“ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ – ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ БАРҚАРОР ТОПИШИНИНГ АСОСИЙ ШАРТИ СИФАТИДА” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 17 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПФ-70-сонли қарорида белгиланган йўналишлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 12 декабрь куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети томонидан “Инсон ҳуқуқларини таъминлаш - ижтимоий адолатни барқарор топишининг асосий шарти сифатида” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Халқаро илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети каби давлат органлари ва ташкилотлар вакиллари, шунингдек, халқаро эхпертлар  иштирок этдилар.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Тиллабайев М.Т., Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари Наримонов Б.А., халқаро даражадаги эхпертлар, шунингдек, ЖИДУ профессорлари Нугманов Н.А., Юсувалийева Р.Ю ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Конференцияда қуйидаги йўналишлар бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди:

- мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб олиш;

- Ўзбекистон Республикаси Конституциясиниг халқаро аҳамияти, унда демократик жамиятнинг олий қадриятлари – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаʼни, қадр-қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқлар эканлигини эътироф этиш;

- Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, унинг тамойиллари ва жамият учун аҳамияти ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган таълим платформасини яратиш;

- Халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумеътироф этилган принципларини ҳозирги кундаги аҳамиятини таҳлил қилиш;

- дунёнинг турли мамлакатлари ва минтақаларида инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг ҳозирги ҳолатини кўриб чиқиш, муваффақиятли хорижий амалиётни аниқлаш, шу билан бирга ушбу йўналишдаги масалалар ва муаммоларни муҳокама қилиш;

- Европа Иттифоқида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини ёритиш.

Конференциянинг ишчи тиллари: ўзбек, рус, инглиз тиллари.

Мазкур конференциядан кўзланган мақсад, бутун дунёда ҳар бир инсоннинг умуминсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга асос бўлиб хизмат қилаётган ушбу тарихий ҳужжатнинг салмоқли юбилейини нишонлаш, сўнгги 75 йил ичида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш тенденсияларини муҳокама қилиш ва баҳолаш, давлатлар олдида турган масала ва муаммоларни аниқлаш, инсон ҳуқуқларига ҳурматни кучайтиришга инновасион ёндашувларни, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқий стандартларни самарали амалда татбиқ этишдан иборат.

Шунингдек, конференция якунлари бўйича конференция тўплами нашр қилинади. Мазкур тўплам иштирокчиларнинг почта манзилларига юборилади, шунингдек, ташкилотчиларнинг веб-сайтлари ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

Халқаро ҳуқуқ

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech