Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг долзарб муаммолари илмий-амалий конференция доирасида муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Тадбир республикамизда юридик фанни ривожлантириш ҳамда халқаро майдонда мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мазмун-моҳияти, унинг ижобий жиҳатларини кенг тарғиб қилиш, уни янада ривожлантириш учун илмий жамоатчилик вакиллари ўртасида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган.

Конфренцияда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Конституциявий cуди, Олий cуди, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, Вазирлар Маҳкамаси, Фанлар академияси, шунингдек Қозоғистон Республикаси Одил судлов академияси, Россия Федерацияси прокуратураси, М.О.Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг вакиллари, мамлакатимизнинг юридик таълим соҳасидаги олий ўқув юртлари етук олимлари ҳамда ёш олимлар иштирок этди.

Тадбирда фуқаролик процессуал ҳуқуқининг истиқболлари, фуқаролик судлов фаолиятида процессуал ҳужжатлар таҳлили, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг янги тартиб-таомиллари, одил суд ишларини юритиш принципларининг аҳамияти, ташқи иқтисодий фаолиятда низоларни ҳал қилиш, процессуал ҳуқуқий доктринада низоларни онлайн ҳал қилиш, фуқаролик суд ишларини юритиш иштирокчилари ва уларнинг процессуал ҳуқуқий мақоми, суд ишларини ярашув тартиб-таомиллари асосида ҳал этиш, суд қарорларини ижроси билан боғлиқ ҳозирги кундаги назария ва амалиётдаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар, бу соҳада эришилаётган ютуқлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама этилди.

Конференцияда мамлакатимизда фуқаролик процессуал ҳуқуқи фанини шакллантириш ва ривожлантиришга ҳисса қўшган ҳуқуқшунос олимлар ҳамда ушбу фан соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган ёш олимлар ва амалиётчиларнинг илмий ижодий фаолияти ёритилган “Ўзбекистон фуқаролик процессуал ҳуқуқининг дарғалари ва истиқболлари” номли китобнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Халқаро илмий-амалий конференция якунлари бўйича иштирокчилар томонидан келгусида фуқаролик процессуал ҳуқуқини, айниқса, мазкур ҳуқуқ тармоғининг янги институтларини ривожлантиришда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтириш, илмий-амалий тажриба алмашиш, миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳамда тадбирда муҳокама этилган масалаларни тўплам шаклда нашр этишга келишиб олинди. 

Ўзбекистон Республикаси
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech