Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг маданий дипломатияси

Дипломатия – ташқи сиёсатнинг асосий бўғини сифатида мамлакатни дунёнинг барча давлатлари билан алоқасини таъминлайдиган, кенг мақсад ва стратегиядан иборат тушунча, ўзаро ва кўп томонлама ишончни мустаҳкамлаш усулидир.

Глобаллашув жараёни авж олган, халқаро муносабатлар тобора мураккаблашиб бораётган бугунги вазиятда миллий манфаатни таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш масаласи ўта долзарб аҳамият касб этади.

Дипломатиянинг муҳим йўналишларидан бири – “Маданий дипломатия” азалдан кишилик жамиятида қалбларни бирлаштирувчи муҳим восита ўлароқ баҳолаб келинган. Бугун “юмшоқ куч” дея таърифланаётган айни соҳа мамлакатлар ўртасида муҳим кўприк вазифасини бажармоқда. Бу омил, айниқса,  зиддиятли даврда дипломатик муносабат ўрнатишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

ЎзА нафақат мамлакатимиз, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга турли соҳа мутахассислари фикри орқали ушбу муҳим йўналиш – Маданий дипломатия хусусида мулоҳаза юритишга қарор қилди.

Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси спикерининг биринчи ўринбосари:

– Авваллари халқаро миқёсда мамлакатнинг қудрати, асосан, ҳарбий ва иқтисодий салоҳият билан ўлчанган. Эндиликда муайян давлатнинг тарихи ва маданиятини дипломатия воситалари орқали тарғиб этиш ташқи сиёсатнинг муҳим мезонларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бошқача айтганда, бугун маданий дипломатия ташқи сиёсатнинг энг самарали усулларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг бош мақсади – давлатнинг мустақиллиги ва суверенитети, халқаро майдондаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, республика ташқи иқтисодий манфаатини фаол илгари суриш, мамлакатлар билан дипломатик алоқани ривожлантириш.

Жорий йил 24-26 январь кунлари Боку шаҳрида “Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари” ўтказилиб, мамлакатимиздаги таниқли фан, санъат, адабиёт намояндалари Озарбайжонда бўлиб қайтди. Ташрифнинг илк куни делегациямизни ушбу қардош юрт Миллий Мажлиси Спикери Соҳиба хоним Гафарова қабул қилди.

Жуда гўзал тарзда ташкил этилган “Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари” доирасида парламентлараро ҳамда фан соҳасида, ёзувчи ва рассомлар, газета, журналлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди, санъат ва маданият ходимлари билан йигирмадан зиёд икки томонлама учрашув ташкил этилди.

Жумладан, Бокунинг энг диққатга сазовор масканларида тўртта йирик тадбир уюштирилди. Ҳайдар Алиев марказида Маданий мерос бўйича 80 жилдлик мажмуа тақдим этилди. Фузулий номидаги Қўлёзмалар Институтида “Маданий меросимиз Озарбайжон музейи ва кутубхоналарида” махсус томи топширилди. Энг ҳаяжонлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан чоп этилган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами тақдимоти ўтказилди. Боку давлат университетида Озарбайжон илмий жамоатчилиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Анжуманларда Ўзбекистон делегацияси билан бирга Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси, атоқли ёзувчи Анар Рзаев, унинг ўринбосари Салим Бабуллаўғли, шоир, ёзувчи, журналистлар Фахреддин Мейданли, Яшар Қосим, Гуламаил Мурад ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқани чуқурлаштиришда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси муҳим ўрин эгаллайди. Бу борада самарали фаолият кўрсатаётган озарбайжонлик олим ва тадқиқотчиларга Жаҳон жамияти номидан ташаккурнома топширдик. Шунингдек, Озарбайжон ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган юксак маънавий, маданий ислоҳот, кун сайин мустаҳкамланиб бораётган адабий алоқалар ҳақида сўз юритилди.

Умуман, Бокуда ўтган дўстлик кунлари, маънавият анжумани том маънода икки қардош халқнинг ўзаро эҳтироми, ҳурматига сазовор бўлди. Ўйлайманки, бундай тадбирлар маданий дипломатиянинг ёрқин муваффақияти орқали ўзаро муштарак мақсадларни амалга ошириш йўлида ҳаммамизга илҳом, қўшимча куч беради.

Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари:

– Қачон халқлар бир-бири билан дўст бўлади, миллатлар қадрдонга айланади? Менинг назаримда, биринчи навбатда, маданият, адабиёт, санъат аҳли бирлашганда, бир-бирини таниганда. Бошқача айтганда, аввал ижодкорлар бирлашади, кейин бу дўстлик миллатларни, халқларни яқинлаштиради. Халқлар дўстлиги эса давлатлар дўстлигига сабаб бўлади. Бу жараён пойдеворини адабиёт ва санъат намояндалари қўяди.

Бугун мамлакатимизда хорижий мамлакатлар билан маданий ва адабий алоқалар жадал ривожланмоқда. Айниқса, кейинги етти йил ичида бу борада улкан натижаларга эришдик, деб бемалол айта оламан. Шоир-ёзувчиларимиз, санъат аҳли дунёнинг турли бурчакларига бориб, ижодий фестиваллар, турли кўрик-танловларда иштирок этмоқда. Ўзим ҳам Ёзувчилар уюшмаси вакили сифатида Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби ўлкаларда ташкил этилган адабий анжуманларда қатнашдим.

Умуман, “маданий дипломатия” бугун пайдо бўлиб қолмаган, илдизи чуқур тушунча. Ҳазрат Навоий замонидан тортиб, Огаҳий яшаган даврда ҳам бўлган. Ҳозирги кўриниш, шаклда бўлмаса ҳам, барибир, адабий ва маданий алоқалар мавжуд эди.

Ўтмишда қалам аҳли дунё бўйлаб кўп саёҳат қилган, қаерга борса, ўша ҳудуд ижодкорлари билан танишган. Айни пайт икки халқ ижодкорлари бир-бири асарларини ўзаро тилларга ўгиришган. Бугун ҳам анъана давом этмоқда.

Ўтган йил Анқарада Туркий дунё ижодкорлари анжумани ўтказилди. Қувонарлиси, ўша жойда ҳеч ким таржимонга эҳтиёж сезмади. Адабий дўстона муносабат сабаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси туркий тилда сўзлашувчи мамлакатлар ижодий ташкилотлари билан меморандумлар имзолади. Бу муҳим ҳужжатлар туркий давлатларда ижод қилаётган қаламкашлар асарларини таржима қилиб, нашр эттирган ҳолда, Ўзбекистонда кенг тарғиб қилишни назарда тутади. Худди шундай ишни улар ҳам ўз мамлакатларида бажарадилар. Менимча, халқаро муносабатда маданий дипломатия дегани шу.

Дурбек Сайфуллаев, Тошкент давлат шарқшунослик университети проректори: 

– Янги Ўзбекистон маданий дипломатияси ташқи сиёсатининг етакчи сиёсий институтларидан бири сифатида замонавий мезон асосида шаклланиб, тадрижий равишда ривожланиб, давлатимиз халқаро ҳамжамиятда ўз ўрни ва обрўсига эга бўлиши учун салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Минтақавий ва глобал даражада дўстона алоқаларни кенгайтириш, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг имижини янада юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракат дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари, давлатлари томонидан муносиб эътироф этилмоқда.

2023 йил 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ҳамда маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган учрашув ўтказилди. Мазкур учрашувда давлатимиз раҳбари халқаро майдонда Ўзбекистон маданий дипломатиясининг ўрни ортиб бораётганига ҳам алоҳида тўхталди.

Дарҳақиқат, жаҳон ҳамжамиятида ўрни, позицияси ва обрўсини тобора мустаҳкамлаётган юртимиз учун дипломатиянинг ушбу тури ташқи сиёсатдаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда. Турли давлатлар билан, шунингдек халқаро ташкилотлар доирасида икки ва кўп томонлама сермазмун маданий дипломатия жадал илгари сурилаётгани, ҳукуматимиз томонидан соҳага ўта долзарб масала сифатида қаралаётгани эътирофга лойиқ.

Маълумки, маданий дипломатия ривожида халқаро фестивалларга мезбонлик қилиш жуда муҳим. Мамлакатимизда “Мақом”, “Бахшичилик”, Ҳунармандлик, “Лазги” каби халқаро фестиваллар ЮНЕСКО кўмагида ташкил этилиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари санъат усталари диёримизнинг тарихий шаҳарларида жамланмоқда.

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама маданий ҳамкорлик мамлакатимиз маданий дипломатиясининг устувор йўналишидир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ, МДҲ, ТУРКСОЙ ва айниқса, ЮНЕСКО каби ташкилотлардаги иштирокини сезиларли равишда фаоллаштирди.

Президентимиз 40 йилдан буён фақат Парижда ўтказиб келинаётган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясини 2025 йил қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорга ҳам алоҳида тўхталиб, ушбу нуфузли анжуманга ташкилотга аъзо барча давлатлардан вакиллар ташриф буюришини ҳамда ҳеч шубҳасиз, бу Ўзбекистон учун катта ишонч, айни пайт юксак масъулият экани, шунингдек халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатиясини ривожлантириш, бой маданий меросимизни халқимиз ва хорижий сайёҳларга кенг таништириш жараёни янги босқичга кўтарилишини таъкидлади. Маданий дипломатиямиз негизида, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Неча минг йиллар давомида ёрқин тарихий воқеалар силсиласида ўлкамизнинг бетакрор табиати ва турли маданиятларнинг бир-бирига илҳомбахш таъсири натижасида шаклланиб, равнақ топган Ўзбекистон халқининг бениҳоя бой ва ранг-баранг маданияти...” – тарихий-маданий меросимиз ётади.

Фарҳод Толипов, сиёсий фанлар доктори:

– “Маданий дипломатия”ни ўз номи билан умумий дипломатиянинг бир қирраси сифатида тушуниш керак.

Бу атама сиёсатшунослар тилида ёки халқаро муносабат соҳасида “юмшоқ куч” тарзида ҳам қўлланади. Яъни, ҳар бир мамлакат мана шу “юмшоқ куч” орқали халқаро ҳамжамиятда ўз жозибадорлигини оширади. Маданий дипломатияга адабий асарлар, маданий мерос ҳисобланмиш тарихий обидалар, ўлмас урф-одатлар, муайян халқнинг ўзига хослиги ва бошқа миллатлардан ажралиб турувчи хусусиятлари ҳам киради.

Бугун Ўзбекистон маданий дипломатиядан қай даражада самарали фойдаланмоқда? Қай тарзда жозибадорлигини оширмоқда? Бу ҳақда мулоҳаза юритганда соҳада қилинаётган ижобий ишлардан кўз юммаган ҳолда, муаммоли ҳолатларни ҳам эътироф этишимиз керак. Баъзан ҳудудларда тарихий объектларга зиён етказилаётгани, бузилиб, ўрнига савдо растаси ёки турар-жой мажмуаси қурилаётгани ҳақидаги хабарларни ўқиб қоламиз. Назаримда, маданий меросимиз ҳисобланган ҳар қандай иншоотни муҳофаза қилиш бўйича доимий иш олиб боришимиз шарт.

Туризм ўзига хос, жиддий эътибор талаб этадиган соҳа. Бу жараёнда жаннат монанд диёримизнинг тарихий масканлари, маданиятидан фахрланиш билан чекланмасдан, соҳани модернизация қилиш, замонавий хизматларни йўлга қўйиш орқали мамлакатни жаҳон саҳнасига олиб чиқиш зарур. Шундагина Ўзбекистоннинг маданий дипломатия йўналишидаги фаолияти самарали кечади, деб ўйлайман.

Яна бир оғриқли масала бор: ортиқча дабдаба, шов-шувли тўйлар, ҳатто, муайян ҳудуд маданияти ўлчами сифатида баҳоланиши ҳолатлари учраб туради. Бундай иллатлардан қутулиш, айни салбий ҳолатларни бартараф этиш, қайсидир маънода, маданий дипломатияни “тозалаш” жуда муҳим.

Биламиз, кўпгина давлатлар, дейлик, Хитой, Япония ёки Осиёнинг бошқа айрим мамлакатларида модернизацион жиҳат бор. Яъни, замонавийлик тарихий анъана, урф-одат билан ҳамоҳанг. Биз ҳам шу жиҳатга алоҳида эътибор беришимиз лозим. Ўзбекистоннинг маданий дипломатиясини тор маънода тушунмасдан, тараққиётни ҳисобга олган ҳолда ривожлантирсак, “юмшоқ куч”нинг қудрати ошиб бораверади.

Ўткир АЛИМОВ тайёрлади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech