Жорий йилнинг 15-19 апрель кунлари Жиззах, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида жойлашган жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ҳамда махсус қабулхоналарда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кўрсатилган инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ҳамда Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия ва маъмурий жавобгарликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси аҳволи юзасидан мониторинг ўтказилди. Унда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат мониторинг гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Мониторинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги 4056-қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб амалга оширилди. Шунингдек, ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2024 йил биринчи ярмидаги иш режаси доирасида ташкил этилди.
Мониторинг жараёнида Миллий марказ мутахассислари иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Барқарор ривожланиш маркази директори Э.Саминов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги етакчи мутахассиси М.Ўринов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси етакчи мутахассиси Ш. Собиров, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳудудий масъул ходимлари З.Ачилов, С.Маманов, А.Ўринов ҳамда “Мадад” ННТ ҳудудий мутахассислари З.Хакимов, Ў.Мамаражабов ва С. Хожаназаров қатнашди,
Ишчи гуруҳи аъзоларининг асосий эътибори маҳкумлар, судланувчи, айбланувчи, гумондор сифатида ушланганлар сақланаётган ҳамда маъмурий жазоларни ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳуқуқларига риоя этилиши, уларга яратилган шарт-шароитларга қаратилди.
Мониторинг асносида Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар ИИО ФМБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида, Ш.Рашидов тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида, Сирдарё вилояти, Ховос шаҳрида жойлашган 8-тергов ҳибсхонасида сақланаётган ва маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш муассасаларида маъмурий жазони ўтаётган жами 40 нафардан ортиқ шахс билан суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларининг яшаш саҳнларида жойлашган маҳкумлар ётоқхоналари билан танишилди.
Жазо муддатини ўтаётган айрим маҳкумлар билан уларга яратилган шарт-шароитлар, озиқ-овқатлар сифати, меҳнат шароитлари, виждон эркинлигига риоя этилиши, муассаса ходимларининг муомаласи, тазйиқ ва зўравонликлар содир этилиши билан боғлиқ масалаларда очиқ суҳбатлар ўтказилди. Уларга жазо муддатини ўташ даврида белгиланган кун тартиби қоидаларига сўзсиз риоя қилиш, тартиббузарлик содир этмаслик – буларнинг барчаси, ўз навбатида, оила бағрига тез кунларда қайтиш учун имкониятни ошириши хусусида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳрида ва Сирдарё вилояти, Ховос шаҳрида жойлашган тергов ҳибсхоналарида ҳам мониторинг ўтказилди. Бу масканлардаги иши судда кўрилаётган, дастлабки тергов даврида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган аёллар ва вояга етмаган шахслар билан алоҳида ҳамда бирма-бир учрашув ва суҳбатлар уюштирилди.
Уларни қизиқтирган саволларга ишчи гуруҳ аъзолари томонидан зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Бунда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодекслари талабларига таянилди.
Самарқанд ва Жиззах шаҳарларида ҳамда Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида янгидан қурилган махсус қабулхоналар ҳамда реабилитация марказлари фаолияти билан яқиндан танишилди.
Айни жараёнда маъмурий ушланган шахслар ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролар билан суҳбатлар уюштирилди. Уларга яратилган қулай шароитлар ишчи гуруҳ аъзоларида ижобий фикр уйғотди. Бинобарин, буларнинг барчаси мамлакатимизда изчиллик билан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг натижаси эканини таъкидлаш жоиз.
Мониторинг ташрифи якунида тегишли вилоятлар ички ишлар идоралари масъуллари билан келажакдаги режалар, таклиф ва мулоҳазалари ҳақида суҳбатлашилди. Соҳа мутахассислари бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан очиқ ўртоқлашдилар.
Отабек НОРБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 22.04.2024
- Кўришлар: 1681
- Чоп этиш