Академик лицей талабалари учун инсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарси

1 май куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган 2-сон Тошкент академик лицейида 2-курс талабалари учун инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича маҳорат дарси ўтказилди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.

Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Ф.Ҳайитбоев маҳорат дарси жараёнида сўнги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталди. Талабаларга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган моддалар 3 баравар кўпайгани, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури изчиллик билан амалга оширилаётгани юзасидан батафсил берди.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг  2023 йил 7 февралдаги қарорига асосан тасдиқланган иккита муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва ушбу Дастурни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га оид зарур ахборот тақдим этилди.

Маҳорат дарси давомида миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Бундай муҳим ва долзарб маълумотлар, шубҳасиз, талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш ҳамда ёшларимиз онгу шуурида инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришдек хайрли мақсадларга хизмат қилади.

Тадбир якунида Инсон  ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан академик лицей кутубхонасига ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар беғараз тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech