Америкалик ҳуқуқшунос олим билан учрашув

24 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Сиракуз университетининг таниқли ҳуқуқшунос олими Майкл Шварц билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш борасида ва ҳимоя ҳамда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Сўнгги икки-уч йил давомида мамлакатимизда инсон қадрини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Олий Мажлис томонидан ратификация қилинди.

Шунингдек, 2022 йилда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023 – 2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди ва изчил амалга оширилмоқда. Қолаверса, 2023 йил 28 июлда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг дастлабки миллий маърузаси БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига топширилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, шунингдек, АҚШнинг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларига оид анъаналари ва тажрибалари каби муҳим мавзулар атрофлича муҳокама қилинди. 

Халқаро экспертлар Ўзбекистон томонидан ижтимоий соҳада олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. Мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Ҳар икки мамлакат вакиллари учрашув доирасида муҳокама этилган барча мавзуларни теран таҳлил этиб, очиқ фикр алмашдилар. Самимий ва қизғин мулоқот иштирокчилар ўртасида илғор тажрибаларни алмашиш, янги ғоя ва ёндашувларни ўрганиш учун қулай имконият яратди.

Тадбир якунида Ўзбекистон ва АҚШ вакиллари иштирокида ўтказилган ушбу учрашув икки мамлакат ўртасидаги илмий ва ҳуқуқий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди. Муҳокамалар асносида таҳлил этилган соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишда икки мамлакат тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга келишиб олинди. Учрашув самимий ва ишчан руҳда ўтди.

 

Маълумот учун: АҚШнинг Сиракуз университети 1870 йилда ташкил этилган бўлиб, ўн учта мактаб ва коллеждан иборат. У Нью-Йорк штатининг марказида жойлашган хусусий тадқиқот университети ҳисобланади.

Профессор М.Шварц – халқаро ҳуқуқ соҳасида таниқли олим. Айни вақта ногиронларга ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича юридик клиника раҳбари лавозимида ҳам фаолият юритади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech