26 апрель – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф туғилган кун
“Ўғлим Ҳабибулла Саломов Хатирчида туғилган. Қизим Назира – Самарқандда, супра қоқдимиз Гуландом – Тошкентда таваллуд топишган. Келиним Машҳурахон – тошкентлик. Куёвим – Муҳаммад Юсуф – андижонлик. Еттита набирам бари пойтахтда туғилган...”[1].
Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг
“Толибнома” китобидан
Шоир шеър бағишлаган трамвайда сайр
Халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф раҳматлик домламиз Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг оқибатли куёви эди. Бу ҳақда дастлаб ХХ аср 80-йиллари охирида, талабалик давримда эшитганман.
Ўша кезлари бир гуруҳ курсдош йигитлар кечаси соат 22.40 да бизга маъруза ўқиган профессор Ғайбулла Саломовни кузатиб, бекатгача бирга чиқардик. Домланинг суҳбатидан узилиб кета олмасдик.
Аввал троллейбусда, сўнг Ғайбулла аканинг маҳалласидан ўтадиган трамвайда ҳам бирга кетардик. Устознинг ҳовлиси жойлашган кўча бошигача ҳамроҳ бўлиб борардик.
Домла билан хайрлашиб, уй-уйимизга қайтиш учун бекатда улов пойлар эканмиз, шундагина ҳаммамиз учун устоз йўл пули тўлаганлари эсимизга тушар ва ўзимизча хижолат чекардик. Бу хижолатпазлигимиз деярли ҳар гал такрорланарди.
Бекатда кечадиган шундай узоқ кутишларимиздан бирида, ўзбек филологияси факультети талабалари эмасмизми, орамиздан хабардорлиги кўпроқ кимдир мана бу мисраларни ёддан айтиб қолди:
Темир йўлга бошларин уриб
Ғилдираклар нолиб кетади.
Бодомзорга сени ҳар куни
Трамвайлар олиб кетади.
Ушбу сатрлардаги оҳангдорлик ва самимийлик мени дарров ўзига мафтун этди.
– Зўр-ку! Ҳозир ёздингизми? Давоми ҳам борми? – қизиқиб сўрадим курсдошимдан.
– Бу Муҳаммад Юсуфнинг шеъридан парча, – деди у.
– Домланинг қизига бағишланган ўша шеър, – қўшимча қилди бошқа курсдошим.
– Ростдан ҳам, мана, Бодомзорнинг трамвай бекатида турибмиз-ей – дея ҳаяжонини босолмай суҳбатга аралашди курсдошларимдан яна бири. – Шоир ўз маъшуқасини кузатиб қўйган трамвайда биз ҳам ҳар куни худди лирик қаҳрамон каби Бодомзоргача келиб-кетиб юрган эканмиз-да, қойил!
Ўша даврда Муҳаммад Юсуфнинг шеърий тўпламлари ҳали кам чиққан, нашр этилганлари ҳам тезда қўлма-қўл бўлиб кетарди. Ҳатто адабий газета ва журналларни ҳам матбуот дўконида узоқ навбатда туриб харид қилинадиган замонлар эди. Шунинг учун мен шоирнинг айни шу шеъридан бехабар эканман.
Кейинчалик Муҳаммад Юсуф билан “Шуъла” ижодий тўгарагида учрашув ўтказганмиз. Яна бир гал журналист дўстим Мурод Сурхон (Тўрамурод Раҳмонов) билан “Дўрмон” ижодий боғига шоирни йўқлаб боргандик.
Ҳар икки ҳолда ҳам Муҳаммад Юсуф билан юзма-юз танишиб, бемалол мулоқотда бўлиш имконияти туғилмаган. “Шуъла”даги ижодий учрашувда шоир ўзини ниҳоятда камтар тутган. Янги шеърларидан ўқиб бериб, ёш шоирлар билан мулоқотга фурсат ажратмай, тез кетиб қолганди.
“Дўрмон”га борганимизда эса шоирнинг кўзларига боқиб, илҳом дарди билан карахтлигини сезганман. Бундай дамларда ижодкорни чалғитиш керак эмас, у дардини қоғозга тўкиб олишига имкон яратиш лозим, тамом. Шунинг учун енгилгина сўрашиб, гурунглашишга қолмай, ортга қайтганмиз.
Шоир “миллатчи” эмасди
ХХ аср, 80-йиллар. Қиш фаслининг дам олиш кунларидан бирида Мурод Сурхон касал кўргани боришга таклиф қилиб келди. Муҳаммад Юсуф уйида бетоб ётган экан.
Бу вақтларда Муҳаммад Юсуфнинг обрў-эътибори жадал ортиб бораётганди. Мен бироз тайсалладим: беморнинг ҳолидан хабар олган яхши, аммо йўқлаб борадиган шоир киму биз ким?!
Мурод Сурхон Муҳаммад аканинг ниҳоятда камтар ва одамохун эканини айтиб, мени бирга боришга кўндирди.
Муҳаммад Юсуфнинг “Дархон” маҳалласида жойлашган тўққиз қаватли уйдаги хонадонини топиб бордик. Қўнғироқни чалдик ва бироз фурсатдан сўнг эшик очилиб, остонада шоир кўринди. Ҳақиқатан ҳам у шамоллаган экан, бетоблиги боис қорамағиз юзларидан ранг қочиб, ажинлари ҳам кўпайгандек эди, назаримда.
Шоир ичкарига киришга таклиф қилди. Эшик ортидан мўралаётган шоирнинг митти қизчаларини ва меҳмон кутишга тадорик кўра бошлаган Назира опани кўриб, хонадон аҳлини бемаҳалда безовта қилмаган мақбул, деган фикримни айтдим. Муҳаммад Юсуф бунга кўнди.
– Қизларим билан сайрга чиқишни маслаҳат қилаётгандик, – деди у синиқ ва ҳирқироқ овозда. – Ҳовлида кутсанглар, қорли кўчаларда бирга айланамиз.
Ҳовлига тушсак, аллақачон гавжум экан. Кун йилт этиб чиққанига маҳалланинг ҳамма болалари тоза ҳавога чиқибди. Қорда футбол ўйинини бошлаб юборган 9-10 ёшлардаги болалардан бири зарб билан тепган копток Муҳаммад Юсуф хонадони жойлашган подъезд айвончаси томидаги қорга ботиб қолди.
Болалардан бири шартта эшикка осилиб, унинг тутқичига оёқларини қўйди ва бир амаллаб томчага чиқди. Пастдагилар қанчалик сўрамасин, коптокни уларга бермасдан, ўзи билан олиб тушмоқчи бўлди.
Бироқ, қайтиб тушаётганида оёғи электр симига тегиб, бехосдан додлаб юборди. Сим учлари подъездга кириш чироғи ўрнатиш учун чиқарилган бўлиб, унга чироқ тугул патрон ҳам ўрнатилмаган, шу боис ҳимоя тасмаси билан омонат ўраб қўйилган экан. Эриган қор суви намиқтиргани учун бўлса керак, ҳимояланган симдаги электр токининг кутилмаганда қаттиқ “қитиқлаши” боланинг ўтакасини ёрай деди.
Энди унинг ҳали томчага чиқаётган вақтидаги шиддат-шижоати, том устида турганча шерикларига коптокни бермаган қайсар ва ғолибона кайфиятидан асар ҳам қолмаганди. Болакайни, бир томондан, қўрқув ва чорасизлик, бошқа томондан, офтоб нуридан панада қолган томча устидаги қор совуғи енгди. У аввалига ҳиқиллаб, кейин бор овозда ўкириб йиғлашга тушди.
Шу пайт эшикдан икки қизалоғини етаклаганча шоир чиқиб келди. Муҳаммад Юсуф томчадаги бола томонга кўз қири билан қаради-ю, вазиятни дарҳол илғади. Қизчаларини бизнинг ёнимизда қолдириб, уввос тортаётган мишиқи болага ёрдам бериш учун шошилди.
Томча тагига келиб, эшик тутқичидан тутди. Малласоч болага дастлаб эшикка, сўнг шоирнинг бошига, кейин елкасига навбатма-навбат қадам қўйишни у сўзлашадиган забонда, яъни рус тилида қайта-қайта тушунтирди. Унга тинимсиз далда бериб турди. Ниҳоят, бола лой аралаш қорга бўккан оғир пойабзаллари билан шоирнинг сочи, елкаси ва эгнини бирма-бир расво қилганича томдан тушиб олди.
Биз, нафақат биз, балки бутун ҳовли аҳли бу жараённи беҳаракат кузатиб турдик. Муҳаммад Юсуф кийган қора ва озода плашнинг елкасидан этагигача лойли излар қолганди. Мурод Сурхон билан иккимиз яқинимиздаги ўриндиқ устидаги оппоқ қор билан доғларни тозалашга ёрдам бердик.
Шу аснода хаёлимдан бир ўй ўтди: айни ўша даврда Муҳаммад Юсуфнинг совет ҳукумати жорий этмоқчи бўлган “оилани режалаштириш” сиёсатига қарши ёзган шеъри жуда машҳур бўлган эди. Шоирнинг “сариқ тўнғизлар болалайверсин, аммо ўзбек туғмасин, кўпаймасин экан-да” деган мазмундаги мисралари, айниқса, турли давраларда турлича талқинларга сабаб бўлаётганди.
Мен бу сатрларни битаётганимда, айнан ўша шеърни шоирнинг тўпламларидан излаб тополмадим. Аммо, мана бу мисраларига дуч келдим:
Бешикларга тўлиб кетсин бир ўзбеклар,
Тили чиқмай кўзи чақнар ҳур ўзбеклар —
Давлатбеклар, Эътиқодбек, Иймонбеклар
Бобожон, деб соқолларинг силаб турсин.
Бундай оловли сатрлар таъсирида бировлар Муҳаммад Юсуфни халқимизнинг нафақат болажонлигини, балки келажагини ҳам ҳимоя қилиб чиққан миллатпарвар шоир деб эъзозларди. Яна кимлардир эса уни “миллатчи”га чиқарган ҳолларга ҳам дуч келганман.
Қолаверса, шоирнинг кейинчалик “Ҳинду қўшиғи” сарлавҳаси билан сайланма китобига киритилган бир шеъридаги:
Чўчқа босиб кетди менинг боғимни,
Бири-биридан оқ, семиз чўчқалар, –
мисраси ҳам худди шундай талқинларга сабаб бўлган ўшанда.
Мен ана шу қарама-қарши фикрлардан бирдек бохабар, яъни икки ўтнинг орасида эдим. Мана, энди ҳолат бирдан ойдинлашганди.
Ўшанда шоир асло “миллатчи” эмас, аксинча, миллатсевар, халқпарвар ва инсонпарвар шахс эканига ўзим гувоҳ бўлганман.
“Бугуноқ менга қўлёзмангни етказ...”
1987 йили Дўрмонда республика ёш ижодкорларининг навбатдаги йиллик семинари бўлиб ўтди. Ўша пайтда журналистика факультетида таҳсил олаётган ижодкор дўстим Салим Ашур билан каминанинг илк шеърий тўпламларимиз ижодий анжуман ҳайъати томонидан китоб ҳолида нашр қилишга тавсия этилди.
Ижодий семинар якунлангач, шеърларим жамланган папка билан нашриётга бордим. У ерда Ёзувчилар уюшмасидан китобим нашрга тавсия қилингани ҳақида тавсиянома олиб келишим зарурлигини тушунтиришди.
Лекин Ёзувчилар уюшмасида тайёр бланкага исм-фамилиям ва китобим номини ёзиб, муҳр босиб бериши керак бўлган “шаир” акамиз буни тушунишни истамади. Эмишки, Дўрмондаги ижодий семинарда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Усмон Азим, Икром Отамурод ва бошқа катта-катта шоирларнинг оғзаки тавсияси Ёзувчилар уюшмасининг ушбу “тўравачча”сига ўтмас экан. Мен нашриётга тавсиянома олишга, умуман, китоб чиқаришга ҳали ёшлик қилар эканман.
Жаҳлим чиқди, аммо ўзимни босдим. Ўша ёқимсиз бюрократнинг ёнидан қайтиб келибоқ, қўлтиғимдаги қўлёзмали папкани уйнинг бир бурчагига улоқтирдим.
Китобим чиқмаса, чиқмас... Ёш бўлсам, бўлай... Ёшлигим – айбим эмас-ку?.. Шоирлигим ҳам...
