РОБЕРТ БЛЮМНИНГ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ҲАҚИДАГИ КИТОБИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

2024 йил 26 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида швейцариялик дипломат ва давлат арбоби, Женева Дипломатик доираси раиси Роберт Блюмнинг француз тилидаги “Ўзбекистон – Марказий Осиё марвариди” (“L’Ouzbékistan «Perle de l’Asie centrale»”) номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбири “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган IV Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.

Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон  Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов, юридик фанлар номзоди, доцент Ҳайдарали Юнусов, шунингдек, Тошкентдаги француз альянси вакиллари, тилшунос олимлар, педагоглар, талабалар, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

–  Роберт Блюмнинг “Ўзбекистон – Марказий Осиё марвариди” номли китоби Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган етти устувор йўналиш, сайлов, суд-ҳуқуқ ва қонунчиликдаги тараққиёт, фуқароларнинг шахсий ҳамда сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш каби долзарб масалаларни қамраб олган, – дея таъкидлади академик Акмал Саидов. – Муаллиф китобни: “Янги Ўзбекистон узра қуёш порламоқда. Қуёш нурларини сочаётганлигини кўрдим”, деган фалсафий жумлалар билан якунлаганида ҳам юртимизда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчиликларида амалга оширилган демократик ва инсонпарвар ислоҳотлар эътироф этилган. Бетакрор фотосуратлар билан безатилган ушбу китоб ҳар бир хорижлик китобхонни умри давомида ҳеч бўлмаса бир бора мамлакатимизга – Марказий Осиё марваридига келишга ундаши шубҳасиз.

Тадбирда таъкидланганидек, китоб муаллифи Роберт Блюм таниқли сиёсий арбоб бўлиб, маданий-гуманитар ва савдо муносабатларининг тараққиётига қўшган ҳиссаси учун АҚШ, Италия, Тунис, БАА, Франция каби мамлакатларнинг давлат мукофотларига сазовор бўлган.

Француз тилидаги “Ўзбекистон – Марказий Осиё марвариди” китоби Европадаги машҳур нашриёт – “Atar Roto Presse SA” да чоп этилган. Мазкур нашриёт уйига 1896 йилда Женева шаҳрида асос солинган. У 1905 йилда “Atar” номи билан полиграфик брендга айланган. Кўҳна тарихга эга бўлган мазкур нашриёт уйининг устувор йўналишларидан бири – бу атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан ёндашиш орқали экологик қадриятларга содиқ қолиш ҳисобланади. Нашр ишларининг барча босқичларида қоғозлар форматини мақбуллаштириш, чиқиндиларни камайтириш ҳамда уларга қайта ишлов бериш, сертификатланган қоғозлардан фойдаланиш ва бошқа шу каби асосий қоидаларга алоҳида эътибор қаратилади. “Ўзбекистон – Марказий Осиё марвариди” китоби ҳам айнан ушбу қоидаларга риоя этилган тарзда энг экологик тоза материаллардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган.

– Бу китоб ишлаб чиқарилишига кўра дунёдаги энг экологик тоза китоблардан биридир, – деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев. – Муаллиф асарни мамлакатимизга бўлган самимий муҳаббат билан ёзган. Ушбу китоб Янги Ўзбекистон муваффақиятларининг халқаро миқёсдаги эътирофидир.

Китоб кириш, 7 бўлим, 26 боб ва хулоса қисмларидан иборат бўлиб, 275 саҳифадан ташкил топган. Унинг деярли барча саҳифасида миллий қадриятларимиз, маданий меросимиз ҳамда мамлакатимизнинг замонавий қиёфасини маҳорат билан ифодалаган фотосуратлар тақдим этилган. Китобдаги расмлар БМТнинг турли ихтисослашган муассасаларида узоқ йиллардан бери самарали фаолият юритиб келаётган таниқли фотограф Пьер-Мишель Виро томонидан суратга олинган.

Китоб тақдимоти йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Иштирокчилар ушбу китобнинг электрон шаклини тайёрлаб, мамлакатимизда оммалаштиришни таклиф этдилар.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech