Оҳангаронда фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказилди

29 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликка риоя этилиши ҳолати юзасидан аҳоли билан учрашув ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Учрашув Оҳангарон шаҳрининг 2-секторида бўлиб ўтди. Унда ИИБ, адлия, соғлиқни сақлаш, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, маҳалла фуқаролик йиғинлари, бошқа давлат ташкилотлари масъул ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ҳамда 20 нафардан ортиқ фуқаро қатнашди.

Иштирокчилар билан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик мавзусида самимий суҳбатлашилди. Қонунлар ижросини таъминлаш ва назорат қилишга масъул идоралар, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти бўйича атрофлича маълумот тақдим этилди.

Шундан сўнг фуқаролар билан сайёр қабул ташкил этилди. Бир неча фуқароларнинг турли масалалар бўйича мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

– Бундай юзма-юз ва жонли мулоқотлар асносида фуқароларимиздан мурожаатларни  қабул қилиш билан бир қаторда, ўз муаммоларига ечим топилгани учун уларнинг масъул идораларга миннатдорчилик изҳорларини ҳам тез-тез эшитиб турамиз, –  деди Миллий марказ Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Отабек Норбоев. – Бу, шубҳасиз, жойларда фуқаролар билан ташкил этилаётган учрашув ва сайёр қабуллар юртдошларимизга мақбул бўлаётганини, янада муҳими, уларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этишда муайян роль ўйнаётганлигини амалда тасдиқлайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech