26 апрель куни Тошкент шаҳрида «Универсал даврий шарҳ тавсияларини амалга оширишни мониторинг қилиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мезонларни ишлаб чиқиш истиқболлари» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ваколатхонаси ва “UPR INFO” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарда Олий суд, Бош прокуратура, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти, олий таълим муассасалари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ходимлари – жами 40 нафар вакил иштирок этди.
Тадбир очилишида даставвал Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова сўзга чиқди.
Д.Муратова ўз нутқида бугунги кунда давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш борасида, хусусан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларга қарши курашиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа барча йўналишларида кенг қамровли самарали чораларни кўраётганини қайд этди. Ушбу ислоҳотлар самаралари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий шарҳ бўйича Ишчи гуруҳининг 44-сессиясида Ўзбекистоннинг 4-миллий маърузаси кўриб чиқилиши асносида хорижий экспертлар томонидан юқори баҳолангани таъкидланди.
Семинарда Универсал даврий шарҳ мажбуриятлари ҳукуматлар томонидан ихтиёрий равишда қабул қилиниши ва улар миллий даражада амалга оширилиши орқали ҳурмат қилиниши кераклигига эътибор қаратилди. Ўзбекистон Универсал даврий шарҳ тавсияларини кўриб чиқиш масаласига мунтазам ижобий ёндашиб келаётгани эътироф этилди.
Универсал даврий шарҳ амалий жараён бўлиб, унинг ёрдамида ҳар бир давлат инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мажбуриятларини бажариш бўйича амалга оширган ишлари натижаларини эълон қилиши мумкин. Универсал даврий шарҳ орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажрибалар намуналари бутун дунё бўйлаб тарғиб этилади. Ҳозирги вақтда бошқа шунга ўхшаш самарали универсал механизмлар мавжуд эмас.
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлимининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий дастурлар мувофиқлаштирувчиси Ильдар Файзуллин Ўзбекистонга Универсал даврий шарҳ 4-цикли доирасида берилган тавсияларнинг барчаси муҳим эканлигига урғу берди.
Унинг қайд этишича, мазкур тавсиялар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш ва миллий қонунчиликни қабул қилишдан тортиб, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши чоралар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини қондириш амалиётини ўзгартиришгача бўлган кенг кўламли масалаларни қамраб олган.
Тадбирнинг ялпи мажлисидан сўнг қизғин мунозаралар 4 та шўъба доирасида ўтказилди. Муҳокамалар жараёнига “UPR INFO” халқаро нодавлат ташкилоти Дастурлар бош мувофиқлаштирувчиси Наргиз Арупова ҳам модераторлик қилди.
Сессия доирасида Универсал даврий шарҳ тавсияларини амалга ошириш учун мавжуд турли воситалар ва илғор тажрибалар, кўрсаткичларнинг ўрни ва аҳамияти кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини назорат қилиш учун тегишли индикаторлардан фойдаланиш механизмлари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро тавсияларнинг бажарилишини мониторинг қилишга оид кўрсаткичларни ишлаб чиқиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикрлашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.04.2024
- Кўришлар: 1605
- Чоп этиш