Шундай кайфиятсиз юрган кунларимдан бирида Навоий-30 биноси олдида Муҳаммад Юсуфга дуч келдим. Сўрашдик.
– Ғулом, қўлёзмангни қайси нашриётга топширдинг? – деб сўради шоир. У мени аввалбошдан укасидек яқин олганиданми, доим “сен”лаб гаплашарди.
Мен ҳам тўлиб турган эканман. Дарров дардимни дастурхон қила қолдим. Фақат Ёзувчилар уюшмасидаги “тўравачча”нинг исм-фамилиясини айтгим келмади. Муҳаммад Юсуф, барибир, аниғини сўраб олди. Ўша бемаъни кимсанинг исмини эшитиши биланоқ фиғони кўкка ўрлади:
– У нодонни яхши биламан. Фақат ошхўру улфатлари ва ўйнашларига тавсиянома беради. Шеъриятга, адабиётга ҳеч қандай алоқаси бўлмаганларнинг қўлёзмаларини ўшандай тавсияномалар билан бизнинг нашриётга ҳам тинимсиз жўнатиб ётибди. Қоғози бошидан қолсин. Бугуноқ менга қўлёзмангни етказ, ука.
Муҳаммад Юсуф ўшанда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида иш бошлаган экан. Менга нашриёт биносининг нечанчи қаватидаги қайси хонадан уни топишим мумкинлигини айтди ва биз самимий хайрлашдик.
Тўғри, кейинчалик, Истиқлол арафасида республикамиз ҳаётининг бошқа барча соҳалари қатори ноширлик-матбаа тизими ҳам қайтадан ташкил топди. Нашриёт ва босмахоналарнинг айримлари ёпилди, янгилари очила бошлади. Бу орада Муҳаммад Юсуф ҳам бошқа ишга ўтиб кетди.
Шу тариқа 1987 йили нашрга тавсия этилган илк китобим фақат 1995 йилга келиб оқибатли шоир акаларимдан яна бири – Равшан Файзнинг шарофати билан чоп этилди. Қарийб ўн йил ичида китоб нашри билан боғлиқ сансалорликлардан роса безган эканманми, Равшан аканинг “Эртага қўлёзмангни менга етказ!” деган яхшилигига ҳам бефарқ қарабман.
Индинига ЎзАда – иш жойимда тенгқур шоир дўстлари Ўктам Мирзаёр, Тоҳир Доли, Абдимажид Азим билан гаплашиб турган Равшан Файзга яна дуч келдим. Шоирнинг дангал феъли бор эди. Мени кўриб:
– Тоғ кеча Сулаймоннинг ёнига бормаганди, бугун Сулаймон тоғнинг ёнига келди, – деди кулиб сўрашганича. – Энди гап тоғнинг қўлёзмаси тайёрлигида.
Хайриятки, нашриётдан қайтариб олинган қўлёзмамни янгилаб, ишхонамга олиб келиб қўйган эканман. Равшан акага шартта тутқаздим.
Орадан бирон ҳафта ўтиб, Равшан Файз қўнғироқ қилди ва китобга ном топиб беришимни сўради. Мен эса китобим чиқишига деярли ишонмай қўйгандим. Шунинг учун бўлса керак, ҳаяжондан дудуқланиб:
– Равшан ака, катта раҳмат сизга! Яхшиям сиз борсиз, – дедим.
– Ана, китобнинг номи ҳам аниқ бўлди: “Яхшиям сиз борсиз”. Бундан ҳам шоирона ном топиб бўладими!? – деган далдали сўзлар эшитилди симнинг нариги учидан.
Айтмоқчиманки, гарчи биринчи китобимга Муҳаммад Юсуф эмас, Равшан Файз масъул муҳаррирлик қилган бўлса-да, ана шу ҳар икки ажойиб шоир акаларимнинг оқибати туфайли илк маротаба ижод маҳсулим ўзбек шеърхонлари қўлига китоб ҳолида етиб борган.
Янада муҳими, навқирон онгу шууримда шоир ўз китобини нашр эттиришга ҳақли эканига бўлган ишонч янада мустаҳкамланган. Бунда Муҳаммад Юсуфнинг қайсарлиги, ҳақиқатгўйлиги ва холислиги муҳим ўрин тутган.
Ё шоир бўл, ё олим
Олий ўқув юртини тугатиб, диплом ҳимояси ташвиши билан юрган кезларим эди. Устозим профессор Ғайбулла Саломов Тошкент давлат университети Таржима назарияси ва амалиёти кафедрасига катта лаборант лавозимига ишга таклиф қилганидан Муҳаммад Юсуф хабар топибди.
Кўчада кўришиб қолганимизда, шу ҳақда гап очди.
– Тилак Жўра қандай шоир?
– Яхши шоир...
– Кўрдингми, яхши шоир, деяпсан. Агар Тилак ака илм билан ўралашиб қолмай, ўзини фақат шеъриятга бағишлаганида бундан ҳам зўр шоир бўларди.
Орага жимлик чўкди. Сўнг шоир мана бу мисраларни ўқиди:
Мен уни туғилмай туриб билардим,
Мурғак чоғ жаннатда юзин кўрганман.
Тегирмончиликни орзу қилардим,
Унга ҳавас қилиб шоир бўлганман.
– Бу “Тилак Жўра” деган шеъримдан бир мисра. Мен Тилак акани Ғайбулла акадан, сендан кам яхши кўрмайман. Илоҳий истеъдодни асраш, парваришлаш ва энг юксак имкониятларигача баралла намоён этишига йўл бериш керак, менимча...
Ўшанда Муҳаммад Юсуф билан орамизда ана шундай очиқ ва дангал баҳс-мунозара бўлиб ўтганди. Бундай қизғин муҳокамалар фақат оқибатли ака-укаларнинг орасидагина бўлиб туради, деб ўйлайман ҳозиргача.
Албатта, мен кафедрага ишга ўтиш орқали илм-фан йўлини узил-кесил танламагандим. Бобораҳим Машраб етти йил пири Оппоқхўжанинг этагидан тутиб яшаганидек, мен ҳам бир муддат Ғайбулла аканинг муриди бўлишни истардим, холос.
Муҳаммад Юсуф мени Таржима назарияси кафедрасига ишга ўтиш ниятимдан қайтара олмади. Энг қизиғи, бу ҳолат самимий муносабатларимизга ҳеч қандай соя ҳам солмади.
Шоир, ҳофиз ва жайрон ҳақида ҳангома
Таржима назарияси кафедрасида иш бошлаганимда, Ғайбулла ака оғир хасталикни бошдан кечиргани боис, ишхонага онда-сонда келардилар. Домладан хабар олгани, ўта зарур ҳужжатларни кўрсатгани ва имзолатгани Устознинг ҳовлисига тез-тез бориб турардим.
Домла билан суҳбатлар жуда мароқли бўлар, гурунгимиз қизигандан-қизир, ҳатто чўзилгандан-чўзилиб кетар эди. Шундай суҳбатлардан биридан сўнг алламаҳалда уйга кетишга шайландим.
Ғайбулла ака ҳам қоронғи тушиб қолгани учун ижозат бердилар. Дарвозахонагача чиққанимизда, иккимиз қадрдон меҳмонларга – шоир, куёв ва ака Муҳаммад Юсуф билан ҳофиз Маҳмуджон Азимовга дуч келдик.
Домла меҳмонларни ичкарига таклиф этдилар. Муҳаммад Юсуф ҳовлидаги сўрида ўтиришни маъқул кўрди. Ижодида зўр янгилик борлигини айтиб, мендан ҳам кетмаслигимни сўради.
Шаҳрибону кеннойим қанчалик уринмасин, меҳмонлар дастурхон тузашга оввора бўлмасликни, фақат бир чойнак чой кифоялигини айтдилар. Шу тариқа шоир билан ҳофиз – сўрининг бир томонига, профессор билан катта лаборант иккинчи томонга жойлашдик.
Юзларга фотиҳа тортилиши билан Муҳаммад Юсуф:
– Қани, ҳофиз, – деди ҳаяжонга тўлиб.
Ҳофиз торини созлагач, берилиб куйлай бошлади. Шоирнинг янги ёзилган “Жайрон” шеърига куй басталанган ва янги қўшиқ дунёга келган экан ўшанда, билсак.
Ҳофиз қўшиқни қайта-қайта куйлар, шоир ора-сира жўр бўлиб, баъзан эса қўлидаги пиёлани доирадек чертиб ҳам қўярди.
Зор йиғладинг бунча ҳам ҳайҳот, Менда ҳам бор сендаги сайёд... Эй беозор, эй мўмин жонзот, Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?..
Ушбу таъсирчан мисраларни сеҳрли куй ва соҳир овоз оғушида тинглар эканман, аста-секин мен ҳам шоир ва ҳофизга қўшилиб хиргойи қила бошладим. Домла эса қўшиқ ва мусиқа оҳангига сел бўлиб тебранардилар.
Ярим тунда ҳаво анча салқинлашди. Ҳофиз тинимсиз куйлаётгани учун баъзан тўхтаб нафас ростлар ва томоғига дам берарди. Шундай танаффуслар пайтида Домлам билан иккимиз иссиқ чой учун ошхонага бориб келардик. Шу орада Шаҳрибону кеннойим вақт алламаҳал бўлиб қолгани, уйда ёш аёлим чақалоғи билан ёлғиз кутаётганини аввал менга, сўнг Ғайбулла акамга эслатдилар.
Ростдан ҳам уйга кетмасам бўлмасди. Домла мени жўшқин даврадан хафагарчилик ва хайрлашувларсиз, ими-жимида чиқариб юбориш чорасини излай бошладилар. Бу осон эмасди. Чунки шоир ва ҳофиз тобора сел бўлиб куйларди.
Ниҳоят, жайронни йигирманчи ёки йигрима бешинчи маротаба “йиғлатганимиз”дан кейин Ғайбулла аканинг имлаши билан даврадан сездирмай узоқлашдим.
– Чиллаликсиз, келин билан неварам илҳақ кутишяпти-ку, ҳадемай трамвайлар ҳам ётиб қолади. Энди шоиру ҳофиз акаларингизни менга қўйиб беринг.
Устознинг дуоларини олиб, тонгга яқин дарвозадан сездирмай чиқиб кетдим. Ҳофиз ва шоирнинг ҳазин ноласи ортимдан бекатгача эргашиб борди...
Меҳмон ва биллур ликопчалар
ЎзАда иш бошлаган ва уй-жойим йўқлиги учун босмахонанинг оилавий ётоқхонасида аҳли аёлим билан бирга истиқомат қилган даврлар эди. Бир куни ишдан кеч қайтаётсам, истиқоматгоҳимиз яқинидаги Навоий-30 биноси ёнида ёлғиз ҳолда ва безовталаниб турган Муҳаммад Юсуфни учратиб қолдим. Саломлашдик, сўрашдик.
Шоир ўшанда нашриётда ишлар, қўшни Қозоғистондан ҳамкор ношир хизмат сафари билан келган ва иши битгач қайтиб кетишга кечикиб қолган экан. Истиқоматгоҳимизнинг иккита қуйи қаватида айнан хизмат сафарига келган ноширлар ва матбаачилар турадиган “Идоравий меҳмонхона” ташкил этилганди. Қозоғистонлик меҳмоннинг ёнида паспорти йўқлиги учун вахтада турган ўрис кампир уни меҳмонхонага жойлаштиришни рад этибди. Шоирни эса танимабди ва тан ҳам олмабди.
“Кампиршоҳ”нинг бундай феъли борлигини олдиндан билардим. Шунинг учун меҳмонхонага бевосита масъул акаларни безовта қилишимизга тўғри келди. Меҳмонни ўз хонасига жойлаштиргач, Муҳаммад Юсуфни хонадонимиздан бир пиёла чой ичишга таклиф қилдим. Шоир рози бўлди.
Тўртинчи қаватга кўтарилдик. Бу вақтда болаларим аллақачон ухлаб қолганди. Мен дабдурустдан Муҳаммад Юсуф билан бирга кириб борганимда, аёлим бироз шошиб қолди. Шоир эса саломлашгач, хотиржам ҳолда:
– Келин, шампунь борми? – деди.
Шоир сочини ювиб чиқди, мен узатган янги сочиққа артинди. Бу орада рафиқам кечки таом олиб келди.
– Акангиз билан бирга келишингизни айтганингизда ош дамлаб қўярдим, адаси, – деди аёлим хижолат бўлиб, қозонкабобли идишни дастурхонга қўяр экан.
– Паловни хуш кўрмайман, келин, худди шу таом менга ҳам ёқади ўзи.
Иштаҳа билан овқатландик. Сўнг меҳмонни зиёфатга таклиф қилмаганимиз эсга тушиб қолди. Шоир ҳамроҳининг қорни тўқлигини, мумкин бўлса, салат ё ширинлик билан чой олиб тушилса етарли эканини айтди.
Муҳаммад Юсуфни бекатгача кузатиб қўйдим. Қайтиб келсам, аёлим уй олганимиздан сўнг яхши кунларимизда ишлатамиз деган ният билан асраб юрган биллур ликопчаларни жавондан чиқариб, бирига конфет ва бошқасига салат тўлдириб турибди.
– Оддийроқ идишларга солиб беравермайсизми?
– Оддий инсоннинг эмас, машҳур шоирнинг меҳмонига булар, ахир!..
Эртаси куни ишдан келсам, меҳмонимиз тонг саҳарда юртига равона бўлган экан. Идоравий меҳмонхона хизматчилари столда қолган биллур идишларни қайтариб бермаган. Аёлим фақат бўш чойнак-пиёламизнигина олиб чиқибди.
Энди хотинимдан балога қолдим, деб ўйлагандим. Лекин, шукрки, рўзғоримизда бу ҳақда ҳеч қачон гап очилмади. Рост-да, асл шоирнинг ҳурмати учун иккита биллур ликопча нима бўпти!..
Ўнг қўл қоидаси
Муҳаммад Юсуфнинг меҳмонларини яна бир гал идоравий меҳмонхонага жойлаштирганимиз эсимда. Улар, янглишмасам, собиқ совет тузуми даврида узоқ йиллар хорижий мамлакатлар ҳудудида давлат топшириғи билан юрган андижонлик инсонлар эди.
Шоир ушбу меҳмонлардан бирига рус тилидаги икки жилдлик китобини нашр этишга кўмаклашган. Вақт тиғизлиги учун китоб тақдимоти меҳмонхонанинг торгина хонасида ўтказилди. Даврадагиларга янги китоблар тақдим этилди. Дастурхонга ош тортилишидан олдин Қуръон оятларидан ўқилди.
Тиловат асносида Муҳаммад Юсуф менга ниманидир имо қилаётганини кўрдим, аммо ҳеч нарса тушунмадим. Бир муддатдан кейин қарасам, у қўлларини кўрсатиб, менга яна ишорат қиляпти. Яхшилаб разм солсам, тиловат вақтида шоир чап қўлининг устига ўнг қўлини қўйган, мен эса, аксинча, ўнг қўлимнинг устида сўл қўлимни қўйиб турган эканман.
Гапнинг очиғини айтсам, аввало, шоирнинг бунчалик иримчилигидан энсам қотди. Қолаверса, мен ҳам бир мўмин-мусулмоннинг боласиман. Ота-бобом қишлоғимизнинг эътиқодли инсонларидан бўлганлар. Ҳатто шу “айб”лари туфайли советлар замонида ГУЛАГ азобларини ҳам кўрганлар. Шунинг учун мусулмончилик одобини шоир акамдан кам билмасам керак, деб ҳисоблардим. Ўша дамда, албатта, Муҳаммад Юсуфдан ранжидим...
Тез орада Қаршига йўлим тушди. Уйга бориб, ота-онамни зиёрат қилдим. Фурсати келганда, Муҳаммад Юсуфнинг мени ранжитган имоли танбеҳини отамга сўзлаб бердим. Отам узоқ ўйга чўмиб, аниқ бир фикр айтишга шошилмадилар.
Ўша куни қариндошларимизнинг келди-кетдиси билан бўлиб, бу мавзуда бошқа гаплашмадик. Эрталаб уйғонсам, отам Қаршининг Кўкгумбаз масжидига жума намозига кетибдилар. Тушдан кейин кўришдик.
Онам дамлаб келган чойни қайтариб, бир пиёладан учаламизга қуйдим. Отам қайноқ чойни оҳиста ҳўплар экан, салмоқлаб сўзлашга ўтди:
– Ўша шоир акангнинг билими пухта экан, Муҳаммад Юсуф катта домлалардан ҳам сабоқ олган чиқар-ов.
Мен ялт этиб отамга қарадим. Отам, кўзларимдаги гина ифодасини уқмагандек, сўзида хотиржам давом этди:
– Ёшлигида Мир-Арабда, кейинчалик дунёнинг яна қайсидир катта мадрасаларида узоқ йиллар ўқиган бир эшон бува мачитимизга намозга келиб туради. Бояги саволингга жавобни шу тақсирдан сўрадим.
Отамнинг пиёласи бўшади. Мен чой қуйиб, қайта узатдим. Бутун вужудим қулоққа айланди.
– Қори аканинг айтишига қараганда, бу масала Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда аниқ баён этилмаган. Аммо-лекин, мусулмончиликдаги ҳалол-ҳаром тушунчаларидан келиб чиқилса, ўнг қўл ҳамиша сўл қўлдан юқорида бўлиши мақбул экан, – шундай дея отам чуқур сўлиш олди. – Ишқилиб, ўғлим, сенга тўғри тарбия берилибди. Шу шоир акангдан кўп нарса ўргансанг бўлар экан...
Инсон бўғзидаги туйғуни ёзарди у
ЎзАда Муҳаммад Юсуф билан қисқагина фурсат бирга ишлаганмиз. Мен агентликнинг Халқаро ахборот таҳририятида иш бошлаганимда, шоир Республика ахбороти таҳририятида фаолият олиб борар эди.
Таҳририятларимизнинг мавзу ва йўналишлари ҳар хил бўлгани учунми, идорада кўришганимизда иш ҳақида ҳеч қачон гаплашмасдик. Ҳар галги гурунгларимиздан кейин кабинетимга қайтар эканман, ахборотнинг қуруқ ва ҳаммабоп тили шоирни зериктираяпти, деб ўзимча тахмин қилардим.
Шу фикримни тасдиқлагандек, Муҳаммад Юсуф тўсатдан ЎзАдаги лавозимини тарк этди. Муҳими, тезкор ахборот ҳукмрон муҳитда мен шеъриятнинг бадиий ва тахайюлий оламидан андак узоқлашиб қолган бўлсам, Муҳаммад Юсуф агентликда ишлаганида ҳам шеър ёзишдан сира тўхтамаган.
Айни чоғда, шоир ЎзАдан кетиши муносабати билан журналистика соҳасидаги фаолиятига ҳам нуқта қўйган, деган фикр нотўғри. Аввало, Муҳаммад Юсуф миллатсеварлик ва ватанпарварлик руҳи билан суғорилган аксарият шеърларида ўз даврининг энг қайноқ муаммоларини ҳар қандай забардаст журналистдан кўра фаол ва бадиий маҳорат билан кўтариб чиқди.
Шу маънода, Муҳаммад Юсуф ижодига нисбат берилганда, “Инсон бўғзидаги туйғуни ёзгани учун шеърлари ўқишли”, деган баҳо айтилиши бежиз эмас. Янада муҳими, шоир эл-юртнинг ғам-ташвишига асло бефарқ бўлмаган.
У қалтис ва ёпиқ мавзуларни ҳам бевосита ўрганиш учун ўзига хос “журналистик суриштирув”лар ўтказган. Бу фикрнинг тасдиғи сифатида битта мисол келтираман.
2020 йил 26 апрелда ЎзА сайтида (https://uza.uz) “Муҳаммад Юсуф жасорати” номли қисқагина мақола эълон қилинди. Унда, жумладан, шундай фикрлар бор:
“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Аҳмаджон Одилов ҳақида мақола ёзганлар ишдан четлатилиб, у ҳақида материал чоп этилган газеталар ёпилаётган бир пайтда Муҳаммад у ҳақида шеър ёзади. Шеърни “Одиловнинг олтини“ деб номлайди. Гўёки гап Одиловнинг рафиқаси ҳақида кетаётгандек тасаввур уйғотади сарлавҳанинг ўзиёқ. Аммо шеър ичида барча ўй-ташвишлар изҳор этилади. Жамиятни аяб ўтирмайди. Шоир шундай бўлиши керак, аслида”.
Мен, даставвал, Муҳаммад Юсуфнинг ушбу шеърини нега эслай олмаганимдан ҳайрон бўлгандим. Билсам, шеър шоирнинг фақатгина биринчи китобига киритилган, аммо бошқа тўпламларига кирмай қолган, айрим сабабларга кўра газеталарда ҳам чоп этилмаган экан.
Кейинчалик Аҳмаджон Одилов хотирасига бағишлаб унинг ўғли Анвар Аҳмаджонов ёзган ва нашр эттирган “Аҳмаджон Одилов: мардлик қонуни” китобида ушбу фикрларнинг яна бир тасдиғига дуч келдим. Муаллиф бу ҳақда шундай деб ёзади: “Севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф Аҳмаджон Одилов билан ош-қатиқ бўлмаган, ҳатто кўришмаган ҳам. Лекин бу инсоннинг фуқаролик позицияси, ватанпарварлик ҳисси баланд бўлган. Шу сабабдирки, отам ҳақидаги гаплар Муҳаммад Юсуфни бизнинг хонадонимизга бошлаб келган”[2].
Шоир амалга оширган “журналистик суриштирув” натижалари мана бундай шеърий сатрларда ўз ифодасини топган:
У кун Попга бордим ошиб довондан –
Олчоқ олтин излаб кавлаган йўлак.
Оддий бир ожиза, оддий айвонда
Набираларига тикарди кўйлак[3].
Тақлид ҳақида танбеҳ
Шоир билан кам гурунглашганмиз. Шунда ҳам асосан шеърият ҳақида гаплашиб, янги шеърлардан тинглардик.
Бир гал у “Ватаним” шеъридан мана бу бандни ўқиб берган:
Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!
Эндиликда машҳур қўшиқнинг авж пардасида куйланадиган ушбу сатрларни мисол келтирар экан, Муҳаммад Юсуф шеърий санъатнинг мен учун янги тури – битта ташбеҳни бир сатрда эмас, бир неча сатрларда ифодалаш, ҳатто бир ташбеҳни бутун мисра давомида кенгайтириб ва ривожлантириб бориш тажрибаси ҳақида фикр берганди.
Ҳа, Муҳаммад Юсуф ўзаро суҳбатларимизда баъзан шеърий санъатлар, баъзан шоир шахси ҳақидаги ўз тушунча ва қарашларини очиқ баён этарди. Масалан, унинг фикрича, шоир шахс сифатида тўлиқ шаклланган бўлиши керак. Бу фикрга қўшилардим, аммо...
Муҳаммад Юсуфнинг шоир ўзгаларнинг шеърларини, айниқса, ўзбек тилидаги ижод маҳсулларини иложи борича ўқимагани маъқул, деган мулоҳазаси менда эътироз туғдирарди. Шоир ўзигагина хос услубини сақлаб қолиши ва тақлид йўлига ўтиб кетмаслиги учун ҳам шундай қилиши лозим, деб ҳисобларди у.
Шоирнинг насрни мунтазам ўқиш, айниқса, Абдулла Қодирийдек моҳир сўз усталарининг “Ўткан кунлар” каби нодир асарларини синчиклаб мутолаа қилиш ва ўзбек тилининг сеҳру қудратга тўла салоҳиятини нафақат англаш, балки ўзлаштириш ҳам зарур, деган мушоҳадаларини маъқуллардим. Лекин, қанча баҳслашмайлик, Муҳаммад Юсуф шоирларни бошқа шоирларнинг шеърларини ўқишдан огоҳлантириш фикрида ҳар гал собит қоларди.
Энди чуқурроқ ўйлаб қарасам, қайсидир жиҳатдан, шоирнинг ўша гапларида жон бордек туюлади. Нега деганда, айнан Муҳаммад Юсуфга ўхшатиб шеър ёзишни “боплайдиган” айрим тенгқурларим, охир-оқибат, бировнинг йўлидан кетаётганини, бу ҳалокатли тақлид йўли эканини, бунақада шеъриятда ўзининг кичик бир сўқмоғини ҳам оча олмаслигини кеч тушуниб қолиб, ижоддан қўлиб совиган ва ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлган ҳолларга ҳам гувоҳ бўлдим.
Биз – курсдош эдик
1996 йили Президент девони ҳузурида Ахборот маркази тузилди ва журналистлар ўртасида ўтказилган танловдан ўтиб, шу ерда иш бошладим. Орадан бирон йил фурсат ўтгач, Президентнинг Кадрлар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари кабинетига чақирди.
– Оилавий аҳволингиз қандай?
– Қайси маънода?...
– Раҳбариятдан таклиф тушяптики, агар оилавий шароитингиз кўтарса, ўтган йили очилган Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олсангиз. Шунга нима дейсиз?..
Яратганга минг шукр, Худонинг борлигига ҳеч қачон шубҳа қилмаганман. Аммо, ҳаётда шундай дамлар бўладики, барибир, қайта-қайта Худойимнинг барҳақлигига имон келтираман. Бу гал ҳам шундай бўлди.
Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг очилиши ва илк тингловчилар таҳсилни бошлаши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда иштирок этганман. Янада аниқ қилиб айтганда, ЎзАнинг махсус мухбири сифатида ушбу тадбирни ёритишга масъул эдим.
Ўшандаёқ нуфузли ва замонавий Академиянинг илмий-ўқув салоҳиятига, тингловчиларга янгича билим бериш имкониятларига ҳавасим ортган. Қолаверса, олий ўқув юртини 1989 йилда битирганим туфайли эски замонда олган билимим янги даврда деярли иш бермай қўйганди. Бу ҳолат мустақиллик даврида журналистикадек илғор соҳанинг вакили сифатида самарали фаолият олиб боришимга тўсиқ бўлаётганди.
Шунинг учун Академиянинг қалдирғоч тингловчилари орасида ўтирар эканман, Яратган Эгамдан менга ҳам шундай жойларда ўқиш насиб этишини ўтиниб сўраганман. Мана, ўша эзгу ниятимни Худойим ижобат этмоқда эди.
Аммо ишхонам, яъни Президент девони имтиҳонларни топширишим билан боғлиқ ишларга аралашмас экан. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугашига атиги уч кун қолгани учун ёрдам тариқасида ишга киргунимча тўлдирган тиббий маълумотномамни олиб туришимга ижозат беришди, холос. Чунки у пайтларда қон топширилгач, таҳлили уч кундан сўнг чиқар, бундай ҳолатда ҳужжатларимни тўлиқ тахтлашга улгурмаслигим мумкин эди.
Талаб этилган барча ҳужжатларни топширдиму эртаси куни имтиҳонга бордим. Судья ва прокурорлар, вазир ва ҳоким ўринбосарлари, директор ва раислар – турли амалдорлар орасида шоир акам Муҳаммад Юсуфни ва тенгқур ёзувчи дўстимиз Собир Ўнарни кўриб бошим осмонга етди.
Имтиҳон ва тестлардан муваффақиятли ўтдик. Шу тариқа биз Президент Академияси тингловчиларига – курсдошларга айландик.
Устоз шогирдидан иқтибос олса!..
Президент Академиясида кун бўйи янги фанлар ва янгича услублар асосида жадаллаштирилган тарзда таҳсил олардик. Бир томондан, таҳсилнинг илк куниданоқ “Маънавиятшунослик” фанини ўрганишга киришганмиз, иккинчи томондан, бу борада айнан Устоз Ғайбулла акадан маъруза тинглаганмиз.
Олий ўқув юрти талабаси билан Президент Академияси тингловчиси орасидаги фарқ нимадалигини биласизми? Талабалар сабоқ вақтида “дарсдан ташқари юмушлар” билан шуғулланиш учун иложи борича охирги парталарда ўтиришни ихтиёр этса, аксинча, тингловчилар раҳбар шахс эканини ҳатто устозларга ҳам “кўрсатиб қўйиш” иштиёқида нуқул олдинги парталарни эгаллайдилар.
Ўшанда Муҳаммад Юсуф, Собир Ўнар ва камина ўқув залининг ўртароғидаги битта партани банд қилгандик. Домла аудиторияга кириб келганларида, бундай ёқимли тасодифдан учаламиз ҳам бирдек ҳайрон қолганмиз. Устозни дарсдан чалғитмаслик учун танаффусда юзма-юз саломлашишга келишиб олдик.
Ғайбулла ака, одатдагидек, самимий, равон ва қизиқарли маъруза қилдилар. Айниқса, мен Устознинг сабоқларини соғинган эканман, мириқиб тингладим.
Домланинг маърузалари вақти, назаримда, жуда тез тугади. Ғайбулла ака ўқиб-ўрганишимиз учун зарур адабиётларни тавсия қилдилар. Биз бирма-бир ёзиб олдик.
– Дарвоқе, маърузамда маънавият ва манманлик ҳақида гапирмабман, – дедилар Домла, тингловчилар дафтардан бош кўтаришлари ҳамон. – Каминанинг “Толибнома” номли мана бу китобида айни мавзуда ҳам фикр юритилган. Сотиб олишга мажбурламайман. Академия кутубхонасидан олиб ўқишингиз мумкин. Шунинг учун китобнинг мазмуни хусусида тўхталиб ўтирмай, фақат бир иқтибосга қисқача изоҳ бериш билан кифояланаман. Чунки шунинг ўзи ҳам маънавият ва манманлик мувозанатини сақлаш одобига шахсий тажрибамдан амалий мисол бўлса ажаб эмас.
Шундан сўнг Ғайбулла ака қайсидир муҳим сана арафасида кенжа шогирдларидан бири ўз шеърий китобини совға қилгани, одатда, олим-шогирдлардан Устоз шаънига обдон мақтовлар битилган мақола чиққан илмий китобларни, шоир-шогирдлардан эса ўзига бағишланган шеър бор саҳифасига дастхат битилган назмий асарларни қабул қилишга кўникиб қолгани учунми, ёш шогирднинг япроқдек китобчаси бошида битилган “нўноққина” дастхатдан таажжубланганлари, сўнгра китобчани бир неча бор варақлаб чиқиб ҳам, унда ўзига шахсан бағишланган алоҳида шеърни учратмагач, ҳафсаласизлик билан шеърий тўпламни ўқий бошлаганлари, биринчи шеърни ўқибоқ, бу назмий мисралар ғойибона айнан ўзларига аталганини ич-ичдан ҳис қилганлари, натижада китобдаги барча шеърларни мутолаа қилиш асносида Устоз-олим билан шогирд-шоир бир-бирига қалбан яқин инсонлар эканига иқрор бўлганлари, шунинг учун илк саҳифадаги саккиз сатрлик шеърни “Шоир номидан ўзимга бағишлов” деган битик билан янги китобларидаги фасллардан бирига иқтибос қилиб олганлари ҳақида сўзлаб бердилар.
Домла шеърий иқтибосни овоз чиқариб, ўқидилар. Не тонгки, бу каминанинг 1995 йили нашрдан чиққан “Яхшиям сиз борсиз” номли илк шеърий китобидаги мана бу мисралар эди:
Тушкунлик тумандек тарқалур.
Умидлар ўт каби ям-яшил.
Комронлик елида чайқалур
Кўнглимда кўллаган кўз ёшим.
Бошимдан булутдек ғам арир,
Бахт келар қуёшдек бус-бутун.
Руҳим – бир қалдирғоч сингари
Вужудимга қура бошлар ин[4].
Устоз шеърнинг охирги мисрасини ўқиб бўлиши билан Муҳаммад Юсуф ва Собир Ўнар ўрнидан туриб:
– Ўша кенжа шогирдингиз шу ерда, Домла, – дейишди бараварига. Энди ҳайрон қолиш навбати Устозга етганди.
Видонинг талх майин сипқордим
2003 йил 31 январь. Қишнинг совуқ тунида, бемаҳалда совуқ хабар келди. Ғайбулла ака қайтиш бўптилар.
Қанийди, одамзод бир умр совуқ хабарлар эшитмасдан, шод-хандон, беғам ва бахтиёр яшаб ўтишининг имкони топилса...
Бемаҳал, деймиз. Совуқ хабарнинг ҳам ўз вақти бўлиши мумкинми? Бехосият хабар интизор кутилармиди ҳеч маҳал...
Ғайбулла аканинг Бодомзордаги ҳовлисига етиб борганимда, Устозни ювиб-кафанлаб, уйнинг тўрига ётқизиб қўйишган экан.
Домла сўнгги йилларда нафақат хасталикларнинг зўридан, балки фарзанд доғи туфайли ҳам қуриб-қовжираб, бир ҳовучгина бўлиб қолгандилар. Мана, ҳозир кафан ичида жисм борлиги деярли билинмаслигига назар солар эканман, хўрлигим келди.
Бу орада марҳум атрофида ўтирган эркак-аёл шогирдлар – таниқли зиёлилардан айримлари кафаннинг бир четини очиб, менга Устоз билан видолашиш имконини бериш маслаҳатини ўртага ташладилар. Бошқа бировлари мен Ғайбулла акага қондош-қариндош бўлмаганим учун бу мумкин эмаслигини билдирди. Хуллас, Домланинг оёқларини кафан устидан қучоқлаб видолашишимга ижозат тегди ва шундай қилдим ҳам.
Устознинг жонсиз оёқлари, бамисоли сеҳрли бир калит мисоли, кўзларимдан ёшларнинг булоқдек отилиб чиқишига, юрагимдан ҳасратларимнинг ташқарига тинимсиз талпинишига йўл очди. Узоқ йиғладим, кўп йиғладим ўша тунда.
Отам, деб бўзладим. Чунки отамдек азизим эдилар Устозим. Чунки энди етим қолгандим, маънан етим...
Шу тариқа мотамзада тонг ҳам отди. Ёғоч отли Устозим таъзияли ҳовлиси тўла қадрдонлари билан сўнг бор видолашди.
Жаноза маҳалланинг “Бодомзор” масжидида ўқилди. Домлани “Минор” қабристонига қўйдик.
Тушдан сўнг, таъзияга келувчилар оқими сал камайганда, Муҳаммад Юсуф менга Домланинг вафоти муносабати билан таъзиянома ёзиб, газетада чиқариш кераклигини эслатди. У, ўзи айтганидек, куёв сифатида таъзияхонадан кета олмасди. Ўша дамларда қалам тутиб нималарнидир қоралаш кўнглимга сиғмаётган бўлса-да, шоирнинг даъватига кўра ишхонамга йўл олдим.
Домла билан боғлиқ хотираларим асосида шеърдек ўқиладиган насрий марсия ёздим. Энди тайёр матнни кўриб чиқаётганимда, телефон жиринглади. Мурод ака экан. Таъзияга бориб келишганини, таъзиянома эълон қилиш ҳақида Муҳаммад Юсуф билан гаплашганини, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг эртага чиқадиган сонидан жой банд қилиб турганини, иложи бўлса, таъзияномани тезроқ ва бутун зиёлилар номидан тайёрлашим мақбул эканини айтди.
Шундан сўнг хотираларимни қайтадан ёзишга ўтирдим. Қоронғи тушганда, таъзияноманинг янги варианти билан таҳририятга йўл олдим...
Бугун ўйласам, ўшанда ҳам Муҳаммад Юсуф менга акамдек меҳрибонлик кўрсатган экан. У менинг Устоз доғида қаттиқ куйганимдан хавотир олган. Ичикиб қолмаслигим учун таъзияхонадан узоқроқ бир муҳитда бўлишимни, ёзиш-чизиш билан имкон қадар чалғишимни истаган. Эҳ, акам, акам-а...
Ғулом Мирзонинг
“Салламно, Истиқлол!” китобидан
[1] Ғайбуллоҳ ас-Салом. Сайди Умр. Толибнома: Сени ўйлайман, болам. – Т.: “Шарқ”, 1996. – 87-бет.
[2] Анвар Аҳмаджонов. Аҳмаджон Одилов: мардлик қонуни. Хотиралар. – Т.: “BODOMZOR INVEST”, 2022. – 130-бет.
[3] Муҳаммад Юсуф. Эрка кийик: шеърлар тўплами. – Ёзёвон, 1992. – Фарғона вилояти матбуот бошқармасининг Марғилон шаҳар босмахонаси. – 37-бет.
[4] Ғайбуллоҳ ас-Салом. Сайди Умр. Толибнома: Сени ўйлайман, болам. – Т.: “Шарқ”, 1996. – 94-бет.
- Қўшилди: 26.04.2024
- Кўришлар: 1741
- Чоп этиш