Қандай қилиб шаҳарни барча учун очиқ қилиш мумкин?
43 ёшли Дилмурод Пардаев Самарқанд вилоятида таниқли шахс.
– Менинг болалигимни бахтли деб бўлмайди, у асосан касалхонада ўтган, — дейди суҳбатдошимиз. – Биринчи марта ҳассага суянганимни эслай олмайман, лекин бу осон бўлмади. Гарчанд психологик жароҳатни бошдан кечириш учун ўшанда жуда ёш бўлсам-да, бу ҳиссиёт кейинчалик, ўсмирлик давримда келди. Лекин ўзимни қўлга олдим, ўзимга ишонишим ва фақат ўз-ўзимга ёрдам бера олишимни тушундим. Атрофимдагилар менга ачинишини истамасдим. Жисмоний нуқсонга қарамай, муваффақиятга эришиш ва жамиятда етакчи бўлиш мумкинлигини ҳаётий тажрибам орқали исботладим. 2006 йилда ўрта мактабни тамомлаб, олий таълим муассасасида ўқишни давом эттирганман ва мана, 20 йилдан буён Ўзбекистон ногиронлар жамияти вилоят бўлимига раҳбарлик қилиб келмоқдаман.
Дилмурод Пардаев кўп йиллар давомида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда кўмак бериб келмоқда ва жисмоний ҳаракати чекланган инсонлар йўлида қандай ғовлар борлигини жуда яхши билади.
– Ногиронлар аравачасида ҳаракатланишдан кўра, ҳассада юриш осонроқ бўлса-да, ҳар куни шаҳар бўйлаб борар эканман, йўлда турли тўсиқларга дуч келаман, — дея суҳбатни давом эттиради қаҳрамонимиз. — Кўп ҳолларда пандуслар (ғилдиракли транспорт воситаларининг биридан иккинчисига ўтишига имкон берадиган платформа) шунчаки, хўжакўрсинга қурилганини кўраман. Биз жойларда юзлаб пандусларни ўрганиб чиқдик ва шундай хулосага келдикки, 90 фоизга яқин пандус ногиронлар аравачасидаги одам учун ҳақиқий ғов, улар ҳатто соғлом фуқаролар учун ҳам ҳалокатлидир. Афсуски, Самарқанд ва бутун Ўзбекистон бўйлаб инфратузилма ногиронлар учун мослаштирилмаган. Бинолар ва кўча сатҳида лифтлар, махсус жиҳозланган ҳожатхона ва бошқа шарт-шароитлар йўқлиги, эшитиш қобилияти заиф одамлар учун махсус навигация воситалари, тактил белгилари ёки индукция тизимлари мавжуд эмаслиги ҳақида нима дейиш мумкин?
Бугун шаҳарда ногиронлар аравачасидаги одамни деярли кўрмайсиз, чунки улар кўчага чиққанида кўплаб тўсиқларга дуч келиши мумкин – шаҳар маҳаллаларида пиёдалар йўлакларининг йўқлиги, кўплаб бордюрлар, зинапоялар, ариқлар, паст-баландликлар. Булар етмагандек доимий таъмирланаётган йўллар ҳаракати чекланган инсонларга қийинчиликлар туғдиради.
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Фойдаланишга топширилаётган янги кўчалар, турар-жой бинолари ва бошқа объектларда ҳаракатланиш имконияти чекланганлар учун қулайлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, яъни гўё ногиронларни ҳаётдан ўчиришда давом этмоқда. Шаҳарсозлик меъёрлари, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунларга риоя қилинмаяпти.
– Янги қурилган деярли барча бинолар, турар-жой бинолари, кўчалар, автотураргоҳлар, пиёдалар зонаси фойдаланишга топширилмоқда. Уларда қонунбузарликлар мавжуд, инфратузилма қулайлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Биз бугунда шаҳарни барчага очиқ қилиш йўлида биринчи қадамларни қўймоқдамиз, аммо қулай муҳит яратиш — бу фақат ривожланган давлатларгина кўтара оладиган улкан сармоядир. Бунда ҳукумат эътибори албатта керак, — дея суҳбатни давом эттиради Дилмурод Пардаев. — Тўғри, сўнгги йилларда вазият ўзгарди. Янги кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар қурилиши лойиҳасини имзолаш чоғида комиссия рўйхатларига киритилдик. Бундан буён бизга лойиҳа қурилишдан олдин тақдим этилади, агар пандус стандартларга жавоб бермаса, ўз таклифимизни билдиришга ёки объектни қабул қилишдан бош тортишга ҳақлимиз. Албатта биз ўрганиш, ривожланиш, жамиятдан ажралмаган ҳолда комил фуқаро бўлишни хоҳлайдиган инсонларга пешвоз чиқиш учун қадам ташлашимиз керак. Яшаш жойи омон қолиш муҳити бўлмаслиги керак.
Самарқанд вилоятида 95 мингдан ортиқ жисмоний имконияти чекланган фуқаролар бор, уларнинг 20 мингга яқини 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлардир.
Умид учқунлари порламоқда
Жорий йилнинг январь ойида давлат раҳбари «Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган бўлиб, унда туризмни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган камчиликларни аниқлаш ва туризм индустриясини ривожлантириш ҳамда мамлакатимизга хорижий сайёҳларни жалб қилиш учун инфратузилмани ривожлантириш бўйича таклифлар киритиш вазифалари белгиланган.
Ҳужжат эълон қилинганидан сўнг вилоят ҳокимлигида маданий мерос объектлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун шароитларни, жумладан, музейлар, театрлар ва турар жой биноларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.
– Ишчи гуруҳ томонидан 63 та маданият, спорт, маданий мерос объектлари, санаторий ва меҳмонхоналар, шаҳримиз меҳмонлари энг кўп ташриф буюрадиган масканларнинг барчаси ўрганилди, – дейди вилоят туризм бошқармаси вакили Асламжон Камолов. – Ўрганиш чет эллик меҳмонлар илк ташриф буюрувчи темир йўл вокзалида бошланди. Саёҳатни ўрганиш жараёнида бир қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, вокзалнинг санитария тармоғида ногиронларнинг ўзлари киришига имкон берувчи пандус йўқ ва бу ҳаммаси эмас. Шунингдек, ногиронлар аравачасидаги одамнинг ер ости йўлакчаси орқали темир йўлларига ўтиши ҳам имконсиз.
Вокзал яқинида жойлашган бозор ҳам тўсиқларга тўла. Кириш жойи фойдаланиш имкони бўлмаган рампа билан жиҳозланган. «Менга айтишди – мен қилдиқ. Фақат нима учун тушунмадим». Қоидаларга кўра, рампа 1:10 нишабга эга бўлиши керак. 1 метр баландликдаги зинапояга кўра, унинг узунлиги 10 метр бўлиши зурар. Лекин кўчаларимиздаги ўнлаб дорихона ва дўконлар орасида талабга жавоб берадиган бирорта пандус йўқ. Республика раҳбарининг фармони ногиронларга жиддийроқ эътибор қаратиш имконини беради, албатта. Бу борада дастлабки қадамлар аллақачон қўйилган.
Тўғри, кейинги йилларда айрим сайёҳлик масканларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлар аравачасида эркин ҳаракатланиши учун мадраса ташқарисида ҳам, ичкарисида ҳам пандуслар ўрнатила бошланди. Бундан ташқари, Улуғбек мадрасасида жойлашган музейда кўришда нуқсони бор инсонлар учун Регистон ансамбли макети ўрнатилган. Ушбу тартибдан улар тактил ўзаро таъсир қилиш имконияти туфайли ёдгорликлар ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлишлари мумкин. Бу ерда улар Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасалари ҳақида ҳам брайл алифбосидаги маълумотларга эга. Аммо объектларга бориш масаласи очиқлигича қолмоқда.
Ҳеч кимга сир эмаски, ногирон киши шаҳарга чиқишда қатор тўсиқларга дуч келади. Маъмурий биноларга кираверишда ҳам тўсиқлар мавжуд бўлиб, уларни кимдир сизни қўлида кўтариб кирсагина енгиб ўтиш мумкин. Биноларда лифтлар, махсус жиҳозланган ҳожатхоналар ва бошқа шароитлар йўқлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Шаҳар инфратузилмаси, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз киришини инобатга олган ҳолда янги объектларни қуриш бўйича асосий масъулият қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини назорат қилиш ҳудудий инспекцияси зиммасига юклатилган. Биз ташкилотга саволлар билан мурожаат қилган эдик, ҳеч қандай жавоб олмадик. Инсонда шундай туйғу пайдо бўладики, масъуллар шаҳарсозлик меъёрларининг бузилишини очиқ-ойдин тушуниб, лойиҳаларни маъқуллашда ва ишга туширишда давом этади, чунки ҳеч ким жазо чораларини кўрмайди. Юқоридан таъсир бўлмаса журналист саволларига жавоб бериш шарт эмас. Самарқандда қурилиш тартибсизликлари авжида, қоидага зид равишда янги иншоотлар қуриш давом этмоқда.
Жамоат транспорти янгиланиши керак
Жамоат транспорти ҳам ногиронлар учун тўсиқ бўлиб қолмоқда. Шаҳар орқага тортиладиган пандуслар билан жиҳозланган янги Хитойнинг паст полли автобусларини ишга туширди, бироқ улар бутун шаҳар эмас, балки маълум бир йўналиш бўйлаб ҳаракатланади.
– Фуқароларнинг барча эҳтиёжларини қондира олмаётган жамоат транспорти паркини янгилаш зарур, – дейди вилоят транспорт бошқармаси матбуот котиби Шерзод Халилов. – Шаҳарга яна 500 та автобус керак. Мутахассисларнинг фикрича, йўловчи ташиш транспорти қамрови шаҳар аҳолисининг 50 фоизини ташкил қилади. Самарқандда ҳар куни 250 та автобус қатнайди, шулардан 160 таси эски, ногиронлар аравачаси киролмайдиган «Исузу» автобуслари бўлиб, улар босқичма-босқич янгиларига алмаштирилади.
Ҳар бир объектни лойиҳалаш, битказиш ёки таъмирлашда одамлар, айниқса, ногиронларга қулай ва хавфсиз жой зарурлигини доимо ёдда тутиш керак. Бугунги кунда қурилаётган барча уйлар, яратилаётган инфратузилма ва жамоат транспорти ҳаммабоп бўлишига эътибор қаратиш зарур.
Замира Балтаева
Xabar.uz
- Қўшилди: 04.04.2024
- Кўришлар: 1725
- Чоп этиш