Озарбайжон Республикасида Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир доирасида жойларда қатор учрашувлар, кўргазмалар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
24 январь куни Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан “Ўзбекистон – Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда ҳар икки мамлакатнинг қатор олимлари ва мутахассислари, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатлари қаторида Озарбайжондаги бир қанча музей ва кутубхоналар, илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Бутунжаҳон жамияти томонидан ҳар йили мунтазам ўтказиб келинаётган конгресс ва анжуманларда Озарбайжон олимлари фаол иштирок этиб келмоқда.
– Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий алоқалар узоқ тарихга эга, – дейди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Яқинда икки мамлакат олимлари иштирокида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан Озарбайжонда сақланаётган маданий меросимиз намуналарига бағишланган янги жилд нашр қилинди. Мазкур китоб-альбомда Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти, Озарбайжон тарихи музейи, Тасвирий санъат музейи, Миллий гилам музейи сингари муассасаларда сақланаётган, Ўзбекистонга оид бўлган осори-атиқалар ҳақида ҳикоя қилинади.
–Институтимизда Ўзбекистон замини билан боғлиқ қўлёзмалар кўп, – дейди Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти директори, академик Теймур Каримли. – Жумладан, Имом ал-Бухорий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросига мансуб ўнлаб қўлёзмаларни санаб ўтиш мумкин. Турк дунёсининг мазкур буюк сиймолари Озарбайжон халқи учун ҳам ниҳоятда қадрли, бу улуғ мутафаккирлар мероси дурдоналари фондимиз хазинасидан жой олгани бизга ҳам ифтихор бағишлайди.
Тадбирда Ўзбекистон фанлар академияси Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев, Бутунжаҳон жамияти аъзоси, санъатшунослик фанлари доктори Элмира Гюль, Озарбайжон Миллий гилам музейи директори Ширин Маликова, Қўлёзмалар институти етакчи илмий ходими Азизоға Нажафов ва бошқалар мазкур китоб-альбомнинг мазмун-моҳияти, Озарбайжон тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси дурдоналарининг ўзига хослиги хусусида тўхталиб ўтдилар.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни чуқурлаштиришда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг тутган ўрни ҳақида гапириб, бу борада самарали фаолият кўрсатаётган озарбайжонлик олимлар ва тадқиқотчиларга Бутунжаҳон жамияти номидан ташаккурномаларни топширди.
Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомларнинг 50 жилди туҳфа қилинди.
Тадбир иштирокчилари Қўлёзмалар институтида сақланаётган Ўзбекистонга оид қўлёзмалар кўргазмаси билан ҳам танишди. Мазкур кўргазмада Ибн Синонинг 1258 йилда кўчирилган “Тиб қонунлари”, Алишер Навоий ҳаётлигида китобат қилинган “Ғаройиб ус-сиғар” девони, “Бобурнома”нинг XVII асрга мансуб нусхаси ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар ўрин олган.
Рустам ЖАББОРОВ.
ЎзА
- Қўшилди: 25.01.2024
- Кўришлар: 2259
- Чоп этиш