Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Янги Ўзбекистон Конституцияси: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда қуйи палата депутатлари, Сенат аъзолари, сиёсий партия фракциялари раҳбарлари, Конституциявий суд судьялари, илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов кириш сўзи билан очиб, ўтган йили 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилганини, Президентимиз конституциявий ислоҳотларнинг ҳам ташаббускори, ҳам илҳомлантирувчиси бўлганини алоҳида қайд этди.
Таъкидлаб ўтилганидек, янги таҳрирдаги Конституция билан Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ўзига улкан ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларни олди, мамлакат ўзини ижтимоий давлат сифатида эълон қилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари татбиқ этилди. Давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг самарали янги модели жорий қилинди.
Конституциямизда муайян меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигидан ёки қабул қилинмаганлигидан қатъий назар, Бош қомусимиз қоидаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш механизмлари мустаҳкамланди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид аниқ нормалар сони уч баробардан зиёд кўпайди. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари кенг кўламли масалаларни қамраб олган нормалар билан янада мустаҳкамланди.
Фуқаролар қонун лойиҳасини тўғридан-тўғри парламентга киритиш ҳуқуқига эга бўлди. Ушбу янги ташаббус фуқароларнинг ўз ҳаётига, умуман, жамиятга ва давлатга таъсир этувчи қарорлар қабул қилишдаги иштирокини оширишга қаратилгани Спикер томонидан алоҳида қайд этилди.
Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Конституциямизда унинг мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши, бутун мамлакат ҳудудида ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилганини алоҳида таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинган илк кунларданоқ, уни ҳаётга изчил татбиқ этишга жиддий киришилганига урғу берилиб, бу бўйича маърузалар тингланди.
Маълум қилинганидек, Президентимизнинг тегишли Фармони асосида Асосий қонунимизни амалга ошириш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилди, 5 та экспертлик кенгашлари тузилди. Олий Мажлис палаталари томонидан 38 банддан иборат Конституция моҳиятини тушунтириш бўйича комплекс дастур қабул қилинди. Асосий қонунимиз 377 минг нусхада (ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида) чоп этилиб, 99 та вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ва ҳудудий ташкилотларига тарқатилди. “Янги Ўзбекистон Конституцияси” ягона миллий портали “konstitutsiya.gov.uz” ва унинг мобил иловаси ишга туширилди.
Парламент, суд ва ижро ҳокимияти, жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари янгича конституциявий шароитда иш бошлади. Умуман, барча давлат органлари Бош қомусимизнинг ҳар бир қоидасини тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилишига масъуллиги бош мезон этиб белгиланди.
Олий Мажлис томонидан 100 га яқин қонунларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича дастур тасдиқланди. Судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўллаш бўйича Олий суд Пленуми қарори қабул қилинди. Биргина, ўтган бир йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаб, чиқарилган суд қарорлари 749 тани ташкил этган.
Конференцияда қайд этилганидек, ўтган даврда миллий қонунчилик базасини ташкил этувчи 30 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мослаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кўзда тутилди.
Ўзбекистоннинг демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни ривожлантириш концепциялари лойиҳалари тайёрланди. Принципиал аҳамиятга эга 50 га яқин муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Парламентнинг демократик қиёфаси тубдан ўзгарди. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари кенгайди. Парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби, қонунларни қабул қилиш жараёни такомиллашди. Сиёсий партия фракциялари раҳбарларининг мақоми ошди. Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпусини шакллантиришнинг янги тартиби ишлаб чиқилди.
Илмий-амалий конференцияда сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар, сенаторлар, олимлар ва бошқалар сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Конституциянинг аҳамиятига тўхталиб ўтдилар.
Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституцияни изчил амалга ошириш бўйича устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Унинг мазмуни ҳар бир давлат хизматчисининг кундалик фаолиятида, инсонлар ҳаётида аниқ акс этиши зарурлиги қайд этилди. Мазкур жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтиришга келишиб олинди.
Муҳокамаларда иштирокчилар томонидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Сўз — конференция иштирокчиларига
Иномжон ҚУДРАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун, биринчи галда, судлар мустақиллигини таъминлаш ва шу мақсадда судьяларнинг халқ депутатлари Кенгашларига ахборот бериш амалиётини бекор қилиш таклифи илгари сурилиб, унинг қабул қилинишига эришилгани эътиборга молик.
Барчамизга маълумки, судьяларимиз халқ депутатлари Кенгашларида мунтазам равишда ўз фаолиятига оид берган ахборотлари давомида суд қарорлари, айрим пайтларда эса ҳали юритувда бўлган ва ниҳоясига етмаган ишлар бўйича савол-жавоб қилишга мажбур бўлишарди. Бу, бугун биз мустақил, деб атаётган судларнинг фаолиятига аралашишга олиб келиши мумкин эди.
Шу боис, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 130-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритиши, 136-моддасида эса судьялар ҳисобдор бўлмаслиги қатьий этиб белгиланиб, уларнинг фаолиятига аралашиш омиллари бартараф этилди.
Шу билан бирга, ҳали суд-ҳуқуқ соҳасида қиладиган ишларимиз жуда кўплигини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, судьяларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш ҳали ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда. Бу борадаги ислоҳотларни амалга оширишда Асосий қонунимиз муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Акром ТОШПЎЛАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори:
— Парламентнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлардаги иштироки, ҳеч шубҳасиз, унинг фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашга бевосита боғлиқдир. Бу эса, Қонунчилик палатаси ва депутатлар фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни мутлақо янги тизим асосида ташкил этишни тақозо этади.
Шу боис, ўтган йили Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти негизида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди. Ўтган қисқа фурсатда тақдим этилган қонун лойиҳалари юзасидан илмий хулоса, ахборот-таҳлилий ва бошқа материалларнинг сони 150 тадан ошди. Хусусан, институт томонидан Қонун ижодкорлиги фаолияти дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент палаталари томонидан шу йилнинг февраль ойида тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда соҳанинг нафақат ташкилий жиҳатлари, балки қонунларнинг мазмунига қўйилган талаблар аниқ белгиланди. Айни пайтда шу асосда ўз вазифаларимизни самарали амалга оширмоқдамиз.
Акмал РАҲМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси:
— Мамлакатимиз тараққиёти, эртанги куни қандай бўлиши, аҳоли фаровонлиги, яшаш даражаси ошиши янги таҳрирдаги Конституциянинг руҳига қанчалик таянишимиз, уни ижтимоий-ҳуқуқий имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимизга, нормаларини чуқур ўрганишимиз негизида унинг талаб ва принципларини бевосита қўллаш ҳамда риоя қилишимизга кўп жиҳатдан боғлиқдир.
Қонунчилик палатасида ташкил этилган анжуманда бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдириб, амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб олдик. Жумладан, Конституциянинг устунлигини таъминлаш механизмларини излаш ва тадқиқ қилиш, амалдаги қонунчиликка Конституция норма ва принципларини янада тўлиқ сингдириб бориш, барча фуқароларда Конституцияга ҳурмат, унинг қоидаларига оғишмай риоя қилиш маданиятини шакллантириш масалаларига эътибор қаратиш Асосий қонунимизни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Бекзод НАРИМАНОВ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари:
— Қувонарлиси, янги таҳрирдаги Бош қомусимизда Омбудсманнинг конституциявий ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Хусусан, 56-моддада инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар мақоми ва кафолатлари белгиланган бўлса, 98-моддада Омбудсман институти қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишга хақли эканлиги мустаҳкамланди.
Асосий қонунимизни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни изчил рўёбга чиқариш ва жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси Конституция билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларни ўзида яққол ҳис этиб туриши учун Омбудсман институти парламент институти сифатида барча куч, салоҳият ва саъй-ҳаракатларни сафарбар этади.
- Қўшилди: 01.05.2024
- Кўришлар: 1616
- Чоп этиш