асрлик тарихий тажрибаси тўпланган. Қадим замонлардан бери юртимиз ҳудудида кўп минг йиллар давомида турли дин ва эътиқодлар ёнма-ён яшаб келган.
Мамлакатимизда анъанавий бўлмаган эътиқодлар вакиллари ўртасида ҳеч қачон зиддиятлар бўлмаган. Бундай динлараро бағрикенглик бизга аждодлардан қолган меросгина эмас, балки бугунги кунда амал қилаётган урф-одат ва анъаналаримизнинг ҳам асоси ҳисобланади.
Ўзбекистонда диний эркинлик, эътиқод ва хавфсизлик масалалари бир-биридан алоҳида кўриб чиқилмайди. Байрут декларацияси ва унда ўз аксини топган “Инсон ҳуқуқлари учун эътиқод”га оид 18 та мажбуриятга тааллуқли қоидаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, халқимиз референдумда янгиланган Конституцияни қабул қилди. Унда Янги Ўзбекистоннинг “беш таянчи”, яъни Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани (1-модда) таъкидланиб, мамлакат келажаги белгилаб берилди.
Ўзбекистон Конституциясида ҳар кимнинг виждон эркинлиги кафолатланган, ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди (35-модда).
Дунёвийлик ва виждон эркинлиги тамойилларига асосланиб, янгиланган Конституцияда тенглик, ҳар бир инсонга тенг ҳурмат, виждон эркинлиги кафолатланди, давлат диний ишларга аралашмаслиги, яъни дин ва давлатнинг бир-биридан ажратилганлиги мустаҳкамланди (75-модда).
Мамлакатимизда миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳамма учун виждон эркинлиги амал қилиши, барча диний эътиқод конфессияларининг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, барча миллатлар ва элатлар ҳамда турли дин вакилларининг тинч-тотув яшашини таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилади. Биз янгиланган Конституцияда динлараро ва миллатлараро тотувлик зарурлигини яна бир бор таъкидладик. Бундай тотувлик ҳар доим, айниқса, ҳозирги пайтда жуда муҳимдир.
Бизнинг ранг-баранг дунёмизда бағрикенглик ва камситмаслик тушунчалари нафақат идеал (истак-интилиш), балки зарурат ҳамдир. Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, жамиятда миллатлараро, конфессиялараро ва фуқаролараро тотувликни мустаҳкамлашдир.
Миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ўзбекистонда телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар, 12 тилда эфирга узатилади, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда нашр этилади. Мамлакатдаги умумтаълим мактабларининг қарийб 20 фоизида таълим 7 тилда олиб борилади.
Ўзбекистон 2019 йилдан буён қуролли тўқнашув зоналаридан ватандошларни қайтариш бўйича бешта “Меҳр” гуманитар амалиётини амалга оширди. Натижада Сурия, Ироқ ва Aфғонистондан 531 киши, асосан аёллар (121 киши) ва болалар (379 киши) ватанига қайтарилди.
2023 йил июнь ойида БМТ бош қароргоҳида халқаро ҳамжамият Ўзбекистонга қайтиб, янги ҳаёт бошлаган репатриантларнинг бу ҳақдаги ҳикояларини бевосита эшитиши имконига эга бўлди.
Халқаро ҳуқуқ ва халқаро шериклар билан ҳамкорлик тамойилларига асосланган ватандошларни репатриация қилиш бўйича Ўзбекистон модели дунё миқёсида репатриация қилиш, боланинг энг мақбул манфаатларини таъминлаш ва можаро ҳудудларидан қайтган аёлларни тўлиқ реинтеграция қилиш бўйича илғор тажриба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 06.11.2023
- Кўришлар: 4062
- Чоп этиш