Ар-Риёд: Одам савдосига қарши кураш бўйича ҳамкорлик истиқболларига оид халқаро анжуман

24 апрель куни Ар-Риёд шаҳрида “Одам савдоси жиноятларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида халқаро семинар бошланди. Мазкур тадбир Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ва Одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.

Халқаро форумнинг  тантанали очилиш маросимида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Хала бинт Мазйед ат-Тувайжири хоним, Саудия Арабистони Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш ва инсон ресурслари вазири доктор Абдуллоҳ бин Нассер Абу Танин, Саудия Арабистони Жамоат хавфсизлиги бошлиғи генерал-лейтенант Моҳаммед Абдуллоҳ Ал-Бассами ва БМТнинг Саудия Арабистонидаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Муҳаммад Ал-Зурқаний сўзга чиқди.

Тадбирдан кўзланган мақсадлар:

биринчидан, одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий ва халқаро асосларни кўриб чиқиш;

иккинчидан, ушбу жиноятга қарши курашда илғор халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш;

учинчидан, соҳадаги глобал муаммоларни ҳал қилишнинг мақбул ечимларини топиш;

тўртинчидан, одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик борасидаги ибратли тажрибаларни оммалаштиришдан иборат.

Семинар доирасида одам савдосига қарши курашишда инсон ҳуқуқлари, шу жумладан аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда одам савдоси жабрдийдаларининг реабилитация ва реинтеграция қилиниши жараёнларини жадаллаштириш масалалари юзасидан экспертлар иштирокида муҳокамалар ўтказиш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳам назарда тутилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech