«Китобсевар миллат» шиори остида «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида анъанавий «Китобсевар миллат» шиори остида IV республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди.

Мазкур йирик китобхонлик лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлар  ҳамкорлигида ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори ўринбосари Ғайрат Бозоров, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини оммалаштириш ишлари изчил юксалаётганини таъкидлади.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг 39-мақсади сифатида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни ривожлантириш вазифаси белгилаб берилди. Бунда, айниқса, «Китобсевар миллат» умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш масаласи устувор экани аҳамиятлидир.

Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш жараёнида ноширлик ва матбаа корхоналари фаолиятининг ривожланиши учун муҳим ҳуқуқий асос, қонунчилик ҳужжатлари яратилгани эътиборлидир. Жумладан, «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши нашриётларнинг бугунги кун талаблари даражасида, шунингдек, илғор халқаро тажрибалар асосида фаолият юритиши ва эркин ривожланиши учун барча имкониятларни яратиб берди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тақдим этган маълумотларга кўра, сўнгги 5 йилда ноширлик фаолиятини юритувчи тадбиркорлик субъектларининг сони сезиларли даражада ошди. Масалан, 2019 йилда юртимизда 161 та нашриёт фаолият юритган бўлса, 2024 йил 1 январь ҳолатига давлат рўйхатига олинган нашриётлар сони 532 тани ташкил этмоқда. Нашриётларнинг 11 фоизи давлат улушига эга бўлса, қолган 89 фоизи хусусий секторга тегишлидир. 2019-2023 йилларда нашриётлар томонидан ҳар йили ўртача 7,5 минг номдаги жами 231,1 миллион нусхада адабиётлар (дарслик ва ўқув қўлланмаларидан ташқари) чоп этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг «2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида соҳага оид бир қатор йўналишлар устувор вазифа сифатида белгиланган. Аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, олис ҳудудларда ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш шулар жумласидандир.

Шунингдек, китоб савдосини ташкил этиш тартибларини соддалаштириш, янги нашр этилган китобларни етказиш ва ахборот манбаларини тарқатиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг китобхонлик даражаси ва китобга қизиқишини тизимли ўрганиб бориш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга оид лойиҳа ва танловларни ташкил этиш, кутубхоначи кадрлар салоҳиятини ошириш ҳам бугун долзарб саналмоқда.

2023 йил 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида адабиёт ва китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда оммалаштириш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларга берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг 5 дан ортиқ қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди ҳамда белгиланган тартибда вазирлик ва идоралар билан келишувдан ўтказилмоқда.Жумладан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан болалар учун машҳур алломаларнинг илмий-маърифий мероси ҳақида улар томонидан ёзилган ҳамда уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятига бағишланган, махсус, ихчам асарлар яратиш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу лойиҳага кўра, жорий йилда 50 га яқин болалар ва ўсмирлар ижодкорларининг янги номдаги китобларини ижтимоий буюртма сифатида чоп этиш, шунингдек, 2025-2030 йилларда ҳар йили энг камида 50 нафарга яқин ижодкорга ижтимоий буюртма бериш тизимини жорий этиш режалаштирилган. Айтиш керакки, бу иш бошланди ва дастлабки босқичда 15 та асар учун ижтимоий-буюртма берилди ва шартномалар имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган лойиҳа доирасида сўнгги 5 йил давомида яратилган ва шу кунга қадар нашр этилмаган, ёшларга мўлжалланган ўзбек адабиётининг 15 номдаги энг яхши намуналари танлаб олиниб, нашрга тайёрланмоқда. Мазкур китобларнинг барчаси жойлардаги ахборот-кутубхона муассасаларига бепул етказиб берилади.

Анъанавий «Китобсевар миллат» шиори остида IV республика «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида жойларда сўнгги йилларда нашр этилган янги китобларнинг тақдимотлари, таниқли, ёш ва истеъдодли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, Тошкент вилоятидаги «Паркент» ижод уйида болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантириш бўйича ноширлар ва муаллифлар иштирокида семинар ва бошқа тадбирлар, пойтахтимиздаги «Dream park» истироҳат боғида китоб савдо ярмаркаси ташкил этиш режалаштирилган.

Китобхонлик ҳафталиги, умуман китоб мутолаасини кенг тарғиб қилиш орқали китобсевар миллатни шакллантириш, ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича эришилган натижаларни оммалаштириш ва давом эттириш мақсад қилинган.

 

Н.Усмонова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech