Бугун Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада Китобсевар миллат шиори остидаги IV Республика «Китобхонлик ҳафталиги»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда АОКА, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ахборот-кутубхона марказлари мутасаддилари, китобхонлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
Тадбирга сўзга чиққанлар мамлакатимизда китоб мутолаасини кенг жорий этиш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш давлат сиёсати даражасида тарғиб қилинаётгани, маҳаллий, шунингдек, хорижий адабиётларни сифатли таржима қилиш, умуман, таржима мактабини юксалтиришга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида эътироф этишди.
Шу жумладан, АОКА директори ўринбосари Ғ.Бозоров Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида адабиёт ва китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда оммалаштириш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларга берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан жорий йилда 50 га яқин болалар ва ўсмирлар ижодкорларининг янги номдаги китобларини ижтимоий буюртма сифатида чоп этиш, шунингдек, 2025-2030 йилларда ҳар йили энг камида 50 нафарга яқин ижодкорга ижтимоий буюртма бериш тизимини жорий этиш режалаштирилганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган лойиҳа доирасида сўнгги 5 йил давомида яратилган ва шу кунга қадар нашр этилмаган, ёшларга мўлжалланган ўзбек адабиётининг 15 номдаги энг яхши намуналари танлаб олиниб, нашрга тайёрланмоқда. Мазкур китобларнинг барчаси жойлардаги ахборот-кутубхона муассасаларига бепул етказиб берилади, деди Ғ. Бозоров сўзи давомида.
Эслатиб ўтамиз, ҳафталик Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида параллел равишда бўлиб ўтмоқда.
Ҳафталик доирасида –
сўнгги йилларда нашр этилган янги китобларнинг тақдимотлари, таниқли, ёш ва истеъдодли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар;
Тошкент вилоятидаги “Паркент” ижод уйида болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантиришга қаратилган ноширлар ва муаллифлар иштирокида семинар ва бошқа тадбирлар;
пойтахтимиздаги “Dream park” истироҳат боғида китоб савдо ярмаркаси ташкил этиш режалаштирилган.
Тадбирлар дастури билан қуйидаги ҳаволада танишинг.
Янги адабиётлар ва ижодга бефарқ бўлмаган барча китобсеварларни ҳафталикка фаол иштирок этишга таклиф қиламиз!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги расмий канали
- Қўшилди: 22.04.2024
- Кўришлар: 1704
- Чоп этиш