Фуқаролик жамияти вакиллари томонидан 2023 йилги пахта мавсумида олиб борилган мониторинг натижалари эълон қилинди

Жорий йилнинг 5 апрель куни Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари ҳамкорлигида “Ўзбекистонда 2023 йилги пахта йиғим-терими даврида нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакилларининг меҳнат шароитлари, жумладан болалар ва мажбурий меҳнат мониторинги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда миллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ижтимоий-меҳнат муносабатларини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, фуқаролик жамияти институтлари ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Энг аввало соҳанинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, халқаро стандартлар жорий этилди, қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилинди. Кейинги йилларда мазкур йўналишда 40 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, ХМТнинг қатор халқаро конвенция ва баённомалари ратификация қилинди.

Давра суҳбати иштирокчилари ушбу жараёнларда институционал асосларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиб, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия фаолиятига тўхталдилар. Яна бир муҳим жиҳат – бу ишда фуқаролик жамияти вакиллари фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, тегишли Миллий маърузачи институти таъсис этилган бўлиб, бу миллий ва маҳаллий даражада ҳар томонлама ва самарали ишлаш имконини беради.

Маълумки, 2015 йилдан бошлаб Халқаро меҳнат ташкилоти пахта секторида болалар ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича “Учинчи томон мониторинги”ни ўтказиб келди. Унинг натижаларига кўра, сўнгги йилларда тизимли мажбурий меҳнатнинг йўқлиги қайд этилганди.

Халқаро меҳнат ташкилоти мониторинг ишлари бўйича асосий функцияни Ўзбекистон томонига ўтказгандан кейин Халқаро меҳнат ташкилоти методологияси асосида фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида пахтачилик соҳасида мониторинг ўтказиляпти.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Халқаро меҳнат ташкилоти учинчи томон мониторингидан ташқари Ўзбекистон касаба уюшмалари миллий мониторинги, Меҳнат инспекцияси мониторинги ҳамда парламент назорати ҳам йўлга қўйилган.

2023 йил якунлари бўйича пахтачиликда ўтказилган миллий мониторинг ва парламент назорати давомида болалар ва мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмаган.

Тадбирда 2023 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича ўтказилган мустақил мониторинг натижалари эълон қилинди.

         Ушбу мониторинг Халқаро меҳнат ташкилоти методологияси асосида фуқаролик жамияти фаоллари томонидан ўтказилди. Мониторинг натижалари йиғим-терим ишларида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати ҳолатлари аниқланмаганлигини, шунингдек, унда иштирок этганлар умуман мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганлиги эълон қилинди. 2022 йилда ушбу кўрсаткич  0,24 фоизни, 2021 йилда 1 фоизни, мониторинг ишлари бошланган 2015 йилда эса 14 фоизни ташкил қилган.

         Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суришни давом эттириш юзасидан янги қўшма чоралар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech