ЭКОЛОГИЯ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА

ЭКОЛОГИЯ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА

(«Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳаси иштирокчисининг ўйлари)

 

29 март куни Тошкент шаҳрида «Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳаси ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони доирасида эндиликда жамоат транспорти, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари барча автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган ушбу лойиҳа пойтахтимизда ҳар ойнинг бир иш куни давомида амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг автомобиллар чиқинди газларининг экологияга зарарли таъсирини камайтириш мақсадига хизмат қиладиган айни таклифини астойдил маъқуллагани бежиз эмас. Чунки бугунги кунда сайёравий кўламдаги учта таҳдид – иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиатнинг бузилиши бутун халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда.

Экологик таҳдидлар, бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор 2021 йилда мусаффо, соғлом ва барқарор атроф муҳит – бу инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан чамбарчас боғлиқ.

Маълумки, COVID-19 пандемияси дунё давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама шартнома ва битимлар, жумладан, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари, Париж битими каби ўзаро келишувларда зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишига жиддий халал берди. Аксарият мамлакатларда ушбу йўналишдаги вазифаларнинг молиялаштирилиши ва бажарилиши зарур даражада таъминланмасдан қолди.

Она заминимизнинг сув захираларини ўйловсизлик ва исрофгарчилик билан сарфлаш, табиат ва биохилма-хилликка мунтазам зиён-заҳмат етказиш, Ер ва коинотни чиқиндихонага айлантириш,  ана шу салбий жараёнлар асносида кутилажак турли офатларга қарши кураш имкониятларининг чекланишига бевосита сабабчи бўлиш – буларнинг барчаси инсоният бошига янгидан-янги балолар ёғдирмоқда. Боз устига экологик офатлар мавжуд таҳдиду хатарларнинг янада кучайишига туртки бўлмоқда.

БМТ Университети ҳамда Атроф-муҳит ва инсон хавфсизлиги институтининг «2023 йилдаги табиий офатларнинг ўзаро боғлиқликдаги хатарлари» номли маърузасида шу ҳақда сўз борган. Ҳисоботда сайёрамизда истиқомат қилаётган жами инсонларнинг ҳаётига ҳалокатли таъсир кўрсатадиган глобал хатарларнинг ўзаро уйғун олтита омили санаб ўтилган. Булар:

  • биохилма-хиллик барҳам топишининг тезлашиши;
  • шу билан боғлиқ ҳолда экотизимнинг издан чиқиши;
  • ер ости сувларининг кескин пасайиши оқибатида сув захираларининг камайиб кетиши;
  • тоғ музликларининг эриши;
  • коинотда чиқиндиларнинг кўпайиши;
  • об-ҳавонинг ҳаддан ортиқ исиб кетиши.

Ушбу салбий омилларнинг ўзаро омухталигида юзага келаётган иқлим инқирози ва турли экологик офатларнинг оқибатларидан ҳар бир инсон азият чекмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши учун энг кам жавобгар инсонлар – болалар энг кўп жабр кўрмоқда.

Шу нуқтаи назардан, давлатлар олдига БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига болаларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқлари ҳақида вақти-вақти билан ҳисобот бериш талаби қўйилгани бежиз эмас. Зеро, ҳар бир ҳукумат сайёрамизнинг ҳар қандай бурчагидаги ҳар қайси боланинг ҳуқуқларини, айниқса, бу муаммо ечимига энг кам ҳисса қўшаётган, лекин энг хавфли сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бўронлардан азият чекаётган мамлакатларда яшовчи ўғил-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъулдир.

Марказий Осиё минтақаси ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозирги вақтда минтақа мамлакатларида кузатилаётган сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда.

Бинобарин, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим. Мамлакатимиз 2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган. Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган мамлакатларнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади.  

Иқлим бўйича илк глобал битим ҳисобланувчи 2015 йил 12 декабрда қабул қилинган Париж битими Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурсларини жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатларга қарши курашиш шулар жумласидандир.

Мазкур ҳужжат глобал исишнинг олдини олиш учун глобал ҳаракат режасини белгилаб беради. Битим табиий ёқилғилардан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, албатта. Бироқ барча мамлакатлардан ҳавони ифлослантиришни камайтириши, технологик қайта қуролланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш кераклиги сўралади. Бундан ташқари, энергия қувватларини етказиб бериш ҳам аста-секин қайта тикланувчи энергияга ўтилиши лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон Болалар, ёшлар ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилган. Бу муҳим қадам мамлакатимиз болаларнинг том маънода ҳаёти учун, ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг белгисидир.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларига дахлдор бир қанча янги ташаббусларни илгари сурганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни вақтда халқаро, минтақавий ва миллий даражалардаги ушбу ташаббуслар изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.

Мамлакатимизда БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Жаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ ишлар давом эттирилмоқда.

Давлатимиз ва жамиятимиз экологик муаммоларни ҳал этишда дунё ҳамжамиятининг куч ва имкониятларини бирлаштириш, саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарур деб ҳисоблайди. Шу боис Президентимизнинг бу борадаги изчил сиёсати асосида:

биринчидан, жамиятимизда, айниқса, маҳаллаларда табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш маданиятини шакллантиришни умуммиллий амалий ҳаракатга айлантириш;

иккинчидан, экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларни, хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш;

учинчидан, сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисмини туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтириш;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш, соҳага янги инновацион агротехнологияларни кенг жорий этиш, яратилаётган янги деҳқон хўжаликларини ҳақиқий ер эгасига айлантириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Янада муҳими, экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди.

Асосий қонунимиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, биз «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини  кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга  ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», ушбу Конституцияни қабул қилганмиз.

Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати  тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури –  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ишлаб чиқилди. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга теран татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал стратегияларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳар доимгидан кўра юз карра кўпроқ эътибор берилган.

Қолаверса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафи 2021 йилда “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайди.

Хулоса ўрнида яна “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси мавзусига қайтамиз. Шу вақтга қадар дунёнинг 2 мингтадан зиёд йирик шаҳарларида оммалашган мазкур ташаббус барча давлат ташкилотлари қатори Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси томонидан ҳам қизғин қўллаб-қувватланди.

Шу куни Миллий марказ раҳбарияти ва ходимлари давлат транспорти хизматидан ва шахсий автомобиллар имкониятидан воз кечган ҳолда, ишга келиб-кетишда жамоат транспортидан фойдаландилар. Ҳамкасбларимиз орасида велосипед ҳайдаб ва ҳатто яёв ишга келганлар ҳам бор. Бу, ўз навбатида, жамоамизда соғлом турмуш тарзига эътибор тўғри йўлга қўйилганидан ҳам далолатдир.

Дарвоқе,  Миллий марказ биносида техник жиҳатдан замонавий жиҳозланган қулай ва шинам спортзал ишлаб турибди. Бу ерда иш орасидаги кичик танаффусларда жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланиш учун зарур шароитлар муҳайё этилган.

 

Ғулом МИРЗО

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech