2024 йил 2 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Сингапур Парламенти Спикери Сиа Киан Пенг бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли давлатлараро муносабатларда янги давр бошлангани, Ўзбекистон ва Сингапур халқлари дўстлиги мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашув чоғида Ўзбекистон-Сингапур ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, маданий-гуманитар алмашинув бўйича мулоқотларни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Сингапур Парламенти Спикери сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, Тошкент инвестиция форуми мисолида бунинг гувоҳи бўлганини қайд этди. Мазкур форум икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда муҳим илғор ғояларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланганини юқори баҳолади.
Мулоқот чоғида шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини янада кенгайтириш масалалари хусусида ҳам сўз юритилиб, олий даражадаги келишувлар устидан биргаликда самарали парламент назоратини ўрнатишга келишиб олинди.
Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтди.
- Қўшилди: 03.05.2024
- Кўришлар: 1611
- Чоп этиш